Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фотиҳа сурасидан кейин зам сура қилиш | Ҳадис дарслари (325-дарс)

19:00 / 22 апрель 2238 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَيُحِبُّ أَحَدُكُمْ إِذَا رَجَعَ إِلَى أَهْلِهِ أَنْ يَجِدَ فِيهِ ثَلَاثَ خَلِفَاتٍ عِظَامٍ سِمَانٍ؟ قُلْنَا: نَعَمْ، قَالَ: فَثَلَاثُ آيَاتٍ يَقْرَأُ بِهِنَّ أَحَدُكُمْ فِي صَلَاتِهِ خَيْرٌ لَهُ مِنْ ثَلَاثِ خَلِفَاتٍ عِظَامٍ سِمَانٍ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз аҳлига қайтса, у ерда учта катта, семиз бўғоз туяни топишни яхши кўрадими?» дедилар.

«Ҳа», дедик.

«Сиздан бирортангиз ўз намозида ўқиган уч оят унинг учун учта катта, семиз бўғоз туядан яхшироқдир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан мусулмон одам намозида қироат қилган ҳар бир Қуръон ояти учун битта катта, семиз бўғоз туяни садақа қилганнинг савобини топиши маълум бўлмоқда.

Ўша вақтларда бир одамнинг катта, семиз бўғоз туяси бўлса, энг катта мулк эгаси ҳисобланган. Биров уйига келиб, учта катта, семиз туя ўзига мулк бўлиб турганини кўрса, қанчалар қувонади. Намозида уч оят Қуръон тиловат қилган одам ҳам ана шунчалик мулкка эга бўлар экан. Энди уч эмас, ўттиз ёки ундан кўп оятни ўқиган одам нималарга эришади, тасаввур қилаверинг!

Аллоҳ таоло биз, мусулмонларни шунчалар улуғлаб қўйган. Савоб олиш йўлларимизни шунчалар осон қилиб қўйган! Лекин биз бу нарсани тўлиқ англаб етамизми? Ундан керакли даражада фойдалана оламизми?

Демак, намозда кўпроқ оятларни ўқишга ҳаракат қилайлик. Ҳар бир оят учун бир катта, семиз бўғоз туя садақа қилганчалик савоб олишимиз ёдимизда турсин.

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقْرَأُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الْأُولَيَيْنِ مِنْ صَلَاةِ الظُّهْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ يُطَوِّلُ فِي الْأُولَى وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ وَيُسْمِعُ الْآيَةَ أَحْيَانًا، وفِي الْعَصْرِ مَثْلَ ذَلِكَ، وَكَانَ يُطَوِّلُ فِي الرَّكْعَةِ الْأُولَى مِنْ صَلَاةِ الصُّبْحِ وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Пешин намозининг аввалги икки ракъатида Китобнинг «Фотиҳа»си ила икки сура ўқир, биринчисида узоқ, иккинчисида қисқа қилар эдилар. Аҳёнда оятни эшиттириб қўяр эдилар. Асрда ҳам шундай қилар эдилар. Бомдод намозининг биринчи ракъатида (қироатни) узоқ, иккинчисида қисқа қилар эдилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намозда Фотиҳа сурасидан кейин Қуръоннинг бошқа сурасини ҳам ўқиш кераклиги.

Бу зам сура қилиш, дейилади. «Зам» сўзи «қўшиш» деган маънони англатади. Зам сура қилиш Ҳанафий мазҳабида вожиб, бошқа мазҳабларда эса суннатдир.

2. Пешин намозининг тўрт ракъат фарзидаги биринчи икки ракъатида Фотиҳадан кейин зам сура қилиш.

3. Биринчи ракъатга узунроқ, иккинчи ракъатга қисқароқ сурани қўшиш.

4. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешин намозида гоҳида баъзи оятларни эшиттириб қўйишлари.

5. Кундузги намозлар – пешин ва асрда қироат махфий бўлиши.

6. Аср намозида ҳам аввалги икки ракъатнинг биринчисига узунроқ, иккинчисига қисқароқ зам сура қилиш.

7. Бомдод намозининг биринчи ракъатида қироатни узун, иккинчисида қисқароқ қилиш.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Бомдод намозида олтмиштадан юзтагача оят қироат қилишлари айтилган.

وَقِيلَ لِخَبَّابٍ بِأَيِّ شَيْءٍ كُنْتُمْ تَعْرِفُونَ قِرَاءَةَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي الظُّهْرِ وَالْعَصْرِ؟ قَالَ: بِاضْطِرَابِ لِحْيَتِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Хаббобга:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Пешин ва Асрдаги қироатларини нимадан билар эдингиз?» дейилди.

«Соқолларининг қимирлашидан», деди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу ривоятдан Пешин ва Аср намозида қироат махфий бўлиши очиқ-ойдин айтилиб турибди. Саҳобалар фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг соқоллари қимирлашидан у зотнинг қироат қилаётганларини билар эканлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Икки киши сафарга чиқдилар. Намоз ҳозир бўлди. Икковларининг суви йўқ эди. Пок давоми...

2636 19:00 / 27.12.2023
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга ташаккур айтмаган одам Аллоҳга шукр қилмаган бўлади,, ndash дедилар,. Шарҳ Бу жуда давоми...

5585 05:00 / 06.03.2017
Умму Кулсум бинти Уқба ибн Абу Муъайт розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг.Одамларнинг орасини ислоҳ қилувчи одам давоми...

4690 05:00 / 06.03.2017
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага давоми...

5619 14:00 / 05.05.2021