Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис (168-дарс) Ҳидоят ва илмдан бебаҳра қолмайлик!

17:00 / 12.01.2022 3553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي مُوسَى رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَثَلُ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ مِنَ الْهُدَى وَالْعِلْمِ كَمَثَلِ الْغَيْثِ الْكَثِيرِ أَصَابَ أَرْضًا فَكَانَ مِنْهَا نَقِيَّةٌ قَبِلَتِ الْمَاءَ فَأَنْبَتَتِ الْكَلَأَ وَالْعُشْبَ الْكَثِيرَ، وَكَانَتْ مِنْهَا أَجَادِبُ أَمْسَكَتِ الْمَاءَ فَنَفَعَ اللهُ بِهَا النَّاسَ فَشَرِبُوا وَسَقَوْا وَزَرَعُوا، وَأَصَابَ مِنْهَا طَائِفَةً أُخْرَى إِنَّمَا هِيَ قِيعَانٌ لَا تُمْسِكُ مَاءً وَلَا تُنْبِتُ كَلَأً فَذَلِكَ مَثَلُ مَنْ فَقُهَ فِي دِينِ اللهِ وَنَفَعَهُ مَا بَعَثَنِي اللهُ بِهِ فَعَلِمَ وَعَلَّمَ، وَمَثَلُ مَنْ لَمْ يَرْفَعْ بِذَلِكَ رَأْسًا وَلَمْ يَقْبَلْ هُدَى اللهِ الَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

 
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган кўп ёмғирга ўхшайди. Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб ўт-ўланларни ўстирибди. Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, бу билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар. Ернинг баъзи жойлари силлиқ, сув тутмас, экин ҳам ўстирмас экан. Бас, Аллоҳнинг дийнида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен ила юборган нарса манфаат берган, ўзи ўрганган ва (ўзгаларга) ўргатган кишининг, ўша нарсага эътибор бермаган кишининг ҳамда Аллоҳнинг мен ила юборилган ҳидоятини қабул қилмаган кишининг мисоли ана шундайдир», дедилар».

Икки Шайх ривоят ривоят қилганлар.

Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари орқали Аллоҳ таоло томонидан юборилган Ислом шариати, исломий илмларни сувга, одамларни эса ерга ўхшатмоқдалар. Бунда жуда ҳам улкан маъно бор. Чунки сув ҳам, илм ҳам ҳаёт ҳисобланади. Ер юзидаги барча наботот ва жониворлар сув билан тирикдирлар. Қалб ва руҳлар эса исломий илм билан тирикдир. Ёмғир суви ерга таъсир қилса, ҳидоят ва илм кишиларга таъсир ўтказади. Худди ер сувга нисбатан учга бўлинганидек, одамлар ҳам Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборган ҳидоят ва илмга нисбатан уч тоифага бўлинар эканлар.

«Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли худди ерга тушган кўп ёмғирга ўхшайди».

Ерга тушган ёмғирнинг вазифаси ерни жонлантириш, унда ўсимликларни ўстириб, жониворларга фойда беришдир. Худди шунга ўхшаб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали юборилган ҳидоят ва илмдан мақсад ҳам кишиларнинг руҳий-маънавий ташналикларини қондириш, улар ҳаётини фойдали қилиш, икки дунё бахт-саодатига эриштиришдир.

Лекин ер турлича бўлгани сабабли унинг бўлаклари ҳам ёмғирга нисбатан ўз табиатига мувофиқ бошқа-бошқа ҳолатда бўлади. Кўрадиган нафи ҳам шунга яраша турличадир.

1. «Ернинг баъзи жойи яхши экан, сувни қабул қилиб, кўплаб ўт-ўланларни ўстирибди».

Яхши ерларга ёмғир суви яхши сингади. Ўша ерларнинг ўзи аввало ўша сувдан тўйиб-тўйиб ичади. Қолаверса, наботот ва ўсимликларни ҳам ўстиради. Яъни, ўзидан бошқаларга ҳам нафи тегади. Бундай ерлар

«Бас, Аллоҳнинг дийнида фақиҳ бўлган, Аллоҳ мен ила юборган нарса манфаат берган, ўзи ўрганган ва (ўзгаларга) ўргатган киши»га ўхшатилмоқда.

