Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (101-дарс). Бадбахт ёки некбахтлик

13:09 / 02.09.2020 4975 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳар бир инсоннинг бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам, Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади. Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно ўша азалий илмни қайд қилиш, холос. Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарининг ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканлигини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила ўн кишининггина жаннатга кириши ҳақида башорат берганлар, холос. Қолганларнинг нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади.

Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас. Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб, қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишига мажбур қилиш эмас. Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир!

Эътибор берайлик, энди ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахт экакнликларини била олмасликлари баён қилинади. Пайғамбаримиз ҳадиснинг бу қисмини:

 «Ундан бошқа илоҳий маъбуд йўқ Зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса келажак гапнинг ўта муҳим эканлигига далолатдир.

«...албатта, бирингиз жаннат аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганида ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қилади-да, унга киради».

Одамнинг нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб, иши расво бўлиши мумкин.

«Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзахнинг орасида бир аршин қолганида ундан ўша китоб ўзиб кетиб, жаннат аҳлининг амалини қилади-да, жаннатга киради».

Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин. Шунинг учун ҳам, «Ақоид» уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб: «Аҳли қибладан муайян шахсни жаннатий ёки дўзахий эканлигига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.

Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг собиқ илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканлигини билдиради холос. Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи эканлиги баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда. Ҳеч ким «Умрим бўйича яхши амал қилдим, энди албатта жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади. Ҳеч ким «Мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди албатта дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқа томонга айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.

Ишларнинг хотимасига қараб, якун ясалади. Умр­нинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак. Яхшилик қилиб юрганлар охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак. Ёмонлик қилганлар қолган ҳар бир лаҳзани умрининг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак. Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда – кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришида!

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг содиқу масдуқликлари.

2. Инсон онасининг қорнида маний ҳолида қирқ кун жам бўлиши.

3. Инсон онасининг қорнида алақа ҳолида қирқ кун қолиши.

4. Инсон онасининг қорнида музға ҳолида қирқ кун қолиши.

5. Сўнгра инсонга руҳ пуфланиши.

6. Аллоҳ таолонинг ҳар бир инсоннинг ризқини, ажалини, амалини, бадбахт ёки некбахтлигини азалдан билиши.

7. Бу илмнинг инсон онаси қорнида турганида ёзиб, қайд қилиб қўйилиши.

8. Бирор гапни таъкидлаш учун Аллоҳнинг номи ёки сифати ила қасам ичиш жоизлиги.

9. Умр бўйи жаннат аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида дўзах аҳлининг амалини қилиб қўйиб, дўзахга тушиб қолиши мумкинлиги.

10. Умр бўйи дўзах аҳлининг амалини қилиб юрган одам охирида жаннат аҳлининг амалини қилиб, жаннатга кириб қолиши мумкинлиги.

11. Ўзининг яхши амалидан қувониб, бепарво бўлиш яхши эмаслиги.

12. Ўзининг ёмон ишларидан тушкунликка тушиб, ноумид бўлиш керак эмаслиги.

13. Қазои қадарга нисбатан иймоннинг мустаҳкам бўлиши зарурлиги.

«Ҳадис ва ҳаёт китобидан»

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қачонки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қулоқ осиш ва итоат қилиш ҳақида байъат қилсак, сизга, давоми...

3919 13:30 / 20.01.2021
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага давоми...

4435 14:00 / 05.05.2021
. . Абдуллоҳ ибн Файруз адДайламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Убай ибн Каъбнинг давоми...

4426 13:30 / 22.07.2020
. . .Эй Аллоҳнинг Расули, бизга динимизни худди ҳозир халқ қилинганимиздек баён қилиб беринг. Бугун нима учун амал давоми...

5513 13:00 / 01.07.2020