1446 йил 16 жумадис сони | 2024 йил 18 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

Дин ва шариат нима?

Алҳамдулиллаҳ, барчаларимиз мусулмонлармиз, суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом келтирган Ислом динининг ҳақ эканлигига эътиқод қиламиз, унинг аҳкомларини адо этамиз. Гоҳида шундай савол ҳам туғилиб қолади: «Дин нима ўзи?»

«Дин» сўзи «итоат, парҳез, эътиқод, ҳисоб, ишонч, мукофот, ҳукм, йўл тутиш» деган маъноларни билдиради. Дин илоҳий йўл-йўриқлар, Аллоҳ таоло буюрган ҳукмлар, ибодатлар ва ақидалар мажмуидир. Дин ақлли инсонларни хайрли ва эзгу ишларга етаклайди, фақат яхшиликка бошлайди. Ейиш, ичиш, ухлаш моддий эҳтиёж бўлганидек, дин ҳам маънавий эҳтиёждир. 

Барча пайғамбарлар алайҳимуссалом даъват этган динларнинг асоси биттадир: пайғамбарлар инсонларни оламни ягона Аллоҳ таоло яратганига иқрор бўлишга ва фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Улар етказган ҳукмлардагина фарқ бор, асосий даъватларида эса фарқ йўқ. Дунёда дини, ишончи бўлмаган бирор миллат ёки халқ йўқ. Чунки ҳеч бир миллат, халқ динсиз яшай олмайди. Динсизлик, Аллоҳга, Унинг ваҳийларига, охиратга ишонмаслик (яъни куфр келтириш) инсониятнинг энг катта кулфатидир. «Куфр» сўзи луғатда «инкор этиш», «рад қилиш», «беркитиш» маъноларини билдиради. Шаръий ҳукмларни инкор этувчи одам «кофир», унинг қилмишлари «кофирлик» дейилади. Аллоҳнинг борлигини ва бирлигини, Муҳаммад алайҳиссалом етказган хабарларни инкор, рад этганлар кофир саналади. Яна инсон ўзининг асл табиати тасдиқлайдиган ҳақ йўлни тан олмаса, ички туйғу ҳақиқатини беркитса, ҳақни беркитган бўлади. 

«Ислом» – «бўйсуниш, тоат, ихлос, тинчлик, сулҳ» демакдир. Ислом тавҳид (яккахудолик) динидир. Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар инсониятни асоси бир динга – Аллоҳ таолонинг борлиги ва бирлигига, Унинг китобларига, фаришталарига, пайғамбарларига ва Қиёмат кунига иймон келтиришга, фақат Унга ибодат қилишга даъват этишган. Ислом динидаги кишилар «мусулмон-муслим» деб аталади. Ҳозир ер юзида салкам бир ярим миллиард нафар мусулмон бор. 

Мусулмонлар Ислом шариатига мувофиқ ҳаёт кечирадилар. «Шариат» сўзи луғатда «изҳор қилмоқ, баён этмоқ, йўл» маъносида бўлиб, «тўғри йўл, илоҳий йўл, қонунчилик»ни англатади. Шаръий истилоҳда Ислом динининг ҳукмлар тўплами, Аллоҳ таолонинг амр ва тақиқлари «шариат» дейилади. Пайғамбарлар даъват этган динларнинг асоси бир бўлса-да, улар етказган ҳукмлар, яъни шариатлар турличадир. Шунинг учун кейин келган пайғамбар даврида аввалда ўтган пайғамбар етказган ҳукмлар (шариат) бекор бўлган. Пайғамбаримиз етказган ҳукмлар, яъни Ислом шариати қиёматгача боқийдир. Инсонлар манфаатини таъминлаш ва уни ҳимоя қилиш шариатнинг асосий мақсадидир. Бу ердаги манфаатдан инсон хоҳиш-истагига мос манфаат тушунилмайди, балки инсоннинг шаръий мезондаги ҳақиқий манфаати тушунилади. Кундалик ҳаёт тарзининг Ислом шариатига мувофиқ бўлишини таъминловчи қонунлар ва мезонлар «фиқҳ» дейилади. «Шаръий аҳком» – Аллоҳнинг буюрган, қайтарган ёки ихтиёр этган қатъий кўрсатмаларидир. Аллоҳ таоло Шориъ, яъни шариат асосчисидир. 

