Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (111-дарс). Қадария бу умматнинг мажусийларидир ёхуд улар оташпарастлардир

13:00 / 18.11.2020 4161 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Бидъат» истилоҳи иймон-эътиқод бобида «бузуқ ақийда» маъносини англатади. Қадария ва Муржиъа мазҳаблари тўғрисидаги маълумот Аллоҳнинг ёрдами ила ҳадислар шарҳида келади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْقَدَرِيَّةُ مَجُوسُ هَذِهِ الْأُمَّةِ إِنْ مَرِضُوا فَلَا تَعُودُوهُمْ وَإِنْ مَاتُوا فَلَا تَشْهَدُوهُمْ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария бу умматнинг мажусийларидир. Агар бемор бўлсалар, кўргани борманглар, ўлсалар, (жанозаларига) қатнашманглар», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис мусулмонлар ичидан чиқадиган маълум бир тоифа – Қадарияга бағишланмоқда.

Бу тоифа қадар масаласида адашган тоифа бўлганлиги учун ушбу номни олган. Аниқроғи, улар қадарни инкор қилганлиги учун шундай аталишган. Бу тоифа қадарга ишонмайдиган кишилардир. Улар: «Дунёдаги бандага хос ишлар банданинг ихтиёри билан бўлади, банда ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар.

Қадария бошқа мазҳабларга ўхшаб, алоҳида бир тоифага ажраб, имоми бўлиб, давомчилари маълум минтақаларга тарқалган эмас. Балки ким юқоридаги ақийдани қилса, ўшанга қадария дейи­лаверган. Қадария мазҳабининг энг кўзга кўринган намояндалари мўътазилийлардир.

Мўътазилийлар алоҳида ақийдавий мазҳаб, йўналиш соҳиблари бўлиб, бошқа баъзи бир ақийдавий масалаларда ҳам уларнинг Аҳли сунна ва жамоа маз­ҳабига хилофлари бор. Жумладан, қадар масаласида ҳам юқорида зикр қилинган эътиқодда бўлганлари учун улар «Қадария» деб ҳам аталади.

Қадария мазҳабига юрганларнинг асосий хатоси инсонга берилган ихтиёрга муболаға билан қараб, Аллоҳнинг шомил ихтиёрини чеклашга уринишдир. Улар инсонда ихтиёр борлигига далолат қилувчи оят ва ҳадисларни ҳаддан ошириб, унинг ихтиёри чекланганлиги ва Аллоҳнинг ихтиёрига тобеълиги ҳақидаги далилларни ўз фикрларига мослаб таъвил қилиш билан овора бўлганлар. Оқибатда залолатга кетганлар.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қадария бу умматнинг мажусийларидир», демоқдалар, яъни Қадария мазҳабига юрганларни Ислом умматининг мажусийлари эканлигини эълон қилмоқдалар. Нима учун? Бу саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар: «Маълумки, мажусийлар оташпарастлардир. Улар қуёшга ёки оловга ибодат қиладилар. Уларнинг эътиқодлари бўйича, икки асл илоҳ бор: Нур худоси ва Зулмат худоси, яъни, яхшилик худоси ва ёмонлик худоси. Ҳамма яхшиликларни Нур худоси, барча ёмонликларни эса Зулмат худоси қилади.

Қадария мусулмонлардан бир тоифа бўлиб, улар қадар йўқ дейишади. Улар: «Банда ўзининг ихтиёрий амалларини ўзи яратади», дейдилар. Шу эътиқодларига биноан, уларнинг фикрича, Холиқ иккита бўлади: Аллоҳ таоло ва ўз ихтиёрий амаллари бўйича инсон. Шунинг учун, яъни икки холиқ бор, деб эътиқод қилганлари учун ҳам Қадария «Иккита илоҳ бор», деб эътиқод қилувчи мажусийларга ўхшатилган».