Яъни, ўша сувни қабул қилиб олиб, кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирган ер худди Аллоҳнинг дийнида фақиҳ бўлган кишига ўхшайди. Яхши ер сувдан тўйиб-тўйиб ичганидек, фақиҳ ҳам аввало илоҳий ҳидоят ва исломий илмдан ўзи манфаат олади. Кейин эса худди яхши ер сув ичганидан кейин кўплаб наботот ва ўсимликларни ўстирганидек, фақиҳ ҳам ўзи манфаатланган илмлардан бошқа кишиларга ҳам беради.

2. «Унинг баъзи жойлари қаттиқ экан, сувни тутиб қолибди. Бас, бу билан Аллоҳ одамларга манфаат берибди. Улар ундан ичибдилар, суғорибдилар ва экин экибдилар».

Яъни ернинг баъзи жойлари қаттиқ экан. Сувни ўзига сингдириб, ундан ичиб, манфаат олмабди. Лекин ўзига тушган сувни тутиб, сиртида ушлаб турибди. Унда тўпланиб қолган сувдан одамлар фойда олибдилар. Ўзлари ичибдилар, ҳайвонларини суғорибдилар ва экинзорларига ишлатибдилар. Ана ўшандай ер, яъни қаттиқ ер:

«…ўша нарсага эътибор бермаган киши»га ўхшайди.

Яъни сувни қабул қилмай, ўзида тутиб турган ер Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ила юборган нарса – ҳидоят ва илмга эътибор бермаган кишига ўхшайди. Булар илмига амал қилмаган кишилардир. Улар худди қаттиқ ер сувни тутиб қолгандек, илмни тутиб қоладилар. Аммо ўша қаттиқ ер ўзи тутиб турган сувдан ўзи фойдаланмаганидек, булар ҳам ўзларига берилган ҳидоят ва илмдан ўзлари фойда олмайдилар. Лекин сувни тутиб турган ердаги сувни ичган, ҳайвонларини суғорган ва экинига ишлатганлар каби, илмига амал қилмаган одамдан илм ўрганиб, амал қилганлар фойда оладилар.

3. «Ернинг баъзи жойлари силлиқ, сув тутмас, экин ҳам ўстирмас экан».

Ўзига тушган ёмғирдан ўзи ҳам фойда олмас, ўзгаларга ҳам фойда бермас экан.

«…Аллоҳнинг мен ила юборилган ҳидоятини қабул қилмаган кишининг мисоли ана шундайдир».

Яъни, Ислом ҳидояти ва илмини қабул қилмаган кофирга ўхшайди. Ўзи ҳам баҳра олмайди, ўзгага ҳам бермайди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Баъзи маъноларни англатиш учун ҳаётий воқеликдан мисол келтиришнинг яхшилиги.

2. Кишилар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан юборилган ҳидоят ва илмга нисбатан худди ернинг турли бўлаклари ўзига тушган ёмғир сувини қабул қилишга турлича муносабатда бўлганидек ҳар хил муносабатда бўлишлари.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ҳидоят ва илмдан кўпроқ олиб, бошқаларга ҳам етказишга тарғиб.

4. Билган илмга амал қилмасликдан қайтариш.

5. Ҳидоят ва илмдан бебаҳра қолишдан қайтариш.

Ҳаётимизда бу ҳадиси шарифга қатъиян амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ томонидан берилган ҳидоят ва илмдан қанча кўпроқ олишга эришсак, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоят ва илмни шунча кўпроқ бошқаларга етказишга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Шу билан бирга, ўша ўзимиз қабул қилиб олган ҳидоятда собитқадам бўлиб, ўрганган илмимизга амал қилмоғимиз керак. Зинҳор ва зинҳор Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган ҳидоят ва илмни қабул қилмайдиганлардан бўлиб қолмайлик! Ана шунда, иншааллоҳ, икки дунё саодатига эришамиз!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Охирги вақти чиқмай туриб, бир ракъати ўқиб қолинган намоз, гарчи бир ракъатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам, вақт чиқмай туриб ўқилган намоз ҳисобига ўтади. давоми...

1893 19:00 / 15 май
.Албатта, дунё тўрт нафарникидир,. Яъни, бу дунёда яшайдиган одамлар тўрт хилга бўлинадилар 1. .Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан давоми...

3465 17:00 / 11.08.2021
. . Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Илм учтадир. Улардан бошқаси зиёда фазилатдир муҳкам давоми...

4741 20:00 / 03.11.2021
. . Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Фақат икки нарсадан бошқада ҳасад йўқ. Биринчиси Аллоҳ бир давоми...

3331 17:02 / 26.01.2022