Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (92-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (олтинчи мақола)

13:00 / 01.07.2020 5441 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

قِيْلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، بَيِّنْ لَنَا دِينَنَا كَأَنَّا خُلِقْنَا الْآنَ، فَفِيمَ الْعَمَلُ الْيَوْمَ، أَفِيمَا جَفَّتْ بِهِ الْأَقْلَامُ وَجَرَتْ بِهِ الْمَقَادِيرُ أَمْ فِيمَا نَسْتَقْبِلُ؟ قَالَ: لَا، بَلْ فِيمَا جَفَّتْ بِهِ الْأَقْلَامُ وَجَرَتْ بِهِ الْمَقَادِيرُ، قَالَ: فَفِيمَ الْعَمَلُ؟ قَالَ: كُلُّ عَامِلٍ مُيَسَّرٌ لِعَمَلِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَلَفْظُهُ: قَالَ عُمَرُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَرَأَيْتَ مَا نَعْمَلُ فِيهِ أَمْرٌ مُبْتَدَعٌ أَوْ فِيمَا قَدْ فُرِغَ مِنْهُ؟ فَقَالَ: فِيمَا قَدْ فُرِغَ مِنْهُ يَا ابْنَ الْخَطَّابِ كُلٌّ مُيَسَّرٌ، أَمَّا مَنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ السَّعَادَةِ فَإِنَّهُ يَعْمَلُ لِلسَّعَادَةِ، وَأَمَّا مَنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ الشَّقَاءِ فَإِنَّهُ يَعْمَلُ لِلشَّقَاءِ.

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизга динимизни худди ҳозир халқ қилинганимиздек баён қилиб беринг. Бугун нима учун амал қилинади? Қаламлар қуриган ва тақдирлар жорий бўлган нарсаларгами ёки келажакда кутиб оладиганимиз нарсаларгами?» дейилди.

«Қаламлар қуриган ва тақдирлар жорий бўлган нарсаларга», дедилар.

«У ҳолда амал нима учун?» дейилди.

«Ҳар бир амал қилувчи ўз амалига муяссар қилингандир», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. Термизийнинг лафзида:

«Умар:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, биз амал қилаётган нарса янги чиққан ишми ёки фориғ бўлинган нарсами?» деди.

«Фориғ бўлинган нарса, эй Ибн Хаттоб! Ҳамма (ўз тақдирига) муяссардир. Ким саодатмандлардан бўлса, саодат сари амал қилади. Ким бадбахтлардан бўлса, бадбахтлик сари амал қилади», дедилар».

Шарҳ: «Жаннат аҳлининг кимлиги ҳам, дўзах аҳлининг кимлиги ҳам билинган бўлса, унда овора бўлиб амал қилишнинг нима кераги бор?» Ана шу маънодаги саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳамма (ўз тақдирига) муяссардир. Ким ‎саодатмандлардан бўлса, саодат сари амал қилади. Ким ‎бадбахтлардан бўлса, бадбахтлик сари амал қилади‎», деб жавоб бердилар.

Бу жумлани уламоларимиз: «Ҳар бир инсон ўзи учун халқ қилинган амалга муяссар бўлади: саодатманд инсон саодат аҳлининг амалига, бадбахт инсон эса шақоват аҳлининг амалига муяссар бўлади. Шунинг учун Аллоҳ амр қилган амалларни қилиш ҳар бир инсондан матлубдир», деб тушунтирганлар.

Ҳа, Аллоҳ таоло барча бандаларини амал қилишга амр этган. Шариатнинг ҳукмлари ҳам, Қуръони Карим ҳам, Суннат ҳам Аллоҳнинг бандаларига қилган амрларидан иборатдир. Бандадан ушбу амрларга амал қилиш талаб қилинган. Бу талабни бажарган бандага эса саодат ваъда қилинган.

Шунингдек, бандаларга қазои қадарга иймон келтириш амр қилинган. Қазои қадарга иймон келтирган бандага саодат, иймон келтирмаган бандага бадбахтлик ваъда қилинган.

Аммо бандаларга қазои қадар тўғрисида тортишиш, чуқур кетиш буюрилмаган. Аллоҳнинг бу ҳақдаги илмини билиш ҳам, қазои қадарни баҳона қилиб, амални тарк этиш ҳам амр қилинмаган.

Ушбу ҳадиси шарифда мусулмон инсон келгуси ишларда қазои қадарни қандай тушуниши лозимлиги баён этилган. Мусулмон инсон бўлажак ишларда «Ҳар бир инсон ўзи учун яратилган амалга муяссар бўлади» жумласини шиор қилиб олиб, ўзини амалга уриши керак. Ўзи учун яхши амалларни қилиш муяссар эканини исботлашга ҳаракат қилиши лозим.

Бундай яхши ишларга муяссар бўлганда эса хурсанд бўлиши даркор. Баъзи кўнгилсиз ишлар бўлиб қолганда уларни хато, ожизлик ҳисоблаб, дарҳол тавба қилиши, ўзи учун ёмон амаллар муяссар эмаслигини исбот қилишга уриниши керак.

