Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (49-дарс). Ҳазрати Усмондан бошқа ким ҳам бу ишни қила олади?

14:30 / 04.09.2019 4368 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?» деб сўради. «Таом бермоғинг ҳамда таниган ва танимаганга салом бермоғинг», дедилар». 

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Бир киши Пайғамбаримиздан Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан шу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади: 

Биринчиси моддий яхшилик бўлиб, унинг энг боши бошқаларни таомлантиришдир. 

Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, унинг боши салом беришдир.

Шу билан бирга, савол берилган жой, вақт ва одамларнинг ҳолати ҳам эътиборга олинган. Айниқса, Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришни ҳам лозим санаганлар.

Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса, шунча оз. Чунки бу икки нарса инсониятга кўплаб хайр-барака келтиради.

Оч кишиларга таом беришни диннинг энг афзал амалларидан қилган яна бошқа қайси дин ёки мафкура бор?! Фақат Қуръони Карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисоблаган, ўзи муҳтож бўлса-да, таомини мискин, етим ва асирларга бериш мусулмонликнинг олиймақом сифатларидан эканини таъкидлаган. 

Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина–Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Фақат Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қойилмақом қилиб адо этишлари мумкин.

Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага ҳазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогарлар эрталабдан карвонни ўраб олдилар. Кимошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айт­ди. Молнинг эгаси – ҳазрати Усмон «Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. 

Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқдилар. Ҳаммасига ҳам ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: 

«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. 

Охири савдогарлар: «Мадинада биздан бошқа савдогар қолмади, сенга бундай юқори нархни ким ваъда қилди ахир?» деб сўрашди. 

Ҳазрати Усмон: «Аллоҳ таоло «Ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман», деган. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар.

Қани, ҳазрати Усмондан бошқа ким ҳам бу ишни қила олади?

Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай, одамлар ҳолидан хабар олиб юрарди. Бир аёл овқат топа олмаганидан қозонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ёқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаётганини кўрди. 

Халифа дарҳол ортга қайтиб, Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўради. Ҳамроҳи: «Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса, ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.

Ўзи овқатга муҳтож бўлиб турган оддий мусулмонларнинг қўлларидаги таомни ўзгага тутишлари фақат Ислом тарбиясидандир.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки, бирортангиз Исломини чиройли қилса, унинг қилган давоми...

4528 13:30 / 05.02.2020
. . Имрон ибн Ҳусайн алХузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, давоми...

1572 19:00 / 22.11.2023
. . Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .У киши айтадилар .Абу Қатода уйимизга кирди. Унга таҳорат суви қуйиб бердим. давоми...

2785 00:00 / 20.10.2022
. . Робийъа ибн Каъб алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга тунаган эдим. У зотга давоми...

1870 19:00 / 06 март