Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқ | Ҳадис дарслари (265-дарс)

19:00 / 17 январь 1422 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ طَلْحَةَ بْنِ عُبَيْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ أَهْلِ نَجْدٍ ثَائِرُ الرَّأْسِ يُسْمَعُ دَوِيُّ صَوْتِهِ وَلَا يُفْقَهُ مَا يَقُولُ حَتَّى دَنَا فَإِذَا هُوَ يَسْأَلُ عَنِ الْإِسْلَامِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: خَمْسُ صَلَوَاتٍ فِي الْيَوْمِ وَاللَّيْلَةِ، قَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهَا؟ قَالَ: لَا، إِلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ. فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: وَصِيَامُ رَمَضَانَ، قَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهُ؟ قَالَ: لَا، إِلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ. وَذَكَرَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الزَّكَاةَ، قَالَ: هَلْ عَلَيَّ غَيْرُهَا؟ قَالَ: لَا، إِلَّا أَنْ تَطَّوَّعَ. قَالَ فَأَدْبَرَ الرَّجُلُ وَهُوَ يَقُولُ: وَاللهِ لَا أَزِيدُ عَلَى هَذَا وَلَا أَنْقُصُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفْلَحَ إِنْ صَدَقَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига аҳли Нажддан бир одам келди. Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди. Яқин келан эди, қарасак, у Ислом ҳақида сўраётган экан. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир кеча-кундузда беш вақт намоз», дедилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.

Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Рамазон рўзасини тутиш», дедилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга закотни зикр қилдилар.

«Менинг бўйнимда ундан бошқаси ҳам борми?» деди.

«Йўқ. Магар ўз ихтиёринг бўлса», дедилар.

Бас, ўша одам:

«Аллоҳга қасамки, мана шундан зиёда ҳам, кам ҳам қилмайман», дея орқага қайтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Бу ҳадисда ҳикоя қилинаётган ҳодиса жуда ҳам машҳур. Ўша аъробийнинг исми Замом ибн Саълаба эди. Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида: «Биз масжидда ўтирган эдик. Бирдан бир одам туя миниб, масжидга кириб келди. Туясини чўктириб, ерга тушди-да, «Қайси бирингиз Муҳаммад? Мен Бани Саъд ибн Бакрлик Замом ибн Саълабаман», деди», дейилган.

Нажд араб юртларидан бирининг номи бўлиб, Туҳама билан Ироқнинг орасида жойлашган. Ҳозирда у ер Саудия Арабистони ҳудудига қарашли бўлиб, наждликлар ўша вақтларда саҳровий бўлганлар. Ҳадиси шарифда:

«Унинг сочлари тўзиган, овозининг ғўлдираётгани эшитилар эди-ю, нима деяётганини фаҳмлаб бўлмас эди», деб васф қилиниши ҳам шуни кўрсатади.

Замом ибн Саълаба яқин келиб, яхшироқ гапирганидан кейингина унинг Ислом ҳақида сўраётгани маълум бўлди. Пайғамбаримиз унга намоз, рўза ва закотни баён қилдилар, унинг саволларига ҳам жавоб бердилар. Бошқа ривоятларда келтирилишича, шариат амалларини баён қилиб берганлар.

Суҳбатнинг охирига келиб, Замом ибн Саълаба Пайғамбаримиз соллалллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берган ўша нарсаларга оширмай ҳам, камайтирмай ҳам, тўлиқ ва тўғри амал қилишга аҳд қилиб, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиб, чиқиб кетади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар гапида содиқ бўлса, ютди», дедилар».

Инсоннинг икки дунёдаги ютуғига сабаб бўладиган шариат амалларининг биринчиси сифатида намоз зикр қилинганлиги учун ҳам бу ҳадиси шариф ушбу фаслда келтирилди.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг ҳукмларини ўрганиш учун зарур бўлса, вақт, куч, маблағ сарфлаб узоқ юртларга сафар қилиш кераклиги.

2. Намоз Исломнинг рукнларидан бири эканлиги.

3. Бир кеча-кундузда беш вақт намоз фарз эканлиги.

4. Беш вақт намоздан бошқа фарз намоз йўқлиги.

5. Рамазон рўзаси Исломнинг рукнларидан бири эканлиги.

6. Рамазон рўзасидан бошқа фарз рўза йўқлиги.

7. Закот Исломнинг рукнларидан бири эканлиги.

8. Закотдан бошқа молиявий фарз ибодат йўқлиги.

9. Зарурат бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг номи ила қасам ичиш мумкинлиги.

Замом ибн Саълаба шундай қилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса буни инкор қилмадилар.

10. Мазкур нарсаларни тўлиқ ва доимий адо этишнинг ютуққа сабаб бўлиши.

11. Ушбу ҳадисда «Иймон келтирса бўлди, амал қилмаса ҳам, намоз ўқимаса ҳам, рўза тутмаса ҳам бўлаверади», дейдиган ботил Муржиъа мазҳабига кучли раддия бор.

Биз эътибор қилишимиз лозим бўлган нарсалардан яна бири – ютуққа эришишга сабаб бўладиган амаллар фақат намоз, рўза ва закотдангина иборат эмаслиги. Шу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган бошқа ривоятида:

«Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга Ислом шариати ҳақида хабар бердилар. У эса «Аллоҳ менга фарз қилган нарсалардан кам ҳам, зиёда ҳам қилмайман», деб, қайтиб кетди», дейилган.

Ислом шариати ва Аллоҳ фарз қилган нарсалар мазкур уч амалдан бошқа кўпгина нарсаларни ҳам ўз ичига олиши ҳаммага маълум.

Усул қоидаси бўйича, бир ҳадисни икки ровий ривоят қилган бўлса, улардан биридаги зиёда иккинчи ривоятни ўзгартириб юбормаса, у қабул қилинади. Чунки ровийлар ҳадиснинг бир қисмини эшитмай қолган, унутган ёки ҳолатга қараб, қисқартириб айтган бўлади.

Мисол учун, намоз ҳақида сўз бораётган мажлисда бир ровий ўзи билган узун ҳадиснинг фақат намозга тегишли жойини айтган бўлиши мумкин. Шунинг учун бошқа оят ва ҳадисларда баёни келган фарзларни ҳам унутмаслигимиз керак бўлади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки давоми...

4607 14:00 / 04.03.2020
. . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз бавл қилса, закарини ўнг қўли билан ушламасин, давоми...

2290 19:00 / 15.02.2023
Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн алҲорис Абу Абдуллоҳ алАсбаҳий алМаданий ndash Дорулҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланадилар. Молик ибн Анас 93 давоми...

4285 17:05 / 15.05.2019
Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқнинг халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки давоми...

4661 19:08 / 18.12.2019