Бўлажак ишлар қаршисида мусулмон инсон ўзини қазои қадарга нисбатан қандай тутиши лозимлиги тўғрисидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баёнлари, саҳобаи киромларнинг ҳамда салафи солиҳларимизнинг тушунчалари ва амаллари ана шундан иборат. Улар доимо ўзларини яхши ишга муяссар кишилар, дея ҳисоблаб яшаганлар. Мусулмон бўлишларини катта бахт аломати деб билишган ҳамда ҳаётлари давомида ўзларини доимо яхши ишга уриб яшаганлар. Тақво билан бетавфиқликка бирданига дуч келсалар, яхши амалга муяссар бўлиш ниятида ўзларини тақвога урганлар. Сахийлик билан бахилликка дуч келсалар, ўзларини сахийликка урганлар. Ишчанлик ва дангасаликка дуч келсалар, ўзларини ишчанликка урганлар. Бутун умрларини «Нима қилсам, кўпроқ савобга эришар эканман?» деган фикр ва ҳаракат билан ўтказганлар. Шунинг учун ҳам улар чарчоқ, машаққат, қийинчилик ва ўлимдан заррача қўрқмаганлар. Шунинг учун ҳам барча тўсиқларни осонлик билан енгганлар. Шунинг учун ҳам уларга доимо муваффақият ёр бўлган.

Қазои қадарга бўлган шу шаклдаги иймон заифлашганда эса ҳамма ишлар орқага кетди. Амал қилиш ўрнига қазои қадарни тескари таъвил қилиб, «Амалнинг фойдаси бўлармикан ёки йўқми?» деб, қуруқ сафсата сотилганда ишлар расво бўлди. Бунинг натижасида беҳуда жанжал кўпайди. Исломий фазилатлар ўрнини иккиланиш, қўрқоқлик, дангасалик ва бошқа разолатлар эгаллади.

Натижада салафи солиҳлар ўрнига Қуръони Каримда айтилганидек, «Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, ‎‎‎шаҳватларга эргашдилар» ‎(Марям сураси, 59-оят)‎.

Мусулмонлар ўз шахсиятларини, муносиб ўринларини тикламоқчи бўлсалар, қазои қадарга бўлган иймонларини аввалги соф ҳолига келтиришлари ҳам ўта зарур ишлардан бири эканини унутмасликлари керак.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Музайнадан икки киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Айтинг-чи, бугун одамлар нима учун амал қилмоқдалар ва чарчамоқдалар? Уларга қазо қилинган ва ўтган нарсагами ёки келажакда кутиб оладиган нарсаларигами?» дейишди.

«Йўқ! Уларга қазо қилинган нарсага. Бунинг тасдиғи Аллоҳ азза ва жалланинг Китобида бор: «‎Ва нафс билан ва унинг бекамикўст қилиниши билан ‎қасам. ‎Унга фужурини ва ‎тақвосини илҳом қилди», дедилар».

Муслим ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги савол ҳам ўтган ҳадиси шарифлардаги саволларнинг бошқача шаклда ифодаланган нусхасидир. Шунинг учун Пайғамбар алайҳиссалом жавобни ҳам ўзига яраша бермоқдалар ҳамда далил учун бошқа бир ояти каримани келтирмоқдалар:

«‎Ва нафс билан ва унинг бекамикўст қилиниши билан қасам. ‎Унга фужурини ва ‎тақвосини илҳом қилди» («Шамс» сураси, 7-8-оятлар).

Аллоҳ таоло инсон нафсини мўътадил қилиб, яъни тақвони ҳам, фужурни ҳам, яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам қабул қилишга лаёқатли қилиб яратган.

Аллоҳ таоло инсонга ҳақ билан ботилни ажратишга ярайдиган ақл берган.

Аллоҳ таоло динни юбориб, нима қилиш кераг-у, нима қилмаслик кераклигини ҳам баён қилган.

Аллоҳ таоло инсонга ҳақни қилиб, ноҳақдан четда бўлишга, яхшиликни қилиб, ёмонликдан четда бўлишга, ростни айтиб, ёлғондан четда бўлишга қудрат ҳам берган.

Инсон Аллоҳ таоло берган ақлни ишга солиб, Аллоҳ таоло юборган диндан ўрганиши ва Аллоҳ таоло берган қудратни ишга солган ҳолда ҳақни қилиб, ноҳақдан четда бўлиши, яхшиликни қилиб, ёмонликдан четда бўлиши, ростни айтиб, ёлғондан четда бўлиши лозимдир.

Ҳа, ҳар бир банда ўзи нима учун халқ қилинган бўлса, унга ўша нарса муяссар қилинади. Ҳар бир банда қилганига қараб, жаннат ёки дўзахга киритилади. Буларнинг ҳаммасини Аллоҳ таоло азалдан билиб туради.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШдавоми Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат унга жой давоми...

5470 18:12 / 08.08.2017
Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Дин насиҳатдир,, дедилар..Ким учун, дедик..Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У давоми...

5072 16:45 / 02.10.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан жорий садақадан, давоми...

3233 19:30 / 18.05.2022
.Байъат, сўзи луғатда олдисотдини англатади. Шариатда эса байъат кишиларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат ҳақида берган аҳдномаларини ифода давоми...

4923 13:30 / 16.12.2020