Қадариянинг фикри ўта хатарли эканлигини аввалги фикрларимизда таъкидлаб ўтдик. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг давомини ўрганар эканмиз, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни уларга умуман яқинлашмасликка амр қилаётганларини кўрамиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар касал бўлсалар, кўргани борманг­лар», демоқдалар.

Бу гап ниҳоятда оғир гап. Чунки Исломда бемор мусулмонни бориб кўриш бошқа мусулмонларнинг бурчидир, беморнинг бошқа мусулмонлар зиммасидаги ҳаққидир.

Қадария эътиқодида бўлган кимсалар мана шу ҳақдан маҳрум қилинмоқдалар. Бу бир тарафдан соф эътиқодли киши учун эҳтиёт чораси: Қадария эътиқодидаги кимсани кўргани бориб, унинг бузуқ ақийдасидан таъсирланиб қолишнинг олдини олиш. Иккинчидан, ўша бузуқ ақийдадаги одам учун жазо. Чунки соф ақийдали мусулмонлар бемор кишини унинг бузуқ ақийдасидан ҳазар қилиб, кўргани келмасликлари унинг учун ўлимга тенгдир. Учинчидан, бу бошқаларга ибрат ҳам. Одамлар «Фалончи Қадария ақийдасида бўлгани учун соф эътиқодли мусулмонлар уни кўргани боришмабди, биз ҳам шунга ўхшаб қолмайлик», деб ўзларини эҳтиёт қиладилар, турли бузуқ ақийдали кишиларга эргашмайдилар. Сўнгра у зот:

«...ўлсалар, (жанозаларига) қатнашманглар», дедилар.

Бу ҳам ўта қаттиқ ижтимоий жазодир. Ўлган мусулмонни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб, дафн қилиш тирик мусулмонлар учун фарзи кифоядир. Бу ерда эса Қадария эътиқодида бўлган кимсанинг жанозасига умуман бормасликка амр бўлмоқда. Бунда ўлган кимса эътиқодидаги тирик бузуқиларга катта танбеҳ ва мусулмонлар оммаси учун кучли эслатма бор. Агар ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган чоралар мусулмонлар томонидан оқилона ва уюшқоқлик билан татбиқ қилинганида, Аҳли сунна ва жамоа мазҳабидан бошқа бузуқ ақийдадаги одамлар камроқ бўлармиди?

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қадария ақийдасининг хатарлилиги.

2. Қадария мусулмон умматининг мажусийлари эканлиги.

3. Аҳли сунна ва жамоага хилоф бўлган қадарияга мансуб ақийдадаги беморларни кўргани бормаслик лозимлиги.

4. Аҳли сунна ва жамоага хилоф бўлган қадарияга мансуб ақийдадаги кимсаларнинг жанозасига бормаслик лозимлиги.

Ушбу ҳадиси шариф мусулмонларнинг ақийдасини софлигича сақлаб қолишда катта аҳамият касб этади. Аввало Қадария эътиқодидаги кишиларнинг кимлигини фош этиб, мусулмонлар оммаси огоҳлантирилди. Қолаверса, мусулмонларнинг ўзлари ҳам ақийдаларининг софлиги учун курашишлари лозимлиги баён қилинди.

Халқ ичидаги обрў-эътибор ақийданинг соф­лиги, дийндорликнинг даражаси билан ўлчангандагина мусулмонлар ўз жамиятлари устидан яхши ва тўғри жамоатчилик назорати ўрнатган бўладилар.

 «Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир сафарга чиққан эдик. Биздан бир кишига тош тегиб, бошини ёриб қўйди. давоми...

1451 19:00 / 06.12.2023
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламquotАллоҳумма инний аъзу бика мин ғалабатит дайни ва ғалабатил ъадувви ва шамататил аъдаиquot. Маъноси Ё Аллоҳ Қарзга ботиб, давоми...

17777 06:36 / 02.08.2018
. . . . . Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1484 19:00 / 17 январь
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ давоми...

6632 14:10 / 09.01.2019