Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (96-дарс). Аллоҳнинг илми ва қудрати (ўнинчи мақола)

13:02 / 29.07.2020 3852 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: إِنَّ اللهَ عَزَّ وَجَلَّ خَلَقَ خَلْقَهُ فِي ظُلْمَةٍ فَأَلْقَى عَلَيْهِمْ مِنْ نُورِهِ، فَمَنْ أَصَابَهُ مِنْ ذَلِكَ النُّورِ اهْتَدَى، وَمَنْ أَخْطَأَهُ ضَلَّ، فَلِذَلِكَ أَقُولُ جَفَّ الْقَلَمُ عَلَى عِلْمِ اللهِ تَعَالَى. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ فِي الْإيمَانِ بِسَنَدٍ حَسَنٍ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ азза ва жалла Ўз махлуқотларини зулматда халқ қилди. Бас, уларга Ўз нуридан ташлади. Кимга ўша нурдан етса, ҳидоятга киради. Кимга етмаса, залолатга кетади. Шунинг учун «Аллоҳ таолонинг илмидаги нарсада қалам қуриган», дейман-да», дедилар».

Термизий «Иймон» китобида ҳасан санад ила ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларнинг ҳидояти ҳақидаги масала кўтарилмоқда. Албатта, бу масала қадимдан кўпчиликнинг бошини қотириб келган. Киши ҳидоятни ўз ихтиёри ила топадими ёки бу ишга унинг дахли йўқми? Баъзилар «Инсон ҳеч қандай ихтиёрга эга эмас, у пешонасига нима ёзилса, шунга юради», дейдилар. Бошқалар эса «Инсоннинг ўз ихтиёри бор, у нимани хоҳласа, шуни қила олади», дейдилар.

Исломда бу масала ҳам ўзига хос услубда муолажа қилинган. Исломий таълимотларга кўра, инсон турли қувват, малака ва истеъдодлар билан яратилади. Инсон ана шу қувват, малака ва истеъдодларни яхши томонга ҳам, ёмон томонга ҳам йўллаши мумкин. Инсон фақат яхши ёки ёмон бўлмайди, балки Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни соф табиат ила яратади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра:

«Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл ‎табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб ‎бўлмас. Ушбу тўғри диндир» деган оятни ўқинг», дер эди» («Рум» сураси, 30-оят).

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонларнинг, хусусан, ота-онанинг тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан «Сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан», деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».

Яъни ота-оналар ўз фарзандларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг бут-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади. Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг:

«Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб ‎бўлмас. Ушбу тўғри диндир‎» деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди. Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.

Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ботилдан, яхшини ёмондан ва ростни ёлғондан ажратиш учун ақл берди. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонга ҳақни ўрнатиш ва ботилни йўқ қилиш, яхшиликни қилиш ва ёмонликни тарк қилиш ҳамда ростни гапириб, ёлғондан четланиш қобилиятини ҳам берган.

Аллоҳ таоло инсонга дин, пайғамбар ва китоб юбориб, бу дунёда тўғри яшаш йўлларини кўрсатиб берди.

Аллоҳ таоло инсонга тўғри йўлда юриш, ҳақни тутиш, рост гапириш, ҳалол-пок бўлишни амр қилди.

Аллоҳ таоло инсонни залолатдан, ёмонликдан, зулмдан, ёлғондан ва бошқа зарарли нарсалардан қайтарди.

Бинобарин, инсоннинг яхши йўлни танлаши ва ёмон йўлдан четлаши матлубдир. Агар баъзи кишилар ўйлаганидек, ҳидоят йўлини танлашда ва унга ҳаракат қилишда инсоннинг ҳеч қандай ўрни бўлмаганида, яхши билан ёмон одамнинг орасида фарқ бўлмасди. Динлар, пайғамбарлар ва илоҳий китобларнинг мутлақо аҳамияти қолмас эди.

