Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 шаъбон | 2025 йил 18 февраль, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Имом ва муаззинларнинг масъулиятлари | Ҳадис дарслари (302-дарс)

19:00 / 09.10.2024 763 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي صَعْصَعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ أَبَا سَعِيدٍ الْخُدْرِيَّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ لَهُ: إِنِّي أَرَاكَ تُحِبُّ الْغَنَمَ وَالْبَادِيَةَ، فَإِذَا كُنْتَ فِي غَنَمِكَ أَوْ بَادِيَتِكَ فَأَذَّنْتَ بِالصَّلَاةِ فَارْفَعْ صَوْتَكَ بِالنِّدَاءِ، فَإِنَّهُ لَا يَسْمَعُ مَدَى صَوْتِ الْمُؤَذِّنِ جِنٌّ وَلَا إِنْسٌ وَلَا شَيْءٌ إِلَّا شَهِدَ لَهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. قَالَ أَبُو سَعِيدٍ سَمِعْتُهُ مِنَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«У кишига Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳу:

«Мен сенинг қўйни ва чўлни яхши кўришингни билмоқдаман. Қачонки қўйинг ичида, чўлингда бўлсанг-у, намозга азон айтадиган бўлсанг, овозингни баланд кўтар. Чунки қайси бир жин, инс ёки бирор нарса муаззиннинг овозини эшитса, албатта, қиёмат куни унга гувоҳлик беради. Буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», деган экан».

Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Абу Соъсоъа Мозиний ал-Ансорий ишончли ҳадис тўпловчи тобеъинлардан бўлганлар. Оталари улуғ саҳобалардан эдилар. У киши ҳадисларни оталаридан, Абу Саъийд ал-Худрий, Ато ибн Ясор, Умар ибн Абдул­азиз, Соиб ибн Ҳаммодлардан ривоят қилдилар.

Бу зот Абу Жаъфарнинг халифалик даврларида вафот этдилар.

Ҳадиси шарифда азоннинг ва азон айтувчи кишининг фазли яна ҳам оширилмоқда. Шу билан бирга, азонни иложи борича узоққа етадиган қилиб айтишга тарғиб қилинмоқда.

Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари атрофидаги энг баланд уй – Бани Нажжор қабиласидан бўлган бир аёлнинг уйи тепасига чиқиб азон айтар эдилар.

Бу ҳадисдан ёлғиз одам чўлда бўлса ҳам азон айтиб, намоз ўқиши яхши эканлиги маълум бўлмоқда.

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْمُؤَذِّنُونَ أَطْوَلُ النَّاسِ أَعْنَاقًا يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ.

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муаззинлар қиёмат куни бўйни энг узун одамлар бўлурлар», дедилар».

Муслим ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадисда муаззинларнинг фазли қиёмат куни олий даражада бўлиши ҳақида сўз бормоқда. Улар ҳамманинг ичида алоҳида фазл билан ажралиб турар эканлар. Арабларда аслзода, улуғ кишиларни «бўйни узун» деб васф қилиш одати бор.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْإِمَامُ ضَامِنٌ وَالْمُؤَذِّنُ مُؤْتَمَنٌ، اللَّهُمَّ أَرْشِدِ الْأَئِمَّةَ وَاغْفِرْ لِلْمُؤَذِّنِينَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّافِعِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом зоминдир, муаззин омонат эгасидир. Аллоҳим! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар».

Абу Довуд, Шофеъий ва Термизийлар ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда имом ва муаззинларнинг масъулиятлари баён қилинмоқда. Имом ўз қавмининг намози учун зоминдир. У намозини баркамол қилса, қавмнинг намози ҳам баркамол бўлади. Агар имомнинг намози ўртача бўлса, бутун қавмнинг намози ҳам ўртача бўлади. Имом ўзини пок тутиб, намозни аъло даражада ўқиб турса, ўзи ҳам, қавми ҳам ажру савоб ва олий мартабаларга эришадилар. Аммо бетавфиқлик қилиб, нуқсонга йўл қўйса, гуноҳи ўзига бўлади.

Шунингдек, муаззин ҳам ўз қавмининг омонат эгасидир. Унинг бўйнига бутун бошли бир қавмнинг намози вақтида ўқилиши, рўзасининг вақтида тутилиб, вақтида очилиши юклатилган. Агар муаззин тақводор бўлиб, ўзига юклатилган омонатни шараф билан адо этса, улкан мартабаларга эришади. Лекин омонатга хиёнат қилса, иши расво бўлади.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳаққига дуо қилиб:

«Аллоҳим! Имомларни иршод қил, муаззинларни мағфират қил», дедилар».

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
... . .Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Уч нарса иймоннинг аслидандир .Лаа илааҳа иллаллоҳ, деган кимсага давоми...

4289 13:14 / 30.09.2020
.У ҳаводан нутқ қилмас. У Қуръон юбориладиган ваҳий, холос,, деган Нажм сураси, 3ndash4оятлар.Яъни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дин, диёнат, шариат давоми...

5794 05:00 / 06.03.2017
. . Жобир розияллоҳу анҳу айтади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига давоми...

3197 16:00 / 14.04.2021
Имом, ҳофиз, шайхулислом Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор Абу Абдуллоҳ Хуросоний Насаий ҳижратнинг 215 йилида Хуросоннинг шаҳарларидан бири давоми...

5311 13:50 / 01.05.2019