Мусулмонлик икки буюк ишонч асосига қурилган: 

1. Аллоҳдан ўзга ибодат қилишга лойиқ илоҳ йўқлиги («Лаа илааҳа иллаллоҳ»);

2. Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг барча инсонларга юборган элчиси (пайғамбари) эканлари («Муҳаммадур Расулуллоҳ»)

Бу муборак жумлаларни қалбидан тасдиқлаб, иқрор бўлиб, тилида изҳор қилган киши Ислом динида бўлади. Бу ишонч «иймон», иймон келтирган киши эса «мўмин» деб аталади. 

Ислом дини қуйидаги беш асос (устун) устига қурилган: 

1. Иймон («Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ» деб дил билан иқрор бўлиш ва тилда айтиш);

2. Намоз (кунига беш вақт намоз ўқиш);

3. Закот (моли маълум ҳисобга етса, қирқдан бир улушини Аллоҳ таъйин қилган муҳтожларга ажратиш);

4. Рўза (Рамазон ойида бир ой рўза тутиш);

5. Ҳаж (қодир бўлса, умрида бир марта ҳаж қилиш). 

Иймон нима?

«Иймон»нинг маъноси тасдиқ этиш, ишонишдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, уларга тил билан иқрор бўлиш «иймон» дейилади.

Иймон бундай изҳор қилинади:

أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرُسُولُهُ.

 

«Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ» (яъни «Гувоҳлик бераманки, Аллоҳ таолодан ўзга илоҳ йўқдир ва гувоҳлик бераманки, Муҳаммад алайҳиссалом Унинг бандаси ва Расулидир).

Ким бу калимани тили билан айтиб, дили билан унинг маъносини тасдиқ ва қабул қилса, яъни Аллоҳ таоло ягона сиғиниладиган Зотдир, Ундан ўзга сиғинишга лойиқ ҳеч мавжудот йўқ, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг бандаси ва расулидир, Муҳаммад алайҳиссалом Аллоҳ таоло томонидан етказган барча нарса ҳақ-ростдир, деб қалби билан тасдиқ ва қабул қилса ҳамда тили билан шунга иқрор бўлсагина иймонли саналади. Ибодат ва солиҳ амалларнинг қабул бўлиши учун иймон шартдир.

Шу ўринда Ислом ва иймоннинг асл моҳиятини баён этувчи бир машҳур ҳадиси шариф билан танишиб ўтиш фойдадан холи бўлмас эди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан олдимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: «Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ислом: «Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ» деб шаҳодат келтирмоғинг, намозини тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлга қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди. «Менга иймон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг», дедилар.

«Тўғри айтдинг», деб тасдиқлади ва: «Менга эҳсон ҳақида хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилмоғинг», дедилар.

«Менга (қиёмат) соатидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас», дедилар.

«Унинг аломатларидан хабар бер», деди.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Чўри ўз хожасини туғмоғлиги, ялангоёқ, ялан­ғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар.

Сўнгра у қайтиб кетди. Шунда мен бирмунча вақт (ўша ердан) ғойиб бўлдим. Кейинроқ у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динлари­нгиздан таълим бергани келибди», дедилар».

Яна бир ривоятда шундай дейилган:

«У Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган беш нарсанинг ичидадир», дедилар ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида (қиёмат) соати илми бор» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра у қайтиб кетди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни қайтаринглар», дедилар. Одамлар ҳеч нарсани кўрмадилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Жаброилдир. Одамларга динларини ўргатгани келибди», дедилар». 

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлиши, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қўйиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар»

Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилишган.

