Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 183-дарс. Солиҳ амаллар қилишни кўпайтирайлик!

19:30 / 18.05.2022 3345 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан: жорий садақадан, манфаат оладиган илмдан ёки унинг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанддан кесилмайди», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаганлар.

Маълумки, мусулмон киши соф ният билан қилган ҳар бир яхши амали учун савоб олишга мушарраф бўлади. Киромул котибин фаришталар унинг «Номаи аъмоли»га зарра миқдорича яхшилиги бўлса ҳам, ўшанга яраша савобни ёзиб турадилар. Агар бемор бўлиб, узр ила одатдаги яхшилик амалини қила олмай қолса ҳам, фаришталар унга худди ўша амални қилгандек савоб ёзадилар. Вақти-соати келиб, инсон вафот этса, яхши амалларини мутлақо қила олмай қолади. Бундан кейин қилишдан ҳам умид узилади. Энди ундан ҳаётлигидаги амаллари – қиладиган ибодат ва яхшиликларига ёзиладиган савоблар ҳам кесилади. Намоз ўқиганлиги, рўза тутганлиги, тиловат, зикр қилганлиги ва бошқа яхши амалларни қилганлиги учун ёзиладиган савоблар тўхтайди. Чунки энди у вафот этди – ибодат қилишдан, амали солиҳ қилишдан тўхтади. Шунинг учун ҳар бир мўмин банда тирик чоғида солиҳ амални кўпроқ қилиб қолишга уринмоғи лозим.

Шу билан бирга, мўмин кишига тириклик чоғида охиратни ўйлаб, вафотидан кейин ҳам савоби узилмай, бориб турадиган амалларни қилиб олиш имкони берилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида одам боласи вафот этганидан сўнг амали кесилишини айтиш билан бирга, ундан кейин ҳам савоби етиб турадиган амаллар учта эканлигини таъкидламоқдалар:

1.«Жорий садақа».

«Жорий садақа» дейилганда мусулмонларга доимий равишда фойда бериб турадиган хайрли ишлар кўзда тутилади. Мисол учун, кўпчилик фойдаланиши учун қурилган кўприк, қудуқ ёки ариқ қазиб, сув келтириш, доимий манфаат бериб турадиган бошқа вақфлар шулар жумласидандир. Токи бу нарсалардан мўмин-мусулмонлар фойда олиб турар эканлар, ўша ишларни қилган одамга унинг вафотидан кейин ҳам савоб ёзилиб туради.

Мусулмонлар бу тоифа ишларни қадимдан ихлос билан қилиб келганлар. Ислом оламининг турли жойларида кўплаб вақфлар ташкил қилганлар. Бева-бечораларга, толиби илмларга, мусофирларга, ҳожиларга, қарияларга, ҳатто эгасиз, адашиб қолган ҳайвонларга аталган вақфлар бўлган. Ўша вақфлар орқали мазкур тоифалар доимий равишда манфаат олиб турганлар. Мазкур хайрли ишларни қилган кишиларнинг «Номаи аъмол»ларига уларнинг вафотларидан кейин ҳам савоб ёзилиб, охиратларига фойда бериб келган. Агар жорий садақалари қиёматгача мусулмонларга фойда бериб турса, уларга ҳам қиёматгача савоб қўшилиб тураверади. 

2. «Манфаат олинадиган илм». 

Мўмин одам ўз вафотидан сўнг ортидан манфаат берадиган илм қолдирса, савоби узилмайдиган амал қолдирган бўлади. Бу эса илмнинг асари доимий бўлишидир. Киши қандай қилиб ўзидан кейин манфаат берадиган илм қолдира олади? 

Бу иш аввало бошқаларга илм ўргатиш билан амалга ошади. Модомики, шогирдлар, шогирдларнинг шогирдлари ўша илмни ишлатмоқдами, кишиларга манфаати етмоқдами, устозга савоб ёзилиб тураверади. 

Иккинчиси китоб ёзиб қолдириш билан бўлади. Қуръон, ҳадис ва дийний илмлар бўйича, мусулмонларга фойда келтирадиган бошқа илмлар бўйича иймон ва ихлос билан китоб ёзиб қолдирган кишига, агар китобидан мусулмонлар фойдаланиб туришса, у ўлганидан кейин ҳам савоб етиб тураверади. 

