Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намознинг охиридаги дуо мақбул эканлиги | Ҳадис дарслари (335-дарс)

19:00 / 02 июль 1702 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ بَيْنَ التَّشَهُّدِ وَالتَّسْلِيمِ: اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِي مَا قَدَّمْتُ وَمَا أَخَّرْتُ، وَمَا أَسْرَرْتُ وَمَا أَعْلَنْتُ، وَمَا أَسْرَفْتُ وَمَا أَنْتَ أَعْلَمُ بِهِ مِنِّي، أَنْتَ الْمُقَدِّمُ وَأَنْتَ الْمُؤَخِّرُ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ташаҳҳуд билан саломнинг орасида қуйидагиларни айтар эдилар:

«Аллоҳим, менинг олдин қилганимни, кейин қилганимни, махфий қилганимни, ошкора қилганимни ва ортиқча қилганимни ва Сенинг Ўзинг мендан яхши билганингни мағфират қилгин. Сенинг Ўзинг олдинга ўтказувчи ва Сенинг Ўзинг ортга сурувчисан. Сендан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуонинг ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин ўқилиши.

2. Намозда ушбу маънода дуо қилишнинг яхшилиги.

عَنْ مِحْجَنِ بْنِ الْأَدْرَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: دَخَلَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَسْجِدَ فَإِذَا هُوَ بِرَجُلٍ قَدْ قَضَى صَلَاتَهُ وَهُوَ يَتَشَهَّدُ وَيَقُولُ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ يَا اللهُ الْأَحَدُ الصَّمَدُ الَّذِي لَمْ يَلِدْ وَلَمْ يُولَدْ، وَلَمْ يَكُنْ لَهُ كُفُوًا أَحَدٌ، أَنْ تَغْفِرَ لِي ذُنُوبِي إِنَّكَ أَنْتَ الْغَفُورُ الرَّحِيمُ، قَالَ فَقَالَ: قَدْ غُفِرَ لَهُ، قَدْ غُفِرَ لَهُ ثَلَاثًا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ.

Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кириб, бирдан намозни тугатиб, ташаҳҳуд ўқиётган ва:

«Аллоҳим! Эй Аҳад, Сомад, туғмаган ва туғилмаган ва Унга ҳеч бир тенг бўлмаган Зот! Албатта, мен Сендан гуноҳларимни мағфират қилмоғингни сўрайман», деб дуо қилаётган кишини кўрдилар ва:

«Батаҳқиқ, у мағфират қилинди», деб уч марта айтдилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ушбу ҳадиси шарифнинг ровийcи Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Миҳжан ибн ал-Адраъ Асламий ал-Маданий моҳир чавандозлардан бўлиб, Мадинада истиқомат қилганлар. Кейин Басрага кўчиб ўтдилар ва ана шу ердаги масжиднинг атрофини девор билан ўраб чиқдилар.

Бу зот узоқ умр кўрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бешта ҳадис ривоят қилганлар.

Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳудан Ҳанзала ибн Али ал-Асламий, Ружо ибн Абу Ружо, Абдуллоҳ ибн Шақиқ ва бошқалар ривоят қилдилар. У киши ривоят қилган ҳадисларни учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар.

Миҳжан ибн ал-Адраъ розияллоҳу анҳу ҳижратнинг 60-йили Муовиянинг халифалик даврида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Дуонинг ташаҳҳуддан кейин ўқилиши.

2. Киши ўз кўнглидаги дуони қилиши мумкинлиги.

3. Намознинг охиридаги дуо мақбул эканлиги.

4. Башоратли ва муҳим гапни уч марта қайтариб айтишнинг яхшилиги.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 5-жузи

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2024 йил 23 январдаги 03-07/362-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Намозга такбир айтилса, фарз намоздан бошқа намоз бўлмас,, давоми...

2619 19:00 / 18.06.2024
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

5258 21:30 / 12.05.2021
. . Абу Ҳорун алАбдийдан ривоят қилинади .Абу Саъийднинг ҳузурига борсак .Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. давоми...

6511 18:00 / 06.04.2022
Мухтасар қилиш рағбати ила барча такрор ривоятлар шарҳига фиқҳий ҳукмларни ўзида жамлаган бир ривоятни олиш билан кифояландим. Шунингдек, санаддан ҳадиснинг давоми...

5420 17:36 / 20.06.2019