Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намоз ўқиш тартиби | Ҳадис дарслари (314-дарс)

19:00 / 15 январь 3380 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳанафий уламолар намоз ўқишнинг қуйидаги тартибини баён қилганлар:

«Қиблага қараб, тик туриб, чўзмасдан «Аллоҳу акбар» деб такбир айтади ва икки қўлининг бош бармоғини икки қулоғининг юмшоқ жойига теккизади. Сўнгра ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, боғлаб, киндиги остига қўяди.

Кейин ичида сано ўқийди:

«Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ва табарокасмука ва таъала жаддука ва лаа илааҳа ғойрук».

Сўнгра ичида «Аъузу биллаҳи минашшайтонир рожийм. Бисмиллааҳир роҳмаанир роҳийм»ни айтади.

Агар намозхон имомга иқтидо қилган бўлса, санодан бошқа нарсани айтмайди. Чунки у қироат қилмайди.

Якка намозхон кейин Фотиҳа сурасини қироат қилади ва охирида овоз чиқармасдан, «Омин» дейди. Қироатни овоз чиқариб қилса ҳам, «омин»­ни ичида айтади.

Фотиҳа сурасидан кейин бошқа бир сура ёки камида уч оят тиловат қилади.

Қироатдан фориғ бўлганида такбир айтиб, икки қўлини кўтармасдан, рукуъга боради. Рукуъда болдирларини тик тутган ҳолида икки қўли билан тиззаларини чангаллаб туради. Бошини эгмайди. Орқасини тўғри тутади. Рукуъда турганда камида уч марта «Субҳана Роббиял азийм» дейди.

Кейин ёлғиз намозхон «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтиб, тикланиб бўлганидан кейин «Роббанаа лакал ҳамд» дейди.

Имом фақат «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ»ни айтади. Иқтидо қилувчи фақат «Роббанаа лакал ҳамд» дейди.

Сўнгра ўзини ғоз тутиб турганидан кейин такбир айтиб, саждага кетади. Саждага бораётганида аввал икки тиззани, кейин икки қўлни ва икки қўл орасига бошини қўяди. Саждада турганида қўлларнинг панжалари қиблага қараб туриши керак. Шунингдек, пешонаси ва бурни ерга тегиб, қўлтиқлари очилиб, қорни сонларига тегмай туради. Оёқларининг панжалари ҳам қиблага қараб туради. Саждада турганда камида уч марта «Субҳана роббиял аъла» деб, тасбеҳ айтади.

Кейин такбир айтиб, саждадан бошини кўтариб, хотиржамлик билан ўтиради. Ўтирганда икки қўлини оддий ҳолатда икки сони устига қўяди.

Сўнгра такбир айтиб, яна саждага боради ва камида уч марта «Субҳана роббиял аъла» деб, тасбеҳ айтади.

Кейин такбир айтиб, қайта ўтирмасдан ва суянмасдан, ўрнидан туради. Саждадан аввал бошини, кейин икки қўлини, ундан кейин икки тиззасини кўтариб, иккинчи ракъатга туради.

Иккинчи ракъат ҳам худди биринчи ракъатга ўхшайди. Фақат иккинчи ракъатда такбири таҳримий, сано, аъузу ва бисмиллаҳ бўлмайди.

Иккинчи ракъатнинг иккинчи саждасини қилиб бўлганидан кейин чап оёғини ёзиб, унинг устига ўтиради ва ўнг оёғини тик қилиб, панжаларини қиблага қаратиб ўтиради. Ўнг қўлини ўнг сони устига, чап қўлини чап сони устига панжаларини ёйган ҳолда қўяди. Кейин Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ташаҳҳудни ўқийди:

«Ат-таҳийяту лиллаҳи вас-солавату ват-той­йибату. Ас-саламу алайка айюҳан-набиййу ва роҳматуллоҳу ва баракатуҳу. Ас-саламу алайна ва ала ибадиллаҳис-солиҳийн. Ашҳаду аллаа илааҳа иллалоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳу».

Ташаҳҳудда «Лаа илааҳа»ни айтаётганда ўнг қўлининг бош ва ўрта бармоқларини бир-бирига қўшиб, ҳалқа қилиб, синчалоқ ва номсиз бармоқларини йиғиб туриб, кўрсаткич бармоғи ила саббоба ишорасини қилади.

Агар намози икки ракъатли бўлса, ташаҳҳуддан кейин «Аллоҳумма солли ъала» ва «Аллоҳумма барик ъала»ларни ўқийди. Сўнг дуони ўқиб бўлиб, «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи», деб, ўнг ва чап томонларига қараб салом беради.

Агар намози уч ёки тўрт ракъатли бўлса, икки ракъатнинг ташаҳҳудини тамомлаганидан кейин учинчи ракъатга туради ва худди иккинчи ракъатга ўхшатиб, намозини давом эттиради. Намознинг охирида ўтириб ташаҳҳуд, саловот ва дуоларни ўқиб, салом беради.

Эркак кишининг намозидан аёл кишининг намози бир оз фарқ қилади. Фарқлар қуйидагича бўлади.

Аёл киши ўз намозида:

1. Такбири таҳримада икки қўлини елка баробарида кўтаради.

2. Такбир пайтида билакларини енгидан чиқармайди.

3. Икки қўлини кўксига қўйиб, қўл боғлайди.

4. Рукуъда панжаларини ёзмайди.

5. Рукуъда ортиқча эгилмайди.

6. Рукуъда икки чиғаноғини биқинига теккизиб туради.

7. Саждада қорнини сонига теккизиб туради.

8. Ўтирганда оёқларини ёнига чиқариб, ерга ўтиради.

9. Саждада икки чиғаноғини ерга қўяди.

10. Овозини чиқармайди.  

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абдуллоҳ ибн асСанобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Муҳаммад .Витр намози вожиб,, деб даъво қилди. Бас, Убода давоми...

3469 19:00 / 24.01.2024
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

7588 15:10 / 06.02.2019
Қазои қадарга бағишланган мазкур бобда бир ояти карима ва ўндан ортиқ ҳадиси шарифларни ўргандик. Албатта, бу қазои қадарга тегишли ҳамма оят ва ҳадислар шулардан давоми...

5444 13:04 / 04.11.2020
Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос ибн Усмон ибн Шофеъ ибн Соиб ибн Абдулязид ибн Ҳошим ибн Мутталиб ибн Абдуманоф кунялари Абу Абдуллоҳ алҚурайший ҳижратнинг 150 йили давоми...

5814 17:00 / 12.06.2019