Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (48-дарс). Афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс

13:50 / 28.08.2019 5691 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир – Аллоҳ қайтарган нарсадан узоқда (ҳижратда) бўлган одамдир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Термизий ва Насаийлар:

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисни Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Келинг, у киши билан танишиб олайлик.

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирдилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, у зотга нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларни рўза тутиб, кечаларни намоз ўқиб ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишингдан хабарим бор. Умринг уза­йиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишингдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:

«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бўлмаса, ҳафтада икки кун рўза тутиб, Қуръонни ўн кунда бир хатм қил», дедилар. Абдуллоҳ:

«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унда рўзадорларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб, бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил», дедилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай бу амалларида бардавом қолдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мингга яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.

Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93-йили вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятидаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни бу ҳадисда ҳақиқий афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўминларнинг таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,

«Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар «фалончини одам деса бўлади», «фалончи – ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундай таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.

Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик» «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда.

«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади. «Муҳожир» ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи) деганидир. Ҳижрат Аллоҳнинг йўлида, дийну диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушрикларнинг тазйиқи туфайли она юртлари Маккаи Мукаррамани ташлаб, Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган.

«Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир», демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Унда ҳижрат сўзининг луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижрони бўлса ҳам, Аллоҳ қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш ҳам ҳижрат ҳисобланиши мумкинлиги айтилмоқда. Дийну диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлиш муҳожирлик деб аталади. Шу боис, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлиш ҳам дийн-диёнатга амал қилиш учун бўлганлиги туфайли муҳожирлик деб аталмоқда.

Энди Термизий ва Насаий ривоятларида келган:

«Мўмин – одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» деган таърифга тўхталайлик. Иймон, мўмин сўзлари «омонлик», «ишончли» маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда «хушфеъл» маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни, ўз жонлари ва молу мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ҳамиша ишончлари комил бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонларга озор ва ёмонлик етказмасликка ҳаракат қилиш. Чунки, ким мусулмонларга хоҳ тили билан, хоҳ қўли билан, хоҳ бошқа йўл билан озор етказса, ёмонлик қилса, у мусулмонлик фазлидан маҳрум бўлади.

2. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийишга қаттиқ уриниш. Чунки гуноҳ ишларнинг ҳижрони ила муҳожирлик мақомига эришиш мумкин экан.

3. Одамларнинг жонига, қонига ва молу мулкига кўз олайтирмаслик. Ким бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотса, одамлар ундан жонлари учун, моллари учун хавфсирай бошласа, мўминлик фазилатини йўқотган бўлади.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари бугунги кунимиз учун қанчалик муҳим эканлигини гапириб ўтиришга ҳожат бормикан? Ҳозирги кунда жамиятлар тили ва қўли билан ёмонлик етказмайдиган мусулмонларга қанчалар муҳтож. Якка шахс­лар орасидаги муомалаларга қарасангиз, мусулмон мусулмонга турли йўллар билан озор бераётганини кўрасиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам ҳам муҳожир бўлишини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундай ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш мусулмон банданинг бурчи эди. Аммо бу бурчни меҳр ила, шафқат ила бажарган одамга юксак мукофот – муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, мусулмонлар бу мукофотга қанчалик интилмоқдалар?! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разолатлар жамиятимизда мутлақо бўлмас эди.

Мўминлик қандай яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки мўминлик омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда мўминлик даъвосини қилиб юрган айрим кишиларнинг қилмишларидан дийнга янги юзланганлар нафратланиб, ҳатто дийндан қайтиб кетган ҳоллари содир бўлмоқда. Ислом таълимотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашишнинг оқибати шу!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Шайтон бирингизга келиб .Буни ким яратди Уни ким яратди, дейди. давоми...

4705 20:04 / 27.11.2019
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

3575 00:00 / 10.11.2022
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдиларда, бошларининг олд қисмига, саллаларига ва икки давоми...

2593 19:00 / 19.04.2023
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳу .Намоз эллик вақт, жунубликдан ғусл қилиш етти марта, кийимдаги пешобни ювиш етти марта эди. Расулуллоҳ давоми...

2289 19:00 / 24.08.2023