Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (74-дарс). Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш

14:08 / 26.02.2020 7083 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ جَابِرٍ قَالَ: أَتَى النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم رَجُلٌ فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا الْمُوجِبَتَانِ؟ فَقَالَ: مَنْ مَاتَ لَا يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا دَخَلَ الْجَنَّةَ، وَمَنْ مَاتَ يُشْرِكُ بِاللهِ شَيْئًا دَخَلَ النَّارَ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бир одам келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди.

«Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга кириши, ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши», дедилар».

Жобир ибн Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ҳаром ал-Ансорий ас-Саламий, насаблари ансорларнинг ўртасидан бўлмиш Бани Саламадан. Оталари ва тоғалари билан «Ақаба» байъатининг иккинчисида бирга бўлганлар. Бу байъатда ансорлардан етмиш киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғалаба қозонишларига ҳисса қўшиш ва Исломни бутун ер юзига ёйишга аҳд қилиб, байъат беришган. Жобир розияллоҳу анҳу Бадр ва Уҳуд жангларидан таш­қари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштирок этган барча жангда қатнашганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн тўққизта жангда бирга бўлдим. Бадр билан Уҳуддагина отамнинг монеъликлари сабабли иштирок этмадим. Отам вафот этганларидан сўнг, бирорта жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан қолганим йўқ», дейдилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ саҳобаларнинг ичида кўп ҳадис ривоят қилганларнинг олтинчиси бўлиб, 1540та ҳадис ривоят қилганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳ Миср ва Шомга борганларида одамлар у кишидан кўп илм ўрганар эдилар. Шунингдек, Мадинаи Мунавварадаги Масжидун Набавийда ҳам илм ҳалқалари бўлиб, унда тўпланганлар у кишининг илм ва тақволаридан кўп нафланардилар.

Жобир ибн Абдуллоҳ 74-ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада вафот этдилар. Жанозаларини Онзак шаҳрининг волийси Абон ибн Усмон ўқидилар.

Ушбу ҳадиси шарифда ҳам олдингилари каби, тавҳиднинг фазли, ўз эгасига берадиган улкан самараси ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир одам келиб, икки вожиб қилувчи сифат ҳақида сўради.

«Эй Аллоҳнинг Расули, икки вожиб қилувчи нима?» деди.

Яъни, икки сифат бор экан. Улар икки нарсани вожиб қилар экан. Шу икки сифат бўлса, ортидан икки нарса келмаса бўлмас экан, ўша икки сифат қайси, демоқчи бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа ва қониқарли жавоб бердилар:

1. «Ким Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолида ўлса, жаннатга кириши» вожиб.

Биринчи сифат – муваҳҳид ҳолда, яъни Аллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлиш. Бу сифат жаннатга киришни вожиб қилади. Бунга эга бўлган одам жаннатга кирмай қолмайди. Гуноҳига яраша дўзахда ётгандан кейин бўлса ҳам, жаннатга киради.

2. «Ким Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирган ҳолда ўлса, дўзахга кириши» вожиб.

Ундай одам дўзахга кирмай қолмас. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни асло кечирмаслигини қатъий равишда таъкидлаган.

Ушбу ҳадисдан тавҳиднинг – Аллоҳга ширк келтирмасликнинг қанчалар улуғ бахт эканлигини билиб олдик. Шунингдек, ширкнинг қанчалар бадбахтлик эканлигини ҳам англаб етдик. Шундай экан, муваҳҳид бўлайлик, мушрик бўлиб қолмайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтдилар. У зот содиқу масдуқдирлар .Сизнинг ҳар бирингизнинг давоми...

5990 13:00 / 27.05.2020
Намозхонларни сафга туришга чорлаш учун айтиладиган махсус такбир .иқомат, дейилади. Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар, жумъа куни намозга нидо давоми...

3037 19:00 / 02.10.2024
Қазои қадар иймоннинг рукнларидан бўлиб, унга ҳеч қачон эътиборсизлик билан қараб бўлмайди. Бу соҳада доимо ҳушёр бўлиш керак. Ана ўша ҳушёрлик, эҳтиёткорлик давоми...

5535 13:00 / 11.11.2020
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига фиқҳий ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг давоми...

5420 17:36 / 20.06.2019