Учинчиси илм йўлида хизмат қилиш билан бўлади. Мисол учун, имконияти бор одам толиби илмларга, устозларга илм йўлида ёрдам бериб, мадраса қурди, китоб чоп эттирди, ўз маблағидан кутубхона қилди. Мана шунга ўхшаш ишлар илм йўлида хизмат қилиш ҳисобланади. Буларни қилган одамлар вафот этиб кетсалар ҳам, савоблари узилмай, уларга бориб туради.

Мўмин-мусулмонлар бу каби ишларга доимо катта эътибор бериб келганлар. Шунинг учун ҳам Исломга тўлиқ амал қилинган даврларда мусулмон оламида илм кенг миқёсда тарқалган, дунё аҳамиятига молик улуғ алломалар етишиб чиққанлар. Мусулмонларчалик кўп олим етиштирган миллатни тарих билмайди. Шунингдек, илм ўрганувчилар ҳам кўп бўлган. Бу ҳолатни яхшилаб ўрганган ғарблик шарқшунослардан бири инсоф билан: «Мусулмонлар ёппасига мадрасага қатнайдиган миллат бўлган», деб ёзади. Мусулмон ҳокимлар ва бойлар ҳам илм йўлида хизмат қилиш учун катта ҳиммат кўрсатганлар. Нафақат улар, балки ҳар бир мусулмон илм йўлида қўлидан келган ишни қилган. Деҳқонлар мадрасаларнинг вақф ерларида навбат билан Аллоҳ йўлида, ҳақ олмай, ишлаб берганлар. Ҳунармандлар ҳунари билан, чорвадорлар чорваси билан, хуллас, ҳар ким ўз имконига қараб, бу ишга озми-кўпми ҳисса қўшганлар. Шу тариқа халқ илмий ишларни йўлга қўйишда фаол қатнашган. Уларнинг бу ишларда фидокорлик кўрсатишдан бирдан-бир мақсадлари, доимий равишда савоби узилмай, етиб турадиган амалларга етишиш эди. Аллоҳ таоло, албатта, уларни ноумид қилмаган. 

Ҳозирда китоблари ўқиб турилган уламоларга, албатта, илмларининг савоби етиб турибди. Уларнинг шогирдларининг шогирдлари Аллоҳга: «Устозларимизни мағфират қилгин», деб дуо қилиб турибдилар. Улар қурган мадрасалару қолдирган вақфлари, қўлёзмалари ва бошқа асарлардан ҳосил бўлган савоблар ҳам тинмай етиб турибди.

3. «Ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».

Мўмин киши вафот этганидан кейин ҳам, агар фарзанди унинг ҳаққига дуо қилса, савоби етиб туради. Бунинг учун эса мўмин-мусулмон киши ўз фарзандини дуо қиладиган тақводор мусулмон қилиб тарбиялаши лозим. Зотан, мўмин ота-онанинг фарзанд кўриш ва уни тарбия қилишдан мақсади ҳам шу. Ота-она «ўлганимдан кейин мени йўқласин, ҳаққимга дуо қилсин», деб фарзанд боқади. Дийний тарбия беришдан мақсад ҳам шу! Фарзанднинг мўмин-мусулмон, тақводор бўлиши, ота-онасининг ортидан дуо қилиб туриш масъулиятини унутмаслигигина бу мақсадга эриштиради.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига бугунги ҳаётимиз воқелиги асосида бир назар солайлик.

Жорий садақа қилиш кўплаб Ислом диёрларида давом этмоқда. Мусулмонларнинг вақфлари яхши сақланиб келинмоқда. Кўпгина мусулмон давлатларда вақф вазирликлари ишлаб турибди. Вақф мулклар ўз эгалари томонидан васият қилинган мақсадда ишлатилмоқда. Вақфларга нозир бўлган кишилар ўз хизмат ҳақларини вақфга тушадиган фойдадан олиб, вақфни кенгайтириш, яхши сақлашга ҳаракат қилмоқдалар. Асосий маблағ вақфнинг эгаси қўйган шартга мувофиқ ишлатилаётир. Мисол учун, камбағаллар учун, деб бир дўконни вақф қилган бўлса, ўша дўкондан тушган маблағ камбағалларга сарфланади. Бино вақф қилинган бўлса, ўша бинодан камбағалларга жой берилади ёки ижарага одам қўйилиб, тушган маблағ камбағалларга тарқатилади. Мадрасага, деб вақф қилинган бўлса, ўша вақфдан тушган маблағ мадраса фойдасига сарф қилинади. Шундай қилиб, ҳожатманд тоифаларга доимий ёрдам иши юриб туради, бунга биров дахл қила олмайди.

