Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (21-дарс). Ҳадисларни яхши тушуниш учун зарур омиллар

15:00 / 20.02.2019 5878 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Араб тилини яхши билиш. 

Ҳадиси шарифлар луғавий, балоғат ва фасоҳат ҳамда адабий жиҳатдан Қуръони каримдан кейин иккинчи ўринда туради. Шундай экан, ҳадиси шарифларни тўғри англаб етиш учун энг аввало араб тилини яхши билиш керак. Араб тили дунёдаги энг нозик ва энг мукаммал тил бўлганлиги учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги каломи бўлмиш Қуръони каримга айнан шу тилни ихтиёр қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам арабларнинг энг тили фасиҳ қабиласи Қурайшдан бўлиб, ўзлари чиройли, фасоҳатли сўзлар устаси бўлганлар. Бунинг устига, мўъжизакор Қуръон балоғати ва фасоҳати у зотга ўз таъсирини ўтказган. Шунинг учун ҳам у зотнинг каломлари Аллоҳнинг каломидан кейинги иккинчи ўринга кўтарилган. Ана шундай олиймақом каломни яхши тушуниш, нозик маъноларини тўла англаб етиш, улардаги шаръий ҳукм, ваъз-иршод ва ибратларни мукаммал ўзлаштириб олиш учун араб тили, унинг балоғат ва фасоҳатидан яхши хабардор бўлиш керак. Бу маънода маълум даражага эришмай туриб, муҳаддисликни даъво қилмаса ҳам бўлади.

2. Ҳадисларни Қуръон таълимотлари асосида англаш. 

Ҳадиси шарифларни тўғри англаб етмоқчи бўлган одам, аввало Қуръони каримни, унинг таълимотларини, турли иршодларини, ҳукмлари ва кўрсатмаларини яхши тушуниб етган бўлиши лозим. Чунки Қуръони карим Исломнинг руҳи, унинг асосий баёнчиси, илоҳий дастуридир. Исломнинг асосий таълимотлари, қонун-қоидалари Қуръони каримда баён қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати мутоҳҳаралари эса асосий дастур бўлмиш Қуръони каримнинг шарҳи, назарий баёни ва амалий татбиқидан иборатдир. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлар доимо Қуръони карим маъноларига мос келади. Қуръон таълимотларига мос келмайдиган «ҳадис»лар аслида ҳадис эмас, балки Ислом душманлари томонидан тўқилиб, «ҳадис» дея тиқиштирилган гап бўлади. Уламоларимиз Қуръони каримга солиштириш йўли билан кўплаб сақлаб юрилган «ҳадис»ларнинг сохталигини фош этганлар.

Агар ҳадис саҳиҳ (ҳақиқий) бўлса-ю, маъноси Қуръони карим таълимотларига зид кўринаверса, унда сиз билан биз уни тўғри тушунмаётган бўламиз. Бундай ҳадиснинг нозик нуқталари бўладики, уни мутахассис олимларгина баён қилиб бера оладилар.

3. Бир мавзудаги ҳадисларни жамлаб, солиштириб кўриш. 

Агар бирор ҳадис маъносини яхши тушуна олмай қолсак ёки қандайдир ғайриоддий ҳолатни кўрсак, дарҳол шу мавзудаги бошқа ҳадисларни ўрганиб чиқишимиз лозим бўлади. Ана ўшанда умумий солиштириш йўли билан мазкур ҳадисни тўғри тушуниш имконига эга бўламиз. Бу борада уламоларимиз қуйидаги ҳадисни мисол келтирадилар: «Имом Бухорий Абу Амома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. У киши омочга қараб туриб: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мана шу қайси бир қавмнинг уйига кирса, албатта, Аллоҳ таоло ўша уйга хорликни киритади», деганларини эшитдим», дебдилар.

Сиртдан қарайдиган бўлсак, бу ҳадисдан омоч ва у билан амалга ошириладиган деҳқончилик ишлари хорлик сабаби сифатида кўринади. Мусулмон одам омочни уйига киргизмаслиги, деҳқончилик, боғдорчилик билан шуғулланмаслиги зарурдек туюлади. Мана шу ҳадисни ушлаб олиб, Ислом деҳқончиликка қарши, деб айюҳаннос солса бўладигандек, гўё.

Ҳақиқатда-чи? Бу саволга жавоб топиш учун Исломнинг бу борадаги умумий таълимотларига, бошқа саҳиҳ ҳадисларга назар солишимиз керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирор кишини деҳқончиликдан, омоч ишлатишдан қайтарганлари маълум эмас. Мадинаи Мунаввара аҳли деҳқончилик билан бемалол шуғулланган. Ҳадис ва фиқҳ китобларимизда деҳқончилик, зироатчилик ҳақида алоҳида боблар бор, зироатчиликка тарғиб қилувчи саҳиҳ ҳадислар тўлиб ётибди.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва бошқа имомларимиз ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бир дарахт ёки экин экса-ю, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса, албатта, шу туфайли ўша кишига садақа бўлади», деганлар.

Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Маъбаднинг боғига кирдилар ва:

«Эй Умму Маъбад, бу хурмоларни ким экди? Мусулмонми, кофирми?» дедилар. У:

«Мусулмон экди», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмон бир дарахт экса-ю, ундан инсонми, ҳайвонми, қушми еб турса, албатта, унинг учун Қиёмат кунигача садақа бўлиб туради», дедилар.

Имом Бухорий, Имом Аҳмад ибн Ҳанбаллар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар Қиёмат қоим бўлаётганда сизлардан бирортангизнинг қўлида бир дона хурмо кўчати бўлса, Қиёмат қоим бўлгунча уни экишга қодир бўлса, экиб қўйсин», деганлар.

Имом Ибн Жарир қилган ривоятда Умаара ибн Ҳузайма ибн Собит қуйидагиларни айтадилар: «Умар ибн Ҳаттобнинг отамга:

«Ерингни экишга нима монеълик қилади?» деяётганини эшитдим. Отам:

«Мен ўлай деб турган қари чолман», деди. У:

«Сенга қасам билан айтаманки, албатта, экасан», деди. Умар ибн Ҳаттобнинг отам билан бирга ўз қўли билан экин экаётганини кўрдим».

Имом Аҳмад Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «У киши (Абу Дардо) Димашқда кўчат экиб турсалар, олдиларидан ўтиб кетаётган бир одам:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси бўлиб туриб, шу ишни қиласанми?» деди. У эса:

«Сен шошилма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир дарахт экса-ю, ундан одамми ёки Аллоҳнинг махлуқларидан бирортасими еса, албатта, шу туфайли ўша одамга садақа бўлади», деганларини эшитганман», дебдилар».

Деҳқончилик ва зиротчиликка бундан ортиқ тарғибот ва ташвиқот бўлмаса керак. Шунинг учун ҳам аввалги уламоларимиз «Энг афзал касб – деҳқончилик. Жаннатга деҳқонлар биринчи киради», деганлар.

Шундай бўлгач, омоч кирган уйга хорлик киради, маъносидаги ҳадисни қандай тушуниш керак? Уламоларимиз бу саволга жуда ҳам қониқарли жавоблар берганлар.

Имом Бухорий бу ҳадисни «Зироат асбоблари билан овора бўлиб қолиш ёки унга ҳаддан ташқари берилиш оқибатларидан огоҳлантириш» бобида келтирганлар. Шунинг ўзидан кўриниб турибдики, бу ҳадис орқали омочга ёпишиб олиб, бошқа нарсалар, хусусан, ватан ҳимояси, жиҳодга оид нарсалардан бепарво қолиш оқибатида душмандан енгилиб, хор бўлишдан огоҳлантирилмоқда.

Омочнинг хорлик келтириши ҳақидаги ҳадисни шарҳ қилган уламоларимиз: «Бу (яъни омоч хорлик келтириши ҳақидаги гап) душманга яқин жойдагилар учундир. Агар улар экин-тикин билан машғул бўлиб қолиб, жанговар тайёргарликни унутсалар, душман ҳамла қилиб, мағлуб этиши мумкин. Шунинг учун уларнинг бурчлари жанговар тайёргарлик кўришдан иборатдир. Бошқалар эса уларга керакли нарсаларни етказиб турадилар», деганлар.

Мана шу маънони Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва Имом Абу Довудлар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоят яна ҳам очиб беради: «Агар савдога рибони аралаштириб, молнинг думидан тутиб, зироатдан рози бўлиб, жиҳодни тарк қилиб юраверсангиз, Аллоҳ бошингизга хорликни келтиради ва то динингизга қайтмагунингизча, уни қайтариб олмайди».

Дарҳақиқат, шундай ҳам бўлди. Бир вақтлар мусулмонлар бу ҳадисдаги огоҳлантиришдан ибрат олмадилар. Молнинг думидан тутиб, зироат билан машғул бўлиб юравердилар, оқибатда жиҳодни унутдилар. Ҳарбий тайёргарлик кўрмадилар, саноат, техника соҳасига эътибор бермадилар. Оқибатда саноат, техника орқали ҳарбий жиҳатдан қувватли бўлиб олган ғайридинлар барча мусулмон ўлкаларни босиб олдилар ва мусулмонларни мустамлакачилик йўли билан хору зор қилдилар. Юқоридаги мисолдан бир мавзуда келган ҳадисларни тўплаб, ўрганиш қанчалик фойда беришини билиб олдик.

