Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (153-дарс). Хафалик қудуғи

17:00 / 07.09.2021 3679 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Минг афсуслар бўлсинким, бугунги кунда мужоҳидлик номига доғ тушираётганлар ичимизда йўқ эмас. Мужоҳидлик даъвосидаги уларнинг қилаётган тасарруфларини баъзилар «Буларнинг жиҳодлари Аллоҳ йўлида эмас, ҳукмга эришиш йўлида бўлган экан», деб баҳоламоқдалар. Баъзи кишилар эса, умуман, жиҳод нималигини билмай, унинг яқинига ҳам бормай туриб, ўзларини мужоҳид деб эълон қилмоқдалар.

Илм ўрганиш, ўргатиш масаласини олиб кўрайлик. Бу борада Аллоҳнинг йўлида иш олиб бораётганлар йўқ, дея олмаймиз. Лекин риёкорлик қилаётганлар ҳам етарлича. Илмни Аллоҳ учун эмас, шаҳодат учун, илмий унвон учун, одамлар ичида шуҳрат топиш учун ўқиётганлар, ўқитаётганлар ҳаддан зиёд кўп. Кўзланган натижа ҳосил бўлмаётганлиги ҳам шундан бўлса керак.

Қуръон ўқиш масаласида ҳам худди шу гапларни айтиш мумкин. Баъзи кишилар Қуръон ўқишни худди одамларнинг баҳоси, мақтови учунгина жорий бўлган нарса деб тушунишади.

Бугунги ҳаётимизда энг кўп учрайдиган риёкорлик молу пул сарфлашда, десак, муболаға бўлмас. Ҳатто хайр-эҳсон қилишда ҳам риёкорлик авж олган. Шариатимиз кўрсатганидек, молу пулидан ихлос билан садақа қиладиганлар жуда кам. Очиқдан-очиқ одамлар кўрсин, одамлар эшитсин, одамлар билсин, дейишга ўтиб кетилди.

Ушбу ҳолатлар динимиздан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан қанчалар узоқлашиб кетганимизни кўрсатади. Агар ҳақиқий саодатга эришмоқчи бўлсак, ҳар бир нарсада динимиз кўрсатмасига биноан иш тутишимиз, жумладан, ҳар қандай риёни ташлаб, одамлар ундай десин, одамлар бундай десин, деган ният билан эмас, ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини тилаб амал қилишни ўрганишимиз лозим. Ана шундагина қилган амалларимиз икки дунёмиз учун фойдали бўлади.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم:قَالَ تَعَوَّذُوا بِاللهِ مِنْ جُبِّ الْحَزَنِ، قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَا جُبُّ الْحَزَنِ، قَالَ: وَادٍ فِي جَهَنَّمَ تَتَعَوَّذُ مِنْهُ جَهَنَّمُ كُلَّ يَوْمٍ مِائَةَ مَرَّةٍ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ وَمَنْ يَدْخُلُهُ؟ قَالَ: الْقُرَّاءُ الْمُرَاءُونَ بِأَعْمَالِهِمْ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар.

Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дейишди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Қуръон – Аллоҳнинг каломи. Қуръон ўқиган одамга улкан мартабалар, чексиз ажру савоблар ваъда қилинган. Мусулмонлар қалбида Қуръони Каримнинг алоҳида ўрни, ҳурмати, эъзози бор. Шунинг учун Қуръони Каримга тегишли бўлган ҳар бир нарса мусулмонлар оммаси томонидан алоҳида эъзозланади, ҳурмат қилинади. Баъзи кишилар ана ўша нарсага берилиб, Қуръон ўқиш Аллоҳ учун бўлиши зарурлигини унутиб қўядилар ва риёкорликка ўтиб қоладилар.

Ҳадиси шарифда ана шу хатонинг оқибати қанчалар ёмон бўлиши айтилмоқда. Лекин бу нарса тўғридан-тўғри айтилмай, аввал эшитувчи ушбу маънони тўлиғича қабул қилишга тайёрланмоқда. Сўзнинг бошида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолодан Жуббул Ҳазандан сақлашини сўранглар», дедилар».