Манфаатли илм қолдириш масаласи ҳам шунга ўхшаш. Уламолар кўпроқ шогирдлар етиштириб чиқаришлари учун бу ишда бошқа мусулмонларнинг ҳамкорлиги жуда зарур. Кимдир илмий муассасаларни қуриш, уларни жиҳозлаш, сақлаб туриш ишларида қўлидан келган ёрдамини беради. Кимдир устозлар ва талабаларнинг маошига кўмаклашади. Яна бошқалар китобларни чоп қилиш ёки сотиб олиб беришда кўмак беради. Хулоса қилиб айтганда, шу йўлда хизмат қилишни хоҳлаган одам, ортимдан манфаатли илмнинг савоби бориб турсин, деган киши ўз имконига қараб, ҳисса қўшаверади. Ўша қилганига яраша савобини ҳам олади.

Бу савобли иш ҳозирги пайтда ҳам кўпгина Ислом юртларида муваффақиятли равишда давом этмоқда. Албатта, бу ишга ўз ҳиссасини қўшганлар, ҳадиси шарифда зикр қилинганидек, ўлганларидан кейин ҳам кесилмайдиган амал қилган бўладилар. Ўзи вафот этиб, савобли иш қилиш имкони тугаган бўлса ҳам, унинг «номаи аъмоли»га доимий равишда савоб ёзилиб туради. Мана шундай ишларни қилмаганлар эса бундай бахтга сазовор бўла олмайдилар. Мазкур ишга қаршилик қилганлар, унинг йўлига ғов бўлганлар эса икки дунёнинг лаънатига учрайдилар.

Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш ҳам жуда эзгу иш. Мусулмон оламида фарзанд ўстиришдан асосий мақсадлардан бири шу эканлигини юқоридаги жумлаларда ҳам айтиб ўтдик. Афсуски, кейинги даврда кишилар ўз ортларидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолишига эътибор бермай қўйдилар. Исломий тарбия ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада кишиларнинг ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд эмас, лаънат келтирадиган нобакор фарзанд қоладиган бўлди. Ҳозирда калимаи шаҳодатни ҳам айта олмайдиган, дийну диёнатдан бехабар, умрида пешонаси сажда кўрмаган, бошқа ибодатларни қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, дунёдаги ҳамма ёмонликлардан тап тортмайдиган кимсаларни ота-онасининг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд дея оламизми? Бундай фарзандлар ҳеч қачон ўз ота-оналари ортидан савоб юбора олмайдилар, аксинча, лаънат, қарғиш келтирадилар. 

Шунинг учун ҳар бир фарзанд солиҳ бўлмай, ота-онасининг ҳаққига дуо қилмай юрган бўлса, дарҳол ўзини ўнглаб олиши керак. Дийну диёнатли бўлиб, ибодат қилиб, намозларидан, бошқа ибодат ва яхши амалларидан кейин ота-оналари ҳаққига дуо қила олиш даражасига кўтарилиши лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурида бандалик бурчини, ота-онаси ҳузурида фарзандлик бурчини адо этган бўлади.

Шу билан бирга, ота-оналар ўз фарзандларига исломий тарбия беришга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Ана шундагина ортларидан дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдирадилар. Ана шундагина вафот этгандан кейин ҳам савоби кесилмайдиган амал қолдирган бўладилар.

                                                                 «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, бирор давоми...

5029 13:00 / 25.11.2020
2. .Қоим суннат,. Шаръий илмларнинг иккинчи асоси ndash .қоим суннат,, яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир. Суннат нималиги, унинг давоми...

3074 19:00 / 17.11.2021
. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга таҳорат қилар эдилар,, деди. Мен .Сизлар қандай давоми...

2283 19:00 / 11.05.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади   . .  «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Вақтики, мусулмон ёки мўмин давоми...

3753 19:01 / 29.06.2022