Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ الْفَضْلِ بْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الصَّلَاةُ مَثْنَى مَثْنَى، تَشَهَّدُ فِي كُلِّ رَكْعَتَيْنِ، وَتَخَشَّعُ وَتَضَرَّعُ وَتَمَسْكَنُ وَتُقْنِعُ يَدَيْكَ - يَقُولُ تَرْفَعُهُمَا - إِلَى رَبِّكَ مُسْتَقْبِلًا بِبُطُونِهِمَا وَجْهَكَ وَتَقُولُ يَا رَبِّ، يَا رَبِّ، وَمَنْ لَمْ يَفْعَلْ فَهِيَ خِدَاجٌ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.
Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Намоз икки (ракъат), икки (ракъат)дир. Ҳар икки ракъатда ташаҳҳуд ўқийсан. Хушуъ қиласан, тазарруъ қиласан, мискинлик изҳор қиласан. Икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб, Роббингга «Ё Робб!» «Ё Робб!» дейсан. Ким шундай қилмаса, намози чаладир», дедилар».
«Сунан» соҳиблари ривоят қилганлар.
Аввало ушбу ҳадиси шариф ровийси Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Фазл ибн Аббос ибн Абдулмутталиб Ҳошимий ал-Қураший, кунялари Абу Абдуллоҳ бўлиб, паҳлавон ва ботир саҳобалардан бири эдилар. Оталари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос, оналари Умму Фазл Лубоба бинти Ҳорис бўлганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Фатҳ, Ҳунайн жангларида иштирок этдилар.
Ҳажжатул Вадоъ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларига мингашганлари учун саҳобалар у кишига «мингашувчи» деб лақаб қўйишди.
Ҳаммаси бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 24та ҳадис ривоят қилдилар.
Бу кишидан инилари Абдуллоҳ ва Қусам, Умму Фазлнинг қуллари Умайр, Абу Муаббад, Абу Ҳурайра, Сулаймон ибн Ясор, Шаъбий, Ато ибн Рабоҳ ва бошқалар ривоят қилдилар. Бу зот тўплаган ҳадисларни уч «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.
Фазл ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин мужоҳид бўлган ҳолда Шомга қараб йўл олдилар. Ҳижратнинг 13-йили Фаластинда «Ажнадий» жангида шаҳид бўлдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда «Намоз икки (ракъат), икки (ракъат)дир» деганларида нафл ва таҳажжуд намозларини кўзда тутганлар. Ўша намозларни икки ракъатдан ўқиш афзалдир.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Нафл ва таҳажжуд намозлари икки ракъатдан бўлса яхшилиги.
2. Ҳар икки ракъат намоздан кейин ташаҳҳуд ўқилиши.
3. Намозда хушуъ бўлиши зарурлиги.
4. Намозда банданинг Аллоҳга тазарруъси бўлиши зарурлиги.
5. Намозда банда Аллоҳга ўзининг мискинлигини, бечоралигини изҳор қилиши зарурлиги. Зотан, намознинг сири ҳам шундадир.
6. Уламоларимиздан баъзилари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги «Икки қўлинг кафтларини юзингга қилиб кўтариб Роббингга «Ё Робб! Ё Робб!» дейсан» деганларини «Намозда «Қунут» ўқиганда қилинадиган дуо» деганлар.
Намоздан ташқаридаги дуода ҳам шундай қилиниши ҳаммага маълум.
7. Ким шундай қилмаса, намози чаладир.
Ушбу ҳадиси шарифларни ўрганиб бўлганимиздан кейин ихлос, хушуъ ва хузуъ, тазарруъ ва мискинлик ила намоз ўқиш қанчалик муҳим эканлигини тушуниб етдик.
Шундай экан, биз ҳам талаб даражасида хушуъ ва хузуъ ила намоз ўқишга, олий мақомга эришишга ҳаракат қилишимиз керак. Зеро, буюк аждодларимиз ибратидан ўрнак олиш учун баъзиларини эслаб ўтиш жоиз бўлади:
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Муслим ибн Ясорнинг ҳеч намозда у ёқ-бу ёққа қараганини кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамларнинг ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай, намозини ўқийверган».
«Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёқларига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташламаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди.
Урва ибн Зубайр:
«Ундай бўлса, кесиб ташланглар», дедилар.
Табиблар:
«Бунинг учун сизга банж (ўша даврнинг наркоз моддаси) беришимиз керак», дейишди.
У киши:
«Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», дедилар.
Табиблар:
«Ундай бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.
Урва ибн Зубайр:
«Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», дедилар.
У зот намоз ўқидилар. Баданлари титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби билан қорасон тушган оёқни сонидан кесдилар. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёққа солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида Урва ибн Зубайр намозни тугатиб, ҳушларидан кетдилар».
Бир одам қилган ишни бошқаси такрорлаши осон. Фақат ихлос ва ҳаракат бўлиши керак, холос.
Бугунги кунимизда айнан ана шу нарсалар етишмайди. Шунинг учун бўлса керак, намозларимиз талаб даражасида эмас. Бу эса ўз навбатида ҳамма нарсага ўз таъсирини ўтказади. Бу таъсирнинг энг оддий мисоли дуонинг қабул бўлмаслигидир. Дуо қабул бўлмаганидан кейин у ёғи нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверади.
Эҳтимол, бугунги кунги мусибатларимиз намозни қойиллатиб ўқимаётганимиздандир. Ўзимиз, оиламиз, жамиятимиз ва бутун инсониятга кўзланган хайр-баракага сабаб бўла олмаётганимиз ҳам, эҳтимол, шундандир?
Ўқиб, ўрганган нарсаларимизга амал қилишга ўтайлик, ҳар бир намозга Аллоҳнинг қабулига кираётгандек тайёргарлик кўрайлик. Ҳар бир намозни Аллоҳ таоло ила муножот деб билайлик. Ундаги рукуъни, хушуъни жойига келтириб ўқийлик. Натижа, Аллоҳ хоҳласа, кўп куттирмайди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.