Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 174-дарс. Ёлғончи Ислом назарида Аллоҳнинг душмани

18:30 / 09.03.2022 3354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ أَنَسٌ: إِنَّهُ لَيَمْنَعُنِي أَنْ أُحَدِّثَكُمْ حَدِيثًا كَثِيرًا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ تَعَمَّدَ عَلَيَّ كَذِبًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ.

وَلِمُسْلِمٍ: إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ فَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди».

Тўртовлари ривоят ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида:

«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», дейилган.

Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот бўлиб, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис билгувчилардан эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли бўлганига қарамай, Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадисларида зикри келган тахтга дохил бўлиб қолишдан ҳайиқиб турганлар.

Ислом дини ёлғонни мутлақо ҳаром қилган. Ёлғончи Ислом назарида Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Албатта, ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деб марҳамат қилган. Шундай бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мислсиз улкан гуноҳ саналади.

Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади», деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳ таолога ва Ислом дийнига нисбатан ёлғон тўқишдир.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириш лозим. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам гумон ва ишончсиз нарсаларни гапирмагани маъқул. Ҳар бир нарсага тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнгина гапирмоқ лозим. Айниқса, дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу барчамизга ўрнак бўлишлари лозим. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин агар шу гапим ёлғон бўлса, дўзахдаги ўрнимни олишим керак бўлади-ку, деган тушунча фикримиздан ўтиб туриши керак.

Ҳазрати Анас ибн Молик ва бошқа саҳобийларнинг илмий одобларига таҳсинлар айтамиз. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитиб туриб ҳам, эҳтиёткор бўлганларига қойил қоламиз.

Шу билан бирга, ҳозирги кунимиздаги баъзи бир кишиларнинг нобакорлиги, одобсизлиги кишини ҳайрон қолдиради. Ўзлари оят билан ҳадиснинг фарқига бормайдилар-у, турли диний муаммоларни ҳал этишни даъво қиладилар. Бундай кишилар бир неча тоифага бўлинадилар.

Баъзилари Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Қуръонга душманликларини билдириш учун шундай қиладилар. Ҳаётда бўлиб ўтган воқеалардан бир мисол келтирай. Худосиз тузумнинг худосизликдан дарс берадиган малайларидан бири ўз дарсида «Қуръонда ундай дейилган, бу айб, Қуръонда бундай дейилган, бу нуқсон», дея сафсата сотарди. Маълумки, ҳеч ким унга қарши бирор нарса дея олмас эди. Бир умумий йиғинда ҳалиги худосиз яна ўша дийдиёсини қайтарибди.

Шунда талабалардан бири эътироз билдириб: «Сиз бир неча бор Қуръони Карим оятини далил қилиб, Исломга айб қўймоқдасиз. Аммо ўша сиз оят деб айтган гап Қуръонда йўқ-ку. Мана, қўлимда Қуръон турибди, сиз ўша ўзингиз айтган гапни топиб беринг», дебди.

Нобакор араб тилини билмаслигини айтиб, қутулмоқчи бўлибди. Талаба «Сиз билмасангиз, биладиганлар бор, таржима қилиб беришади», дебди. Охири у бу гап Қуръонда бор-йўқлигини аниқ билмаслигини тан олибди. Заррача инсофи, уяти бор одамга ўзини ўнглаб олиш учун шунинг ўзи етарли эди. Лекин нобакорларда инсоф нима қилсин, уят нима қилсин?! Ҳалиги талабани ўқишдан ҳайдатиб, яна ўзининг эски дийдиёсини давом эттираверибди.

Ҳа, Ислом душманлари ўзлари тўқиб чиқарган нарсани ҳам оят ёки ҳадис деб, Исломга қарши гапираверишган. Улар баъзи жоҳил одамлар томонидан айтилган гап-сўз, қилинган ишларни ҳам Исломдан деб кўрсатиб, Исломни қоралайверишган.

Улардан кейинги ўринда ўзини кўрсатмоқчи бўлган баъзи бир чаласаводлар туради. Илмлари йўқ, Қуръон оятларини ҳам, ҳадисларни ҳам билмайдилар. Билсалар ҳам, бир оз нарсани чала биладилар. Аммо кўпчиликни оғзига қаратиш учун хаёлига келган фикрни айтиб, Аллоҳ ундай деган, пайғамбар бундай деган, дейишдан тўхтамайдилар. Булар ҳам жуда хавфли тоифадир. Улар инсоф қилишлари, Аллоҳдан қўрқишлари лозим.

Учинчи тоифа – диний таълимдан мутлақо бехабар баъзи бир қаламкашлар тоифаси бўлиб, улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида исломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса бошқа ғаразлари бор. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилигини топиш учун ўша кимсаларга ёқадиган тарзда сафсата сотишга уринадилар. Оятларнинг маънолари таржимасини олиб, уни ўзларининг бузуқ фикрларига мосламоқчи бўлаверадилар. Ҳадиси шариф билан бўладиган муомалалари ҳақида ҳам худди шу фикрларни айтиш мумкин. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бу хил журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир.

Мазкур тоифаларга мансуб кишилар ўзларини ўнглаб олишлари, илм одобларига амал қилишлари, нобакорлик ва беодобликларини йиғиштиришлари лозим. Мусулмонлар эса улардан ўта эҳтиёт бўлишлари, уларнинг кирдикорларини фош қилишга ҳамиша шай турмоқлари керак. Токи ҳеч ким Аллоҳга, Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан беодоблик қилмасин. Ўзи одобли бўлиб, ўзгаларни ҳам шунга чақириш исломий бурчдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафс офатлари 24тавсияАбу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уч марта .Уч кишига Аллоҳ қиёмат куни гапирмайди, назар давоми...

7936 05:00 / 28.02.2017
Охирги вақти чиқмай туриб, бир ракъати ўқиб қолинган намоз, гарчи бир ракъатдан бошқаси ўз вақтида ўқилмаса ҳам, вақт чиқмай туриб ўқилган намоз ҳисобига ўтади. давоми...

2097 19:00 / 15 май
. . Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига .Сен Аллоҳга кўп сажда қилишни ўзингга лозим тут. Чунки давоми...

1766 19:00 / 28 февраль
.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб.Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи давоми...

5686 14:08 / 26.02.2020