Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадис сони | 2024 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 171-дарс. Аллоҳ ёрлақасин!

16:00 / 02.02.2022 3245 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биздан бир нарсани эшитиб, уни худди эшитганидек қилиб етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин. Бас, баъзи етказилган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан эшитилган илмни бошқаларга қандай эшитган бўлса, шундай етказишга тарғиб қилмоқдалар ва ортидан ана шу етказиш туфайли келадиган фойдалардан бирини эслатиб қўймоқдалар. Эшитганлар қандай эшитса, шундай қилиб етказиб қўйсалар, ўша етказилган одамлар ичидан ўша нарсани бевосита эшитган одамдан ҳам кўра чуқурроқ англаб етадиган кишилар етишиб чиқишини башорат қилмоқдалар.

Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қандай эшитсалар, шундай ривоят қилганлар. Ривоятда бирор нарсани ўзгартирмаганлар. Агар баъзи бир изоҳ учун айтилган қўшимча сўз ёки ҳаракатлар бўлса, уларни алоҳида айтиб, қўшимча эканлигини билдириб қўйганлар. Баъзи бир сўзларни аниқ эшита олмаган бўлсалар, ривоят давомида уни ҳам таъкидлаб кетганлар. Бу руҳ саҳобалардан кейинги авлод – тобеъинлар авлодига ҳам ўтган. Шундай қилиб, бу нарса авлоддан-авлодга ўтиб, китобларга битилиб, бизгача етиб келган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан бир нарсани эшитиб, худди эшитгандек қилиб бошқаларга етказган одамни «Аллоҳ ёрлақасин!» деб дуо қилмоқдалар. Яъни, Аллоҳ унинг юзини ёруғ, кўринишини гўзал қилсин, демоқдалар. Бу сўзлари икки дунёимизга ҳам тегишлидир. Мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини оғизларидан чиққан ҳолида авлоддан-авлодга етказиб келаётганлари шу сабабдандир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган нарсани бошқаларга худди эшитгандек қилиб етказиш ўта аҳамиятлидир. Чунки у зотдан эшитиладиган нарса Қуръон оятлари ёки ҳадис бўлади.

Қуръоннинг бир ҳарфини, ҳатто нуқтасини ўзгартириш улкан гуноҳ эканлиги ҳаммага маълум. Чунки у илоҳий дастур, унинг лафзи ҳам мўъжизадир. Агар Қуръонни бир нуқтаси бузилса, илоҳий дастур бузилади, ундан чиқариладиган ҳукм ўзгаради, унинг мўъжизалигига путур етади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитиладиган иккинчи нарса эса ҳадисдир. Ҳадис – Ислом шариатининг Қуръондан кейинги иккинчи масдари. Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлса, ҳадис маъноси Аллоҳники, лафзи Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламники бўлган каломдир. Худди Қуръони Карим сингари, ҳадиси шарифдан ҳам шаръий ҳукмлар чиқарилади. Агар ҳадиснинг бирор ҳарфи ўзгариб қолса, мазкур нарсаларга путур етиши турган гап.

Иккинчидан, ҳадислардан жуда кенг маънолар, баъзи ҳолларда эса кейинчалик тўла кашф этиладиган маънолар ҳам чиқади. Агар ҳадис эшитилгандек ривоят қилинмаса ва эшитувчи шахс ўзи тушунган маънони ривоят қилса, унда ҳам путур етади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказиладиган одам эшитувчидан кўра англовчироқдир» деганларининг ҳикмати ҳам шунда!

Бир ҳадисни эшитган саҳобий уни ўз замони ва шароитига биноан тушунса, кейин етказилган одам ўз замони ва шароити, юз берган ўзгаришлар, илмий кашфиётлар асосида бошқача, кенгроқ тушуниши мумкин.

Айниқса ҳозирги кунимизга келиб, бу нарса жуда ҳам равшан кўзга кўринмоқда. Шу боис, ҳадиси шарифлардаги сир-асрорларни, мўъжизаларни ўрганиш бўйича алоҳида илмий текшириш ва тадқиқот ташкилотлари ҳам тузилган.

Шу билан бирга, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ўша вақт, ўша шароитда, ўша жамиятда бўлмаган нарсалар билан бир қаторда келажакда бўладиган нарсалар ҳам келган. Бу нарса ҳам ҳадисларни қандай эшитилган бўлса, шундайлигича ривоят қилишни тақозо этади.

Ўтган ҳадис шарҳларининг бирида айтилганидек, уламоларимиз «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Баъзи етказилган одам етказувчидан кўра англовчироқдир», деганлари кейинги авлод мусулмонлари ичидан оз бўлса ҳам, ўта яхши фикрловчи, англовчи кишилар чиқишига ишорадир», деганлар.

Хулоса қилиб айтганимизда, бу ҳадисда икки нарсага алоҳида эътибор берилмоқда:

1. Ўзи билган илмни ўзгаларга етказиш зарурлиги.

2. Бировдан эшитган нарсани эшитганидек қилиб етказиш.

Биз ҳаётимизда бу икки нарсага ҳам жуда муҳтожмиз. Илмни бошқаларга етказишга бўлган эҳтиёжимиз ҳақида кўп гапирдик. Бировдан эшитган нарсани бузмасдан, худди ўзидек қилиб бошқаларга етказиш ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. Чунки бировдан эшитган нарсани ўзидек қилиб етказмаслик омонатга хиёнатдир, ёлғончилик ва бўҳтондир. Бу иш кўплаб тушунмовчиликларга, баҳсларга сабаб бўлади. Айниқса, шариатга тегишли нарсада ҳалолни ҳаромга, ҳаромни ҳалолга, савобни гуноҳга, гуноҳни савобга аралаштириб юбориш мумкин.

Шунинг учун ҳам ҳар бир эшитган гапни бошқаларга етказаётганда ўта ҳушёр бўлиш керак. Бир сўзни ҳам, ҳатто оҳангни ҳам бузмасдан нақл қилиш ҳар бир мусулмондан талаб этилади.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди ушбу сатрлар ёзилаётган тилда сўзлашувчи халқлар юрти ndash Мовароуннаҳрдаги ҳадис илми тарихи, муҳаддислар ҳақида қисқача сўз юритиб ўтайлик. Бу борада аввал давоми...

5537 21:00 / 13.03.2019
. . Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан очиқ жойдаги, турли ҳайвонлар, йиртқичлар келибкетиб давоми...

3251 19:00 / 02.09.2022
. . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. давоми...

1121 19:00 / 22 май
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Қайси амал афзал, деб сўралди..Аллоҳга ва Унинг давоми...

7377 13:40 / 29.01.2020