Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (235-дарс) Маййитни ювган киши ғусл қилиши керакми?

19:00 / 14.06.2023 2156 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الرُّجُلِ يَجِدُ الْبَلَلَ وَلَا يَذْكُرُ احْتِلَاماً، قَالَ: يَغْتَسِلُ. وَعَنِ الرَّجُلِ يَرَى أَنْ قَدْ احْتَلَمَ وَلَا يَجِدُ الْبَلَلَ، قَالَ: لَا غُسْلَ عَلَيْهِ. فَقَالَتْ أُمُّ سُلَيْمٍ: الْمَرْأَةُ تَرَى ذَلِكَ أَعَلَيْهَا غُسْلٌ؟ قَالَ: نَعَمْ، إنَّمَا النِّسَاءُ شَقَائِقُ الرِّجَالِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам ҳақида сўралди. У зот:

«Ғусл қилади», дедилар. (Тушида) эҳтилом бўлганини кўрган, лекин ўнгида ҳўлни кўрмаган одам ҳақида (ҳам сўралдилар) У зот:

«Унга ғусл вожиб эмас», дедилар.

Бас, Умму Сулайм:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди. У зот:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда баён қилинаётган масала кўп учраб турадиган, айниқса ёшларда тез-тез такрорланадиган масаладир. Шунинг учун саҳобаи киромлар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳақда савол берилди.

Бир одам тушида ғусл вожиб бўладиган бирор нарсани кўрганини эслай олмайди. Лекин баданида, кийимида ёки ётган жойида манийнинг ҳўлини кўради. Нима қилиш керак? Албатта, ғусл қилиш вожиб, акс ҳолда гуноҳкори азим бўлади.

Бошқа биров тушида жинсий алоқани кўрган, аммо уйғонса, ҳеч қаерда манийнинг ҳўли йўқ. Ундай одамга ғусл вожиб бўлмайди. Чунки ундан воқеликда ғусл вожиб бўладиган нарса чиққан эмас.

Мана шу масалалар ҳақида савол-жавоб бўлиб турган жойда Умму Сулайм розияллоҳу анҳо ҳам бор эканлар. У киши фурсатдан фойдаланиб:

«Аёл киши ҳам ўшани кўради. Унга ҳам ғусл вожиб бўладими?» деди.

Яъни, аёл киши ҳам эҳтиломни кўрмайди-ю, ҳўлни кўради. Унга ҳам ғусл қилиш вожиб бўладими, дедилар.

Бу саволга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ижобий жавоб бериб:

«Ҳа, албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир», дедилар.

Бу, ҳа, аёл кишига ҳам ғусл вожиб бўлади. Аёл киши ҳам худди эркак кишига ўхшаш, деганларидир.

Ушбу ҳадисдаги ҳукмларни ҳар бир киши яхшилаб ўрганиб олиши зарур. Айниқса, энди балоғатга етган ёшларга ўргатиб қўйиш лозимки, улар эътиборсизлик ила гуноҳкор бўлиб қолмасинлар.

وَعَنْهَا أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَغْتَسِلُ مِنْ أَرْبَعٍ: مِنَ الْجَنَابَةِ، وَيَوْمَ الْجُمُعَةِ، وَمِنَ الْحِجَامَةِ، وَمِنْ غُسْلِ الْمَيِّتِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар: жунубликдан, Жумъа куни, қон олдирган ва маййитни ювгандан (кейин)».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда Оиша онамиз Пайғамбаримиз қиладиган ғуслларнинг баъзи сабабларини айтмоқдалар.

Ҳадиси шарифда:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тўрт нарсадан ғусл қилар эдилар» дейилганидан бу тўрт нарсадан бошқа нарсадан ғусл қилиб бўлмас экан, деган фикрга бормаслик керак. Бошқа ҳадислардан бу ҳақиқат зоҳир бўлади. Мисол учун, икки ийд кунлари ва Арафот куни ғусл қилиш марғубдир.

Аммо бу ҳадисда фақат тўрт нарса зикр этилмоқда:

1. «Жунубликдан».

Бу ҳақда муфассал сўз юритилди.

2. «Жумъа куни».

Бу ҳақда кўплаб ҳадислар келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жумъа намози учун ғусл қилганлар, бошқаларни ҳам ғусл қилишга буюрганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда «Жумъанинг ғусли ҳар бир эҳтиломга етган учун вожибдир», дейилган.

Бу маънодаги ҳадислар кўп. Шунинг учун ҳам баъзи мазҳабларда Жумъа кунги ғусл суннати муак­када дейилган.

Ҳанафий мазҳабида эса жумъа кунги ғусл суннат дейилган.

3. «Қон олдирганда».

Ўтмишда махсус услуб билан қон олдириш одати бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қон олдирганлар. Ундан кейин эса ғусл қилганлар. Чунки баданга қон сачраш эҳтимоли кучли. Ҳанафий мазҳабида бу масала тўлиқ ўрганиб чиқилиб, «Қон олдиргандан кейинги ғусл мандубдир», дейилган.

 4. «Маййитни ювгандан (кейин)».

Бу масалада келган ҳадисларда ихтиёр маййитни ювган одамнинг ўзига қўйилганлиги мулоҳаза қилинади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Маййитни ювар эдик. Бас, биздан баъзиларимиз ғусл қилар эдик. Баъзиларимиз ғусл қилмас эдик», дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Албатта, маййитингиз пок ҳолида ўлади. Қўлларингизни ювиб олсангиз бўлади», дейилган.

Ушбу ва бошқа ҳадисларни ҳисобга олиб, Ҳанафий мазҳабида «Маййитни ювган одам ғусл қилиши мандуб», дейилган.

Бундай ҳолда битта ҳадисни ўқиб олгач, ўшанга қараб ҳукм чиқариб, кишиларнинг бошини қотирмаслик керак. Тажрибада шундай ҳолатлар ҳам бўлган. Ҳадис китобларининг биридан баъзилар:

«Ким маййитни ювса, ғусл қилсин, ким уни кўтарса, таҳорат қилсин», деган ҳадисни ўқиб олиб, кишилар ўртасида ихтилоф чиқарганлар.

Ҳолбуки, ўша одамлар бу масаладаги бошқа ҳадисларни ҳам ўқисалар, бу ҳадислар асосида уламоларимиз олиб борган илмий баҳсларни ўргансалар, ихтилофга ҳеч ўрин қолмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимРАСУЛУЛЛОҲ СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИВАСАЛЛАМНИНГ ВАСИЯТЛАРИ .Лаа илаҳа иллаллоҳ,нинг фазли 1тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

15012 16:59 / 08.04.2016
Имом Абу Довуднинг ривоятида келган, иймоннинг мукаммал бўлиши учун лозим бўлган амаллар қуйидагилардан иборат1. Аллоҳ учун муҳаббат қилиш.Кимга ёки нимага давоми...

7180 19:30 / 16.10.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг давоми...

4841 14:05 / 23.10.2019
. . . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уловлари устида у қаёққа қараб юрса, ўша давоми...

814 19:00 / 07 август