Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (236-дарс) Одамлардан нарса сўрашдан сақланиш

19:00 / 21.06.2023 2823 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ قَيْسِ بْنِ عَاصِمٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ أَسْلَمَ فَأَمَرَهُ النِّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يَغْتَسِلَ بِمَاءٍ وَسِدْرٍ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У киши мусулмон бўлганида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сув ва сидр ила ғусл қилишга амр этган эканлар».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Қайс ибн Осим ибн Синон Мунқирий ат-Тамимий. Кунялари Абу Али, арабларнинг тадбирли амирларидан, шижоат ва ҳалимлик билан танилган, жоҳилиятда шоир ва саййидлик билан машҳур бўлган саҳобалардан эдилар.

Бу саҳоба ароқ ичишни Исломга киришдан олдин ҳам ўзларига ҳаром қилган эдилар. Ҳижратнинг 9-санасида Тамим қабиласи томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи бўлиб келиб, ана шу йили Исломга кирдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни қавмларидан садақаларни йиғиш учун масъул этиб тайинладилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. У кишидан Ҳасан, Аҳнаф, Хулайфа ибн Ҳусайн, ўғиллари Ҳаким ибн Қайс ва бошқалар ривоят қилганлар.

Қайс ибн Осимнинг 33 нафар фарзандлари бор эди. Вафот этишларидан олдин уларни чақириб:

«Эй болаларим, менинг васиятимни эшитинглар. Чунки мендан бошқа киши сизларга насиҳат қилмайди. Молларингизни тадбир билан ишлатинг, бундай қилишларингиз сахий бўлиш учун огоҳ этади ва маломатдан сақлайди. Одамлардан нарса сўрашдан сақланинглар, чунки кишининг охирги касби сўрашдир».

Бу зот ҳаётларининг охирида Басрада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 20-санасида (милодий 640 йилда) ана шу ерда вафот этдилар.

«Сидр» бир ўсимлик бўлиб, сувга қўшилса, совун вазифасини ўташи мумкин.

Қайс ибн Осим розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисларини далил қилиб, «Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари кофир одам мусулмон бўлганда ғусл қилиш вожиб бўлади», дейдилар.

Ҳанафий ва Шофеъий мазҳаблари эса янги мусулмон бўлган собиқ кофирнинг ғусл қилиш ҳукмини иккига бўладилар.

1. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, ғусл қилиш унинг учун мустаҳаб бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир янги мусулмон бўлган одамни ғусл қилишга буюрмаганлар. Шунинг учун янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлмаса, таҳорат қилиб олса бўлади.

2. Агар янги мусулмон бўлган одам жунуб бўлса, унинг учун ғусл қилмоқ вожиб бўлади. Чунки жунуб кишига ғусл вожиблигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ.

Шунингдек, ғуслга сабаб бўладиган нарсалар ҳам бор, мисол учун:

1. Ҳайз ва нифос.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога:

«Агар ҳайз келса, намозни қўй. Қачонки ҳайз кетса, ғусл қил ва намоз ўқи», деганлар.

Шунинг учун ҳайздан пок бўлган аёлга ғусл вожиб.

Нифос эса янги туққан аёлда тўпланиб қолган ҳайздир. Шунинг учун нифосдан пок бўлган аёлга ҳам ғусл вожиб бўлади. Бу каби масалалар ўз бобида батафсил ўрганилади, иншааллоҳ.

2. Шаҳид бўлмаган мусулмон маййитга ҳам ғусл вожиб бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳаммага шу муомала қилинган.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда уловидан йиқилиб ўлган киши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уни сув ва сидр ила ювинглар ва икки кийим ила кафанланглар», деганлар.

Бу бобда зикр қилинмаган суннат ғусллар ҳам бор:

1. Икки ийд намози учун ғусл қилиш.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

2. Ҳаж ёки умра учун эҳром боғлаганда ғусл қилиш. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қилганлар.

3. Арафотда туриш учун ғусл қилиш. Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлган суннатдир.

4. Истеҳоза (одатдан ташқари қон) кўрган аёл учун. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳабиба ва Зайнаб бинти Жаҳш оналаримизга шу амрни қилганлар.

5. Ҳушидан кетган одам ўзига келганида ғусл қилиш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар. Уламолар бунга жинниликдан тузалган ва мастликдан ҳушёр бўлган одамларни ҳам қўшадилар.

6. Кўпчилик тўпланиб қилинадиган ибодатларда тер ва бошқа сабабларга кўра нохуш ҳидларнинг тарқалиб кетишининг олдини олиш ниятида ғусл қилиш тавсия этилади. Бундай ишларга Муздалифада тунаш, шайтонга тош отиш, зиёрат ва видо тавофлари, қуёш ва ой тутилгандаги намозлар ва истисқо намозлари киради.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бир фақиҳ шайтон учун минг обиддан ҳам ашаддийроқ душмандир,, давоми...

4844 17:00 / 08.12.2021
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хумранинг устида намоз ўқир эдилар,. Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ давоми...

844 19:00 / 12 сентябрь
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши айтадилар .Бемор бўлиб, ҳушсиз ётганимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени давоми...

2311 00:00 / 27.10.2022
.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа давоми...

4008 13:00 / 02.12.2020