4. Ҳадиснинг айтилиш сабаби ва мақсадларини яхши тушуниб етиш. 

Қуръони карим оятларини яхши тушуниш учун ўша оятларнинг нозил бўлиш сабабларини билиш жуда зарур экани маълум ва машҳур ҳақиқат! Худди шу нарса ҳадиси шарифларга ҳам тааллуқлидир. Баъзи ҳадиси шарифларнинг айтилиш сабаблари бор. Ана ўша сабабларни ўргангандагина ҳадисдан кўзланган мақсадни аниқ англаб етиш мумкин. Шу билан бирга, баъзи ҳадиси шарифларда маълум бир шахсга, замонга, маконга, шарт-шароитга тегишли муаммолар муолажа қилинган бўлади. Мана шу зикр қилинган ва яна бошқа зикр қилинмаган сабабларга кўра, ҳадиси шарифларни тўғри тушуниш учун етарли илм, дақиқ назар, шариатимиз мақсадларини идрок қилиш, динимиз тацлимотларидан тўла хабардорлик зарур. Ана шундагина ҳадиси шарифларда келган ҳукмларнинг қайси бири умумий, қайси бири маълум шахслар учун хусусий, қайси бири вақтинча, қайси бири доимий, қайси бири жузъий ва қайси бири куллий эканини тушуниб оламиз.

Бир мисол келтирайлик. Имом Абу Довуд ва Имом Термизийлар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен учун мушрикларнинг ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир», деганлар.

Агар ҳадиси шарифнинг сиртқи маъносига қаралса, мусулмон бўлмаган жамиятда битта ҳам мусулмон турмаслиги керак. Агар ким ғайридин жамиятда яшаса, мусулмонлиги қолмайди. Чунки ундай одамни Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам «менга бегонадир», демоқдалар. Лекин қадимдан бундай бўлмаган. Бугунги кунда ҳам кўплаб мусулмонлар бошқа юртларда яшамоқдалар. Уларга ҳеч ким, ҳатто насиҳат юзасидан ҳам танбеҳ бераётгани йўқ. Баъзи уламоларнинг ўзлари ҳам ғайридин ўлкаларда яшамоқдалар. Бунинг сабаби, мазкур ҳадиснинг ҳақиқий маъноси юзаки маъносидан тамомила фарқ қилишидадир. Уламолар мазкур ҳадисни ўрганиб чиқсалар, унинг айтилишига ўша даврдаги аянчли бир воқеа сабаб бўлган экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хасъам қабиласи томон бир гуруҳ жангчи саҳобаларни юборибдилар. Улар ўша жойда намозда сажда қилиб турганларида, душман кўпларини ўлдириб юборибди. Бу хабар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етганида, улар хунининг ярмини беришга буюрибдилар ва: «Мен учун мушриклар ичида яшайдиган ҳар бир мусулмон бегонадир», дебдилар. Бу – ўша мусулмон у ерда ўлдирилса, мен учун унинг хунини тўлаш бегонадир, деганлари экан. Чунки мазкур ҳодисага учраган кишилар хавф-хатарни кўра-била туриб, бепарволик қилганлар. Душманга ўзларини ўлдиришга шароит яратиб берганлар. Шунинг учун ҳам Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга нисбатан юқоридаги муомалани қилган эканлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Имомлар Қурайшдан бўлур», деганлар. Бу ҳадиси шарифга биноан, Имомлар (Ислом давлатининг бошлиқлари) Қурайш қабиласи аъзоларидан бўлиши шарт ва баъзи кишиларнинг Ислом давлатига бошлиқ бўлиши мумкин эмасдек. Уламоларимиз бу масалани атрофлича ўрганиб чиқиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифни ўз замонларини эътиборга олиб айтганлар, деган хулосага келганлар. Чунки ўша пайтда Қурайш қабиласи бошқалардан кўра давлат бошлиғи тайёрлаш талабларига тўлиқ жавоб бера оладиган қабила эди.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бомдод намозидаги икки ракъат суннатнинг фазли 20тавсия Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули, мени менга манфаат берадиган давоми...

6719 05:00 / 11.03.2017
иккинчи мақолаҲа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг давоми...

4499 13:50 / 14.08.2019
. Муслим .Эркак кишининг манийси қуюқ ва оқ, аёл кишининг манийси суюқ ва сарғиш бўлади. Улардан қайси бириники устун келса ёки олдин бўлса, ўхшашлик давоми...

1987 19:00 / 07.06.2023
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси давоми...

21563 17:04 / 08.01.2017