Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (18-дарс). Пайғамбар алайҳиссаломдан иршод тариқасида содир бўлган нарсалар

15:10 / 31.01.2019 6610 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Модомики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган иш, амалларнинг мусулмонлар диний ҳукм тариқасида эргашиши лозим бўлганлари ва диний ҳукм тариқасида эргашишлари лозим бўлмаганлари мавжудлигини ўрганар эканмиз, яна бир масалани зикр қилиб ўтмоғимиз лозим бўлади. Бу Суннати мутоҳҳарада амр ва наҳий лафзлари ила келган, аммо иршод – маслаҳат тариқасида айтилганларига тегишлидир. Усул илми уламолари бунга ўхшаш амрларни амри иршодий, наҳийларни эса наҳйи иршодий деб атайдилар. Бу ҳолатда гап амр (буйруғ) майлида ёки наҳий (қайтариқ) майлида келса ҳам, динимизда қилиниши ёки тарк этилиши Аллоҳдан савоб ёки У Зотдан розилик тилаб, адо этиладиган амаллар қаторига кирмайди.

Уламоларимиз худди шу маънода Қурцони каримдан оятлар келтирадилар. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида мусулмонларга:

«Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг» деб амр этган («Бақара» сураси, 282-оят).

Аллоҳ таолонинг амрини бажо келтириш мўмин-мусулмонлар учун фарз экани ҳаммага маълум. Бу ояти карима ҳам Аллоҳ таолонинг амри. Унда нима учун савдо-сотиғимизни гувоҳсиз ҳам қилаверамиз? Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар, қолаверса, ҳамма асрларнинг мусулмонлари шундай қилишган. Улар ушбу ояти каримадаги амр амри иршодий эканини яхши билганлар.

Аллоҳ таоло «Моида» сурасида мўмин бандаларига хитоб қилиб:

«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўладир», деган («Моида» сураси, 101-оят).

Бу наҳйи илоҳий бўлатуриб, мусулмонлар ўзларига керакли саволларни сўрайверишларининг сабаби, бу наҳйининг наҳйи иршодий эканидадир.

Шу жойда яна бир нозик нарсани эслаб қўйсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Баъзи бир амр ва наҳийларни адо этмоқ мандуб ҳисобланиши ҳаммамизга маълум. Унда мандуб билан амри иршодий ва наҳий иршодийнинг нима фарқи бор, деган савол пайдо бўлади. Бу саволга уламоларимиз «Мандуб охират фойдаси учун бўлган, иршод бу дунё фойдаси учун бўлган нарсадир», дейдилар.

Шунинг учун ҳам Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Яҳудий ва насоролар (соч-соқолларини) ҳинноламайдилар. Бас, сизлар уларга хилоф қилинглар», деб, ўз азҳобларини соч-соқолни ҳиннолаб юришга буюрган бўлсалар ҳам, Али ибн Абу Толиб, Убай ибн Каъб, Салама ибн ал-Акваъ, Анас ибн Молик ва бошқа бир қанча саҳобийлар розияллоҳу анҳум соч-соқолларини ҳинноламаган эканлар. Чунки бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган амр иршод учун бўлганлигини ҳаммалари яхши билганлар.

Демак, амри ёки наҳйи иршодийга амал қилиш ихтиёрийдир. Гоҳида, шу ихтиёрий нарсага амал қилган афзалми, қилмаган афзалми, деган савол пайдо бўлиб қолиши мумкин. Албатта, амал қилган афзал, чунки иршод Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иршодлари. Лекин амал қилганлар амал қилмаганларни, амал қилмаганлар амал қилганларни айбламаслиги лозим. Бунга ўхшаган нарсаларга амал қилишни хоҳламаганлар амал қилмасинлар, ҳеч қандай гуноҳ ёки айб йўқ. Лекин улар мазкур нарсаларга амал қилганлар ҳақида ҳар хил гап-сўз тарқатиб, турли келишмовчиликлар келтириб чиқармасинлар. Шунинг каби, иршодий ишларга амал қилгиси келганлар амал қилаверсинлар. Аммо улар ҳам ўзгаларга тош отиб, қилган иршодий амалларини пеш қилиб, орада ҳар хил низолар чиқармасинлар. Илло, уламоларимиз шу жойга келганда битта истисно қиладилар. У ҳам бўлса, ўша қилса ҳам, қилмаса ҳам бўлаверадиган амал эл-юрт аҳолисининг урф-одатига хилоф бўлмаслиги лозим. Гап қуруқ бўлиб қолмаслиги учун мўътабар уламоларимиздан биргина иқтибос келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлар.

Имом Ибн Ҳажар ал-Асқалоний ўзларининг Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларига ёзган «Фатҳул Борий» номли машҳур шарҳларида соч-соқолни ҳиннолаш масаласида уламоларнинг қавлларини келтиргандан кейин: «Лекин ҳиннолаш афзалдир. Чунки унда амрга бўйсиниб, аҳли китобга хилоф қилиш бор. Яна унда соч-соқолни чанг ва шунга ўхшаш нарсалардан асраш бор. Илло, агар юрт аҳолисининг одати ҳинноламаслик бўлса, ҳиннолаган киши уларнинг ичида ажраб қоладиган бўлса, ҳиннолашни тарк қилиш афзалдир», деганлар.

Бунга ўхшаш нозик масалаларни аниқлашда эътимодли уламоларга мурожаат қилган афзал.

“Ҳадис ва ҳаёт” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад алайҳисалломдан пайғамбарлик сифатлари ила содир бўлган суннатларДемак, сиз билан биз, мусулмонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Аллоҳ давоми...

6004 15:02 / 03.01.2019
Ҳофизулкабир Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Фазл ибн Баҳром ибн Абдуссамад Тамимий Самарқандий адДоримий 182 ҳижрий санада Самарқанд шаҳрида дунёга давоми...

5047 13:40 / 29.05.2019
Биз Имом Бухорий энг машҳур муҳаддис бўлганлари учун кўпроқ шу зотдан мисол келтирдик. У кишидан олдин ўтган муҳаддислар ҳам ҳудди шундай йўл тутишган. Аслида бу давоми...

4784 17:23 / 08.01.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғамташвиш пайтида .Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу давоми...

57652 23:06 / 15.05.2017