Мушриклар ўзларининг ширки Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан бўлганлигини ва уларнинг айблари йўқлигини даъво қилишганда, Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида уларга кучли раддия қилган:

«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ҳам, ота-боболаримиз ‎ҳам ширк келтирмас эдик ‎ва бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», – дерлар. Улардан ‎олдингилари ҳам азобимизни татигунларига ‎қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб ‎турганлар. «Ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм – ‎ҳужжат ‎борми? Фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон гапирмоқдасиз», – ‎деб айт» (148-оят).

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло ҳақиқий илмий тортишув, баҳс давомида енгилиб қолган мушрик ва кофирларнинг энг охирида айтадиган гапларини келтирмоқда:

«Ҳали ширк келтирганлар: «Агар Аллоҳ хоҳлаганда, биз ‎ҳам, ота-боболаримиз ‎ҳам ширк келтирмас эдик ‎ва ‎бирор нарсани ҳаром қилмас эдик», – дерлар‎».

Хўш, уларнинг бу гаплари янги гапми? Йўқ, эски, сийқаси чиққан гап. Мантиқсиз гап.

«Улардан ‎олдингилари ҳам азобимизни татигунларига ‎‎қадар шунга ўхшаш ёлғонга чиқариб ‎турганлар».

Шунингдек, улардан кейингилар ҳам шундай қиладилар. Улар ҳеч бир ишни Аллоҳнинг хоҳишидан ташқарида қилмаган эмишлар. Яъни агар Аллоҳ хоҳлаганида, ширк келтирмас, кофир бўлмас, гуноҳ қилмас эканлар. Шу билан ўзларини оқламоқчи бўладилар.

Хўш, уларнинг бу гапига нима дейиш керак? Уларга ушбу гапларига яраша қуйидаги, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўргатган саволни бериш керак:

«Ҳузурингизда бизга чиқариб кўрсатадиган бирон илм – ‎‎ҳужжат ‎борми?»

Яъни Аллоҳ сизларнинг ширк келтиришингизни, баъзи нарсаларни ҳаром деб эълон қилишингизни хоҳлаганини исбот қиладиган ҳужжатингиз борми? Аллоҳ Ўз бандаларидан нимани хоҳласа, очиқ-ойдин айтиб қўйган. Бандаларнинг иймон келтиришларини хоҳлагани учун «Иймон келтиринглар», деган. Кофир-мушрик бўлишларини хоҳламагани учун «Куфр келтирманглар, мушрик бўлманглар», деб қатъий ҳукм этган. Шунингдек, бандалари нимани қилишини хоҳласа, амр, нималарни қилмаслигини хоҳласа, наҳий қилиб, қайтариб қўйган. Аллоҳнинг барча хоҳиш-истаги очиқ-ойдин, илмий собит бўлган нарсалардир. Аллоҳнинг хоҳиш-истаги ичида «Ширк келтиринг, баъзи нарсаларни ҳаром қилинг», деган буйруқ йўқ. Ёки «Менинг ғойиб, ҳеч ким билмайдиган хоҳишларимни излаб топиб, ўшанга амал қилинг», деган гапи ҳам йўқ. Аммо:

«Фақат гумонга эргашмоқдасиз ва сизлар фақат ёлғон ‎гапирмоқдасиз», – ‎деб айт».

Кейинги оятда шундай дейилади:

«Сен: «Етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир. Агар хоҳласа, ҳаммангизни ҳидоятга солар ‎эди», – ‎деб айт».

Мушрикларнинг «Агар Аллоҳ хоҳласа, ширк келтирмас эдик» деган гапларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил-ҳужжатлари йўқ экани аён бўлди. Аммо уларга қарши ва Аллоҳ таолонинг ҳақ экани ҳақидаги «етук ҳужжат Аллоҳнинг Ўзидадир».

Бу очиқ-ойдин ҳужжат ва далиллардир.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқнинг халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки давоми...

4713 19:08 / 18.12.2019
Бу иш ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардандир. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ давоми...

4692 13:08 / 26.08.2020
Уламоларимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Пайғамбарлик васфлари ила содир бўлган, мусулмонлар амал қилишлари лозиму лобуд бўлган, шаръий аҳкомларга давоми...

4073 16:52 / 08.04.2016
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

3574 00:00 / 10.11.2022