Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (60-дарс). Саҳобия аёлларнинг одобидан ўрнак олиш

17:05 / 20.11.2019 5947 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сайтимизда берилган 59-ҳадис дарсидаги маълумотлар қуруқ назариядан иборат бўлиб қолмаслиги учун, илмий далилини ҳам келтирмоқчимиз. Биз келтирадиган далилларни юзага чиқарган одамлар мусулмон эмаслар. Уларнинг Аллоҳдан, Исломдан, ҳадисдан, Қуръондан ва Пайғамбардан умуман хабарлари йўқ. Улар Исломга ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлар. Ўз мутахассисликлари бўйича илмий баҳс олиб бориб, натижаларини эълон қилганлар, холос.

Қуйида эътиборингизга тақдим этиладиган маълумотлар «ал-Жамаҳирийя» рўзномасининг 1999 милодий сана, 17 февраль сонидан олиниб, сўзма-сўз таржима қилинди.

Эр ва аёл киши ақли орасидаги фарқ нимада?

«Эркак ва аёл кишилар фикрлаши орасидаги фарқни аниқлаш бўйича янги илмий иш олиб борган мия вазифаларини ўрганиш бўйича мутахассис жарроҳлар ўзлари эришган янги натижаларни эълон қилдилар.

Уларнинг таъкидлашларича, аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда ўн олти фоизга кичик экан. Чунки аёл кишининг ҳажми ҳам эркак кишининг ҳажмидан худди шунча ҳажмда кичикдир. Шунингдек, икковларининг мия­си ҳам бир хил вазифани бажарганда ҳам турли услубда бажаради.

Мазкур илмий кашфиётларнинг бошқа хулосалари қуйидагилардан иборат:

1. Мияни суратга олувчи MRA (магнит-резонанс таҳлил) жиҳози ёрдамида олинган маълумотларга кўра, эркак киши фикр юритганда унинг миясининг муайян қисмигина ишлар экан. Бу жараён муайян қисмда магнит нурлари бўлиб кўринар экан.

Аёл кишининг миясини суратга олганда эса магнит нурлари миянинг ҳаммасида кўринар экан. Бу ҳолат ўз навбатида, эркак киши аёл кишига нисбатан фикрни жамлашга қудратли эканлигининг далилидир.

Эркак кишининг аёл кишига нисбатан кўнгилчанликда заифроқ эканлиги ҳам илмий равишда собит бўлди. Кўнгилчанлик изҳор қилиш пайтида аёл кишининг мияси эркак кишининг миясига қараганда саккиз марта кўп ҳаракат қилишини ҳам асбоблар кўрсатди.

Шу соҳанинг табибларидан бири: «Мен руҳий ҳолатлар табиби сифатида эркак кишининг кўнгилчанлиги аёл кишиникига нисбатан оз эканлигини яхши билар эдим. Аммо, бу нарса биринчи бор илмий равишда собит бўлди. Фақат бугина эмас, балки, бошқа илмий текширишларнинг натижасига қараганда, эркак киши аёл кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишда ҳам, аёл киши эркак кишининг кўнгилчанликка оид ҳолатларини мулоҳаза ва таҳлил қилишдаги қувватига тенг кела олмаслиги собит бўлди.

Бу соҳада эркакларнинг биргина устунлиги бўлиши мумкин, у ҳам бўлса, кўнгилга оид изтиробларга ва хасталикларга оз чалинишлари, холос.

Шунингдек, эркак киши ғазабланганда қўполликка ўтиши, аёл киши эса гапиришга ўтиши, яъни гап билан орани ислоҳ қилишга ўтиши ҳам собит бўлди.

Магнит тўлқинлари ўқувчи йигитлар ўқиш ва ёзиш даврида миянинг чап тарафини, ўқувчи қизлар эса ҳам ўнг, ҳам чап тарафини ишлатишларини аён қилди. Миянинг чап тарафи мантиқ, ўнг тарафи кўнгилчанлик тарафи эканлиги маълум ва машҳур.

Тажрибанинг исбот қилишича, эркак кишининг мияси томонларни, масофаларни ва миқдорларни ҳисоблашга мос ва кучли экан.

Миядаги ёруғлик ва овозни қабул қилиб оладиган махсус бўлаклар фаолияти таққослаб чиқилганда, мазкур икки нарсани қабул қилиб олишда эркак кишининг мияси аёл кишининг миясига қараганда секин ишлар экан. Шунинг учун жуда паст овозни эркак киши эшитмас, аёл киши эса эшитар экан. Ёруғликка нисбатан ҳам худди шундай экан. Эркак кишининг мияси мантиқ ва ҳисоб билан машғул бўлганлиги учун ёруғликни қабул қилиб олишга унча аҳамият бермайди. Шунинг учун эркак киши қоронғиликда аёл кишига нисбатан кўпроқ қоқилади. У қадамларни санаш, томонларни аниқлашга уринади. Аёл киши бўлса, қоронғиликда эркак кишига нисбатан яхши кўради.