Аллоҳ таолога иймон

Инсон учун энг биринчи вазифа ва бурч Аллоҳ таолога иймон келтиришдир. Аллоҳга иймон келтириш бўлмас экан, иймон келтириш лозим бўлган бошқа нарсаларга ҳам иймон бўлмайди. Киши ҳамма нарсани ёлғиз Аллоҳ таоло яратганини, Ундан ўзгага сиғиниб бўлмаслигини, У комил сифатлар билан сифатланганини, айб-нуқсондан поклигини қалби билан тасдиқлаб, тили билан иқрор бўлсагина Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлади. 

Аллоҳ таоло зоти ва сифатларида ягонадир, қадимдир (мавжудлигининг аввали йўқ), доимдир (мавжудлигининг ниҳояси йўқ), тирикдир, билувчидир, қодирдир, ихтиёрлидир (истаганини қилади), сўзлагувчидир, эшитувчидир, кўрувчидир. Аллоҳ таоло жисм ҳам, жавҳар (яъни модда) ҳам, араз (ранг, ҳид каби) ҳам эмас. Унинг сурати ва шакли йўқ. Аллоҳ таоло бирор томонда ва маконда эмас. Зеро, У Зот макон ва томонни Ўзи яратган. Аллоҳ таолонинг борлиги замон билан белгиланмайди. Аллоҳ таоло исмлари, зотий ва феълий сифатлари билан ҳамиша бўлган ва бўлади. Аллоҳ таолонинг бирорта исми ва сифати янги пайдо бўлмаган. 

Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатларида ўхшаши, акси, тенги йўқ. Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас. Аллоҳ таоло охиратда мўминларга Ўз зотига муносиб, кайфиятсиз равишда кўринади. Ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг хоҳиши, ҳукми ва тақдири билан бўлади. Аллоҳ таоло барча нарсани билади, ҳамма нарсага қодирдир. 

Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий ва абадийдир. Аллоҳ таолонинг сифатлари саккизта: 

Ҳаёт – тириклик. Аллоҳ таоло тирикдир. 

Илм – билиш. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билувчидир. 

Қудрат – қодирлик. Аллоҳ таоло ҳамма нарсага қодирдир. 

Самъа – эшитиш. Аллоҳ таоло ошкор ва пинҳонни эшитувчидир, ҳеч нарса Унга махфий эмасдир. 

Басар – кўриш. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани кўради, ҳеч нарса Ундан яширин эмасдир. 

Ирода – хоҳиш. Аллоҳ таоло хоҳлаган нарса бўлади, хоҳламаган нарса бўлмайди. 

Калом – сўзлаш. Аллоҳ таоло сўзлагувчидир. 

Таквин – йўқдан яратиш. Аллоҳ таоло оламни йўқдан яратган, ҳамма нарсанинг яратувчиси Аллоҳ таолодир. 

Бу сифатлардан ҳаёт, илм, қудрат, самъа, басар, ирода ва калом сифатлари Аллоҳ таолонинг зотий сифатларидир. Таквин сифати ҳам Аллоҳ таолонинг зотий сифати бўлиб, барча феълий сифатлар Аллоҳ таолонинг «таквин» сифати остига киради. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати махлуқларнинг сифатига асло ўхшамайди. 

Фаришталарга иймон

Фаришталарга иймон келтириш иймон арконларидан биридир. Фаришта араб тилида «малак» дейилади, унинг кўплиги «малоика»дир. Аллоҳ таоло фаришталарни нурдан яратган. Фаришталар борлигига ҳамда Қуръони Карим ва Пайғамбаримизнинг муборак ҳадисларида баён этилган уларнинг сифатлари ва вазифаларига ишониш иймон шартларидан бўлиб, инсон уларга ҳам иймон келтирмагунича мўмин бўла олмайди. 

Фаришталар Аллоҳ таолонинг махлуқи, бандасидир. Улар куфр ва гуноҳлардан покдир. Улар ҳар доим Аллоҳ таолога тоат-ибодатда бўлишади. Улар эрлик ва аёллик сифатлари билан сифатланмайди. Фаришталар инсонлар каби еб-ичишмайди, ухлашмайди, уларда шаҳват бўлмайди. Фаришталар Аллоҳ таолонинг изни билан турли шаклларда кўрина олишади. Аллоҳ таоло фаришталарни кўп қанотли қилиб яратган, уларнинг баъзиларида иккитадан, айримларида учтадан, баъзиларида тўрттадан, айримларида эса бундан ҳам кўп қанот бор. 

