Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 13 рабиъул аввал | 2023 йил 28 сентябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (56-дарс). Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир

14:05 / 23.10.2019 3874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: أَكْمَلُ الْمُؤْمِنِينَ إِيمَانًا أَحْسَنُهُمْ خُلُقًا وَخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийcи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқнинг комил иймонга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар.

Ислом ҳусни хулққа катта эътибор беради. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Аммо, бу ҳадиси шарифнинг комил иймон бобида келтирилишига сабаб – ҳусни хулқнинг иймон комил бўлишида ҳам муҳим омил эканлигини таъкидлашдир.

Яхши хулқ очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон икки дунё саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар.

«Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири шуки, бирор аҳамиятли мавзу омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуга тегишли энг муҳим нарса алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда: 

«Сизларнинг яхшиларингиз хотинларингизга яхшилик қиладиганларингиздир», деб таъкидланмоқда.

Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқалар билан яхши муомалада бўладилар-у, хотинлари билан муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайларни халқимиз «кўча хандон, уй зиндон» дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканлигини айтганларидан сўнг, бунда фақат бегоналар билан муносабатгина эмас, балки энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.

Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.

Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари, деб алоҳида таъкидлангани эса Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.

Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:

1. Ҳусни хулқли бўлиш.

2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.

Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканлигини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лаҳзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик, мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик, мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши айтадилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир соъдан беш муддгача бўлган сув билан ғусл қилар давоми...

1512 19:00 / 23 март
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош давоми...

2695 14:00 / 07.04.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бир идишдан икковимиз ҳам жунуб ҳолимизда ғусл давоми...

897 19:00 / 20 сентябрь
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради .Эй Аллоҳнинг Расули, давоми...

1853 19:00 / 31.08.2022