Агар «Жуббул Ҳазан»ни сўзма-сўз таржима қиладиган бўлсак, «Хафалик қудуғи», дейишимиз мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромларга насиҳат қилиб, Жуббул Ҳазаннинг ёмонлигидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан паноҳ сўрашни тавсия этмоқдалар. Жуббул Ҳазан унчалик маълум ва машҳур эмас экан. Унинг нималигини саҳобаи киромлар ҳам билмас эканлар. Шунинг учун:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Жуббул Ҳазан нимадир?» дедилар».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга қисқа жавоб бердилар.

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жуббул Ҳазан жаҳаннамдаги бир водий бўлиб, ундан жаҳаннам (қўриқчилари) ҳам ҳар куни юз марта паноҳ сўрайдилар», дедилар».

Маълумки, жаҳаннам қўриқчилари кучли, қўпол, шафқатсиз фаришталар бўлиб, жаҳаннамийларни азоблаш ва шунга ўхшаш жаҳаннамга тааллуқли бўлган бошқа ишларни бажариб юрадилар. Ўз-ўзидан маълумки, улар унча-мунча нарсадан таъсирланмайдилар ҳам, қўрқмайдилар ҳам. Аммо Жуббул Ҳазан шундай даҳшатли ва қўрқинчли нарса эканки, унинг қўрқинчларидан ўша жаҳаннам қўриқчиси бўлмиш фаришталар ҳам ҳайиқиб, Аллоҳ таолодан ҳар куни юз марта паноҳ сўраб турар эканлар. Бу жавобдан Жуббул Ҳазаннинг нима эканлиги маълум бўлади. Ундан паноҳ сўраш лозимлиги яна ҳам равшанлашади. Шу билан бирга, унга ким кириши мумкинлиги ҳақида савол пайдо бўлади. Шунинг учун ҳам:

«Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унга кимлар кирадилар?» дедилар».

Асл мақсад ҳам шуни айтиш эди. Энди айни ҳақиқатни билдириш пайти келган эди:

«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амаллари ила риё қилувчи қорилар», дедилар».

Демак, Жуббул Ҳазанга Қуръонни Аллоҳ учун эмас, одамлар мақташлари учун, фалончи яхши қори, Қуръонни яхши ўқийди, ундай қилади, бундай қилади, дейишлари учун ўқийдиган қорилар кирадилар!

Қаранг, Аллоҳнинг каломи ихлос билан эмас, риёкорлик учун ўқилса, қанчалик оғир оқибатларга олиб келиши мумкин экан.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жаҳаннамда Жуббул Ҳазан номли водий борлиги.

2. Жуббул Ҳазанга тушишдан Аллоҳдан паноҳ сўраш лозимлиги.

3. Жаҳаннамга хизматкор қилиб қўйилган фаришталар ҳам ҳар куни юз марта Жуббул Ҳазанга тушишдан сақлашини Аллоҳ таолодан сўраб туришлари.

4. Бир нарсани эшитганда нималигини билмаса, сўраб олиш жоизлиги.

5. Жаҳаннамга, ундаги баъзи маълум жойларга кимлар кириши тўғрисида ҳам савол бериш жоизлиги.

6. Жаҳаннамдаги Жуббул Ҳазан водийсига риёкор қорилар кириши.

7. Риёкорликнинг ниҳоятда ёмонлиги.

Илгари билмаган бўлсак, энди билдик. Ушбу ҳадисга дарҳол амал қилишга ўтишимиз, Қуръонни фақат Аллоҳнинг розилиги учунгина ўқимоғимиз лозим. Қуръон ўқишдаги риёкорликнинг оқибати шунчалар бўлса, бошқа амаллардаги риёкорликнинг оқибати қандай экан?

                                                                                         «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ичингизда кечаси бир хил фаришталар, кундузи бир давоми...

1904 19:00 / 07 февраль
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг ваҳийсининг бир тури экани, бу каби масалаларда у зот алайҳиссалом ўзларидан чиқариб давоми...

5145 17:03 / 03.05.2018
.Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар эди,. Аллоҳ, шубҳасиз, бунга қодир. Мисол учун, фаришталарни шундай қилиб яратди. Улар доимо итоаткор, исёнсиз табиат давоми...

4273 14:01 / 05.08.2020
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Донни ёрган ва жонни халқ қилган Зот билан қасамки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга мени фақат мўмингина яхши давоми...

6274 19:35 / 22.08.2019