Ёш улғайиш билан эркак кишининг мияси аёл кишиникига қараганда кўпроқ кичраяди. Йигирма ёшда эркак кишининг мияси аёл кишиникидан катта бўлади. Қирқ ёшда эса икковларининг миялари тенглашади. Олтмиш ёшда аёл кишининг мияси эркак кишининг миясидан катта бўлиб қолади. Нима учун? Мутахассислар таққослаб кўрсалар, эркак кишининг ёши улғайиши билан унинг мияси кўпроқ қувват сарфлар экан ва шу туфайли кичрайиб кетар экан.

Аёл киши ўзининг аёллик хусусияти ила эркаклар қодир бўлмайдиган, ҳомила ва чақалоқнинг шикоятини англаб, уни таҳлил қилишга уста бўлади. Шунингдек, баъзи махфий нарсаларни ҳис қилиш, уларни мулоҳоза ва таҳлил қилишга қобилияти ўткир бўлади.

Эркак кишида эса хавф-хатарни даф қилиш, қийинчиликларни енгиш, ишларни тартибга солиш ва шунга ўхшаш нарсаларга қобилият кучли бўлар экан».

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аёлларнинг ўзларига алоҳида ваъз-насиҳат қилиб туриш кераклиги.

2. Садақа қилишга тарғиб этиш зарурлиги.

3. Истиғфор айтишга тарғиб этиш яхшилиги.

4. Эшитувчига ёқмаса ҳам, ҳақ гапни айтиш лозимлиги.

5. Мавжуд муаммони ҳал қилиш йўлларини айтиб бериш лозимлиги.

6. Саҳобия аёлларнинг одобларидан ўрнак олиш лозимлиги.

7. Ҳақ гапни, шариат ҳукмини эшитганда бутунлай таслим бўлиш, норози ёки хафа бўлмаслик.

8. Устоз, воъизга одоб билан савол бериш.

9. Устоздан гапга устароқ одам савол сўраши яхшилиги.

10. Қарғиш гапларни гапирмаслик.

11. Эрни беҳурмат қилмаслик.

12. Эридан ғолиб келишга уринмаслик.

13. Аёл кишининг ҳайз кўрган ҳолатда намоз ва рўзани тарк қилиши.

14. Ибодатларни қилмай туриш аёлларнинг диндаги нуқсони эканлиги.

Бу ерда ибодатларни Аллоҳнинг буйруғи билан тарк қилиш назарда тутилмоқда. Энди шаръий узри бўлмай туриб, ўз ихтиёри билан ибодатни қилмаган, намоз ўқимаган, рўза тутмаган одамга нима бўлишини ҳар ким ўзи билиб олаверсин!

15. Аёл кишиларнинг илмий мажлислар қилиб, дину диёнат ва бошқа масалаларда илм олиб туришлари зарурлиги.

Ушбу ҳадиси шарифда келган маънолар татбиқига бугунги олам жуда муҳтож. Инсониятни латиф қисми бўлмиш аёллар олами йўл қўяётган нолатифлик туфайли келиб чиқаётган муаммоларнинг сон-саноғи йўқ. Қарғиш, лаънатлаш, сўкиш оқибатида оила аъзолари, қўни-қўшни ва жамиятда қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлмоқда. Аёлларнинг ўз эрларига итоат этмаганлари оқибатида келиб чиқаётган ноқулайликларни эса ҳамма кўриб, билиб турибди.

Ислом дини ушбу икки муаммони аёлларнинг дўзахга кўп тушишига сабаб қилиб кўрсатди. Бу ишни иложи борича қилмасликка тарғиб қилди. Шу билан бирга, нима бўлса ҳам, аёллик табиатидан келиб чиқиб, гоҳида хатога йўл қўйилганида уни тўғрилаш йўлини ҳам баён қилди. Аёлларга садақа қилиш ва истиғфорни кўпроқ айтишни йўлга қўйишни тавсия қилди. Бу кўрсатмаларга амал қилиш аввало аёлларнинг ўзларига, қолаверса, эрларига, оилаларига, қариндош-уруғларига, жамиятларига ва бутун инсониятга фойда келтиради.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Айюб алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Бирортангиз қазои ҳожатга борса, қиблага юзланмасин ва давоми...

2677 11:42 / 08.02.2023
. . Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули, мени ўз қавмимга имом қилиб қўйинг,, деди. У зот .Сен уларга давоми...

592 19:00 / 23 октябрь
.Сўнгра ана шу мислича алақа зулуксимон қон бўлади,. 87дарсимизда зикр қилинган муддат мислича қирқ кун алақа ҳолида туради. .Алақа, эски китобларимизда .лахта давоми...

4619 13:00 / 03.06.2020
Исломда иймон Аллоҳ таолодан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки давоми...

4998 14:00 / 03.08.2019