Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 13 шаъбон | 2024 йил 23 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Таяммумга ният лозимлиги | Ҳадис дарслари (256-дарс)

19:00 / 16.11.2023 692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Таяммум» сўзи луғатда «қасд қилиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса:

«Аллоҳга қурбат ниятида покловчи тупроқ моддасини махсус сифат ила икки қўл ҳамда юзга суртиш таяммумдир».

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: خَرَجْنَا مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي بَعْضِ أَسْفَارِهِ حَتَّى إِذَا كُنَّا بِالْبَيْدَاءِ أَوْ بِذَاتِ الْجَيْشِ انْقَطَعَ عِقْدٌ لِي فَأَقَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى الْتِمَاسِهِ وَأَقَامَ النَّاسُ مَعَهُ وَلَيْسُوا عَلَى مَاءٍ وَلَيْسَ مَعَهُمْ مَاءٌ، فَأَتَى النَّاسُ إِلَى أَبِي بَكْرٍ فَقَالُوا: أَلَا تَرَى إِلَى مَا صَنَعَتْ عَائِشَةُ؟ أَقَامَتْ بِرَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَبِالنَّاسِ مَعَهُ وَلَيْسُوا عَلَى مَاءٍ وَلَيْسَ مَعَهُمْ مَاءٌ، فَجَاءَ أَبُو بَكْرٍ وَرَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَاضِعٌ رَأْسَهُ عَلَى فَخِذِي قَدْ نَامَ، فَقَالَ: حَبَسْتِ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَالنَّاسَ وَلَيْسُوا عَلَى مَاءٍ وَلَيْسَ مَعَهُمْ مَاءٌ، قَالَتْ: فَعَاتَبَنِي أَبُو بَكْرٍ وَقَالَ مَا شَاءَ اللهُ أَنْ يَقُولَ وَجَعَلَ يَطْعُنُ بِيَدِهِ فِي خَاصِرَتِي، فَلَا يَمْنَعُنِي مِنَ التَّحَرُّكِ إِلَّا مَكَانُ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَلَى فَخِذِي، فَنَامَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى أَصْبَحَ عَلَى غَيْرِ مَاءٍ فَأَنْزَلَ اللهُ آيَةَ التَّيَمُّمِ - ﭺ ﭻ ﭼ   -. قَالَ أُسَيْدُ بْنُ حُضَيْرٍ وَهُوَ أَحَدُ النُّقَبَاءِ: مَا هِيَ بِأَوَّلِ بَرَكَتِكُمْ يَا آلَ أَبِي بَكْرٍ، فَقَالَتْ عَائِشَةُ: فَبَعَثْنَا الْبَعِيرَ الَّذِي كُنْتُ عَلَيْهِ فَوَجَدْنَا الْعِقْدَ تَحْتَهُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у зотнинг сафарларидан бирига чиқдик. Байдаа ёки Зотул Жайшда эканлигимизда мунчоғим узилиб кетди. Уни ахтариш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб қолдилар. У киши билан бирга одамлар ҳам туриб қолишди. Улар сув ёқасида эмас эдилар, ўзлари билан бирга сувлари ҳам йўқ эди. Одамлар Абу Бакрнинг олдига бориб:

«Оишанинг нима қилганини кўрмайсанми?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва у киши билан бирга одамларни ҳам тутиб қолди-ку! Одамлар сув бор жойда ҳам эмаслар, ўзлари билан сувлари ҳам йўқ», дедилар. Абу Бакр келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб, ухлаб қолган эдилар. Бас, у (Абу Бакр) менга:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ва одамларни тутиб қолдинг. Улар сув бор жойда ҳам эмаслар, уларнинг сувлари ҳам йўқ», деди.

Абу Бакр мени итоб қилиб, Аллоҳ нима дейи­шини хоҳлаган бўлса, ўшани деди ва қўли билан биқинимга ниқтай бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сонимга бошларини қўйиб ётганларигина мени қимирлашдан ман қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ухлаб туриб, уйғонсалар, сув йўқ экан. Бас, шунда Аллоҳ таяммум оятини нозил қилди. «Бас, пок тупроқ ила таяммум қилинглар», деди. Усайд ибн Ҳузайр (у нақиблардан бири эди):

«Эй Оли Абу Бакр, бу сизнинг биринчи баракангиз эмас», деди.

Оиша айтади:

«Сўнг мен минган туяни турғизган эдик, мунчоғимни ўшанинг тагидан топдик».

Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолган Байдаа ёки Зотул Жайш номли жойлар Мадинаи Мунаввара билан Маккаи Мукаррама орасидаги маълум жойлардир.

Ушбу ҳодиса билан танишар эканмиз, саодат замонида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ саҳобаи киромлар ҳаётидан, ўшал ўхшаши йўқ ажойиб жамиятнинг ўрнакли ҳаётидан бир лавҳанинг шоҳиди бўлдик. Бу улуғ ҳаёт содда, камтарона ҳаёт ҳам эди.

Оиша онамизнинг мунчоқлари тушиб қолиб, охирги замон Пайғамбари бошлиқ бутун бошли бир аскарни тўхтатиб қолган, уларни машаққатга солган мунчоқлари ўн икки дирҳам (тийин) қийматга эга бўлиб, уни ҳазрати Оиша опалари Асмо розияллоҳу анҳодан қарзга олиб таққан эдилар. Лекин худди ана шу ўн икки дирҳамлик мунчоқ мусулмонларга қиёмат кунигача осонлик яратувчи ҳукм – таяммум ҳақидаги Қуръон оятининг нозил бўлишига ҳам сабаб бўлди.