  Фаришталар Аллоҳ таолонинг ҳукмини бандаларга етказиш, Аршни кўтариб туриш, жаннат ва дўзах ишларини бажариш, одамларнинг ишларини кузатиб, амалларини ёзиб юриш, инсонни доимий муҳофаза қилиш, руҳларни қабз қилиш ва бошқа вазифаларга бириктирилган. Жаброил, Микоил, Исрофил, Малакул мавт (Азроил) алайҳимуссаломлар фаришталарнинг улуғларидир. Жаброил алайҳиссалом ваҳий етказишга, Микоил алайҳиссалом Аллоҳ берган ризқларни тасарруф қилишга, Исрофил алайҳиссалом қиёматдан огоҳ этувчи сурни чалишга, Азроил алайҳиссалом жонларни қабз қилиш вазифасидадирлар. 

Илоҳий китобларга иймон

Иймоннинг яна бир шарти Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбарларига (расуллари ва набийларига) нозил қилган китобларига ишонишдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма китоблари Унинг каломи (сўзи) ва ваҳийсидир. Аллоҳ таоло ушбу каломни яратган эмасдир, балки бу Аллоҳнинг азалий сифатларидандир. Уларнинг ҳаммаси бир каломдир, иброн, араб ва бошқа тилларда нозил қилинганлиги, жумлаларининг тузилиши жиҳатидан, ўқиш ва эшитиш жиҳатидан бир нечтадир. Шунга кўра нозил бўлган китобларнинг энг афзали Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони Каримдир. Бу тўрт китобнинг энг афзали Қуръони Каримдир. Қуръони Карим нозил бўлгач қолган барча китобларни ўқиш ва ёзиш бекор бўлган. Чунки улардаги ҳукмлар муайян халққа йўлланган эди. Қуръони Карим ҳукмлари эса бутун инсониятга қаратилган. Таврот Мусо алайҳиссаломга, Забур Довуд алайҳиссаломга, Инжил Исо алайҳиссаломга, Қуръони Карим эса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга юборилган. Қуръони Карим ҳукмлари қиёматгача ўзгармайди, бирор ҳарфи зиёда ёки кам бўлмайди, тилларда ва дилларда сақланиб боради. Қуръони Каримни ўқиш ибодат ҳисобланади. 

