Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 192-дарс. Иймонингизни қадр-қиммати қанчалик эканлигини билмоқчимисиз?

19:00 / 27.07.2022 2494 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. «Алҳамдулиллаҳи» тарозини тўлдирур.

Мўмин-мусулмон одам «Алҳамдулиллаҳи» (Аллоҳга мақтовлар бўлсин) деган жумлани ихлос билан айтиши жуда ҳам савобли саналади. Чунки ҳамма нарсани берган Аллоҳ таолога ҳамд айтиш, Унинг берган неъматларини эътироф этиб, улар учун У зотга мақтов айтишдан улуғроқ савоб йўқ.

Ҳадисда айнан шу нарса – банда «Алҳамдулиллаҳи»ни айтиш билан амаллар тарозисини тўлдирадиган даражада катта савоб олиши таъкидланмоқда.

Қаранг, мўмин-мусулмон банда учун савоб топиш қанчалик осон-а! Оғиздан ихлос билан айтилган «Алҳамдулиллаҳи» деган калима чиқиши билан амаллар тарозисининг палласи савобга тўлиб қолар экан.

Бас, шундай экан, бу калимани кўпроқ айтайлик. Турли беҳуда, иғво, бўҳтон гапларнинг ўрнига Аллоҳнинг зикрини қилайлик!

3. «Субҳаналлоҳи ва алҳамдулиллаҳи» осмонлару ернинг орасини тўлдирурлар ёки тўлдирур.

Шу ерда ровий шак қилган, яъни, «тўлдирурлар» деб, кўплик сийғасида айтилдими ёки «тўлдирур» деб, бирлик сийғасида айтилдими, буни яхши англамай қолганини билдириб қўймоқда.

Аввал «Алҳамдулиллаҳи»нинг ёлғиз ўзини айтиш тўғрисида сўз кетган бўлса, энди унинг олдига «Субҳаналлоҳи»ни ҳам қўшиб айтиш лозим кўриляпти. «Субҳаналлоҳи» эса «Аллоҳни поклаб ёд қиламан» деган маънони англатади.

Демак, бир мўмин банда ихлос билан «Субҳаналлоҳи, валҳамдулиллаҳи» деб айтса, осмонлару ернинг ораси савобга тўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин бандаларига қилган лутф, карамидир.

Фақат бу лутфу карамдан биз, мўминлар унумли фойдаланмоғимиз зарур, холос. Нима кўп, бўш вақтимиз кўп. Ўша вақтни турли беҳуда гап-сўзларга сарф этмай, ушбу икки калимани зикр қилсак, қанчадан-қанча савобга эришамиз.

4. «Намоз нурдир».

Намознинг нур эканлиги аввало, банда вафот этиб, қабрга қўйилганида унинг қоронғу қабрини ёритиши билан бўлади.

Намознинг нур эканлиги кейинчалик, қиёмат қоронғусида ўз эгасига йўл кўрсатувчи нур бўлиши билан бўлади.

Ўлим ҳақ, ҳар биримизнинг вафот этишимиз бор. Ҳатто яқинларимизнинг ҳар биримизни қабрга элтиб, кўмиб, ёлғиз ташлаб кетишлари бор. Ана шунда қабр зулматидан азоб тортмайлик, десак, намоз ўқийлик. Ўқиган намозимиз қабримизда нур бўлиб, атрофимизни ёритиб, кўнглимизни хушнуд қилиб турсин, илоҳим.

Қиёмат куни ҳақ, бир куни келиб, албатта, у қоим бўлажак! Унинг тўс-тўполони, даҳшатли қоронғусида қолишимиз турган гап. Ўша пайтда ҳеч нарсани кўрмай, қоқилиб-суқилиб юрмайлик, десак, намоз ўқийлик! Шояд, ўша ўқиган намозимиз қиёмат қоронғусида нур бўлиб порлаб, атрофимизни, йўлимизни ёритиб турса!

5. «Садақа бурҳондир».

Мўмин киши томонидан бу дунёда ўз мол-мулкидан қилган садақасининг бурҳонга ўтиши бир неча хил бўлади.

Аввало, молу мулкдан савоб умидида садақа қилишнинг ўзи киши иймонининг тасдиғи учун ҳужжатдир. Чунки иймонсиз, мунофиқ одам садақа қилмайди. Қиёмат куни мўмин бандадан мол-мулкини нимага сарф қилгани ҳақида сўралса, бу дунёда қилган садақаси унга бурҳон – ҳужжат бўлади.

Баъзи эътирофларга қараганда, бу дунёда садақа қилиб юрган кишиларга қиёмат куни алоҳида бур­ҳон – белги қўйилар экан. Ўша белгини кўргандан кейин улардан «Молингни нимага сарф қилдинг?» деб сўралмас экан.

Қаранг, садақа қилиш қанчалар яхши иш! Аллоҳ таоло берган мол-дунёни Унинг йўлида садақа қилган банда шунчалар бахт-саодатга муяссар бўлар экан. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўмин-мусулмонларга кўрсатган лутфу карамидир. Фақат шу имкониятдан тўғри фойдаланишимиз керак, холос. Мол-мулкимиздан оз бўлса ҳам, муҳтож биродарларимизга садақа қилайлик. Шоядки, ўша қилган садақамиз иймонимизнинг тасдиғи бўлса, қиёмат куни мол-мулкни нимага сарф қилганимиз ҳақида сўралганимизда бизга бурҳон бўлса ёки сиймомиздаги бир белги бўлиб, бизни бу саволдан қутқариб қолса.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан давоми...

2063 19:00 / 31.08.2023
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари давоми...

8577 14:40 / 08.07.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан давоми...

3240 19:00 / 25.05.2022
. Икки Шайх келтирган бошқа бир ривоятда .Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қийинчилигу осонликда, ғайрат келиб тургандаю малол давоми...

4339 13:00 / 06.01.2021