Ҳа, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги Ислом жамияти ҳаёти ана шундай ажойиб ҳаёт эди. Бу ҳаётга Аллоҳ таолонинг Ўзи аралашиб, гоҳо Расули орқали, гоҳо Қуръон орқали тузатишлару йўлланмалар юбориб турар эди. Йўқолган мунчоқ ҳам, бир саҳобийнинг хатоси ҳам оламшумул аҳамиятга молик ишга айланиб кетиши ҳеч гап эмас эди.

Бунинг устига Ислом жамиятининг аёл кишига бўлган эҳтиромини қаранг! Ўн икки дирҳамлик мунчоқ учун қанчалик ишлар бўлиб кетди. Оиша онамизга бўлган бу ҳурмат бошлиқнинг хотини бўлганлари учун, эрларининг мавқеълари учун, саҳобалар томонидан бўлаётган тилёғламачилик ёки хушомад эмас эди. Балки кўпчиликнинг чин қалбдан қилаётган эҳтироми эди. Баъзи кишиларнинг Оиша онамиз устиларидан у кишининг оталари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга шикоят қилишлари шуни кўрсатиб турибди. Яъни, норози бўламан, шикоят қиламан, деганларга йўл очиқ эди. Ўша шикоят қилган кишиларга ҳеч ким ҳеч нарса демагани фикримиз тўғри эканлигига далилдир.

Мазкур оддий ва содда, пок ва олий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошчиликларидаги, саҳобаларнинг иштирокларидаги ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг аралашувидаги намунали ҳаёт ўзининг барча баланд-пастликлари билан Қуръоннинг ҳаётга татбиғи ва қиёматгача мўмин-мусулмонларга ўрнак бўладиган, турли ҳукмлар ва ҳикматлар келиб чиқадиган ҳаёт эди.

Келинг, ушбу ўзимиз ўрганаётган ҳадисдаги келтирилган мисолдан ўша улкан ва соф ҳаётнинг бир парчасидан қанчалар фойда олишимизни биргалашиб кўриб чиқайлик:

1. Эр сафарга ўзи билан хотинини олиб бориши мумкинлиги.

Агар бу ҳодиса ғазот учун чиқилганда бўлганини эътиборга оладиган бўлсак, ҳатто урушга ҳам олиб бориш мумкинлиги.

2. Аёл кишининг эри учун ўзини безаб кўрсатиш мақсадида мунчоқ ва шунга ўхшаш тақинчоқлар тақиши жоизлиги.

3. Ўзида йўқ тақинчоқни бировдан қарзга олиб тақиш мумкинлиги.

4. Бировдан қарзга олинган нарса билан сафарга чиқиш мумкинлиги.

5. Йўқолган нарсани излаш кераклиги.

Чунки Исломда молни беҳуда зое қилиш ман қилинган.

6. Аёл кишининг кўнгли учун унинг нарсасини топишда ёрдам бериш зарурлиги.

7. Аёл кишининг баъзи хархаша ва ноқулайлик келтириб чиқаришларига нисбатан сабрли бўлиш лозимлиги.

Ушбу мисолда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга бир оғиз сўз айтмаганлар.

8. Оилали аёл устидан эри туриб, отасига шикоят қилиш мумкинлиги.

9. Бирор кўнгилсиз ишни унга сабабчи бўлган одамдан кўриш саҳобалар ичида ҳам бўлганлиги.

10. Таҳорат суви йўқ жойда тўхтаб туриш мумкинлиги.

11. Ота эри билан ўтирган қизининг олдига рухсатсиз кириб бориши мумкинлиги (албатта, олдиндан розилик бўлса).

12. Ота оилали, уйли-жойли қизига ҳам одоб беришга ҳаққи борлиги.

13. Хотинининг сонига бош қўйиб ухлаш мумкинлиги.

14. Ухлаётган одамга озор етмасин, деб, машаққатга сабр қилиш лозимлиги.

15. Сув йўқ бўлганда таяммум қилиш жоизлиги.

16. Таяммумга ният лозимлиги.

17. Таяммум барчага баробар эканлиги.

18. Оиша онамизнинг фазллари.

19. Оли Абу Бакрнинг баракали эканлиги.

Бошқа бир ривоятда ушбу ҳодисадан кейин Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамизга:

«Мунчоғингнинг баракаси қанча ҳам кўп экан», деганлари ва яна бошқа бир сафар Усайд ибн Ҳузайр у кишига:

«Сенга қачон ўзинг ёқтирмайдиган бир иш бўлса, албатта, ундан Аллоҳ мусулмонларга яхшилик келтиради», деганлари зикр қилинган.

20. Ислом енгиллик, кишиларни машаққатга қўймайдиган дийн эканлиги. Сув топа олмай, қийналиб турган кишиларга тупроқ ила таяммум қилишга рухсат берилганлиги шундандир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Садақанинг фазли 6тавсия Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Эй Каъб ибн Ужра Ҳаром мол билан давоми...

4102 17:00 / 08.04.2016
. . Абу Умома алБоҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди бири давоми...

3273 19:00 / 15.12.2021
Аллоҳга тавба қилишнинг фазли 11тавсия Ағарр ибн Ясор Музаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй одамлар, Аллоҳга тавба давоми...

4569 05:00 / 28.02.2017
Аллоҳ таолога сажда қилишнинг фазли 5тавсия Маъдон ибн Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари озод давоми...

5246 05:00 / 11.03.2017