Пайғамбарларга иймон

«Пайғамбар» форсча сўз бўлиб, «хабар етказувчи» деган маънодадир. Арабчада «расул, набий» деб аталади. Иймоннинг шартларидан яна бири Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларига истисносиз ишонишдир. Пайғамбарларнинг вазифаси иймон келтириб, тоат-ибодат қилган инсонларга жаннат башоратини қилиш, куфр ва исёнда бўлган инсонларни дўзах азобидан огоҳ этиш, инсонларга дунё ва дин ишларида улар муҳтож бўлган нарсаларни баён этишдир. Пайғамбарларнинг барчаси Одам наслидан, гуноҳ, куфр, туғёндан сақланган, пок, ақл ва ибодатда комилдирлар. Уларнинг барчаси бир динда – Ислом динидадир. Зеро, улар ўз қавмларини фақат Аллоҳ таолога ибодат қилишга, Унинг улуҳиятига, рубубиятига, исм ва сифатларига ширк келтирмасликка чақирганлар. Пайғамбарлар расул ва набийга ажралади. Улар олиб келган йўлнинг асоси бир бўлса-да, расуллар набийлардан юқори даражада турадилар. Расулларнинг баъзилари ҳам баъзиларидан фазл жиҳатидан устун бўлади. Улар зиммаларига юкланган вазифаларни тўла адо этишган. Пайғамбарларнинг аввали Одам алайҳиссалом, охирлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Одам ва Муҳаммад алайҳимуссаломлар ораларидаги даврда ўтган пайғамбарларнинг адади ҳақида ­қатъий далил бўлмаганидан уларнинг умумий саноғи аниқ эмас. Шунинг учун улар ададини маълум бир сон билан чегаралаш жоиз бўлмайди. Қуръони Каримда йигирма беш пайғамбарнинг номи зикр этилган: булар Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Зулкифл, Шуайб, Мусо, Хорун, Довуд, Сулаймон, Илёс, Алясаъ, Юнус, Закариё, Яҳё, Исо ва охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳимуссаломлардир. Қуръонда Узайр, Луқмон, Зулқарнайн деган исмлар ҳам келган, улардан баъзилари набий, баъзилари валийдир. Одам, Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Исо, Муҳаммад алайҳимуссалом шариат соҳиблари бўлишгани учун «улул-азм» пайғамбарлар дейилади. Китоб ва шариат берилган пайғамбарлар «расул», ўзидан олдинги пайғамбарнинг шариатини давом эттирувчи бўлиб келган пайғамбарлар «набий» дейилади. Машҳур қавлга биноан, Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф соллаллоҳу алайҳи васаллам фил йилида, рабиъул-аввал ойининг 12-кечасида Маккада туғилдилар. Оталарининг исми Абдуллоҳ, оналарининг исми Оминадир. Қурайш қабиласиданлар. Оталари Абдуллоҳ тижорат учун Шомга боради ва қайтишда Мадинада вафот этади. Муҳаммад алайҳиссалом олти ёшга кирганларида оналари ҳам вафот этади ва боболари Абдулмуттолиб тарбиясида қоладилар. Уч йилдан сўнг боболари ҳам вафот этади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 579-595 йиллари амакилари Абу Толиб тарбиясида бўладилар. Амакиларининг қўй-эчкиларини боқадилар, тижорат сафарларига ҳам бориб турадилар. Хадича исмли Макканинг бой ва баобрў аёлига тегишли тижорат молларини Шомга олиб борадилар. У киши ишончли, яхши хулқли бўлганлари учун Хадича онамиз ўзлари совчи қўйиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан турмуш қуришади. Бу пайтда жаноб Пайғамбаримиз йигирма беш ёшда, Хадича онамиз эса қирқ ёшда эдилар. 610 йили рамазон ойининг қадр кечасида жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Макка яқинидаги Ҳиро ғорида ибодат қилаётганларида Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссалом орқали илк ваҳий – Қуръони Каримнинг Алақ сурасидаги аввалги беш оятни нозил этади ва шу тариқа бу зотнинг пайғамбарлик рисолатлари бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтмиш уч йил умр кўриб, ҳижратнинг ўн биринчи йили робиъул аввал ойининг ўн иккинчи, душанба куни (милодий 632 йил) вафот этдилар. Ҳужраи саодатга, яъни Оиша онамизнинг ҳужраларига дафн этилганлар. Ҳозир мақбаралари Мадинадаги Масжидун набавий ичидадир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача давом этади. У зотдан сўнг ҳеч бир пайғамбар бўлмайди. Бу зот бутун инсониятга ва жинларга расул этиб юборилганлар.

Охират кунига иймон

Охиратга, яъни қиёмат кунига ишониш иймоннинг яна бир шартидир. Бу ҳақиқатни тасдиқ қилмаган инсон мўмин бўла олмайди. Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида мўмин ва тақводорларнинг сифатлари зикр этилганида «ва улар охиратга ишонадилар» деб васфланади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Жаброил алайҳиссалом у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга «Менга иймоннинг хабарини беринг», деганларида Пайғамбаримиз: «Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига ва яхши-ёмон қадарга иймон келтириш» деб жавоб берганлар. Охиратга ишониш Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда охират ҳақида келган барча нарсаларга: қабрда икки фариштанинг савол қилишига, қабр азоби ва неъматига, охират куни олдидан бўладиган аломатларга, қайта тирилишга ва ҳамманинг тўпланишига (ҳашрга), номаи аъмолларнинг берилишига, кишининг савоб ва гуноҳлари ҳисоб қилинишига, мезонга (тарозуга), ҳавзга, сиротга, шафоатга, жаннат ва дўзахга, уларнинг аҳлларига ҳозирланган неъмат ва азобларга ишониш, демакдир. Қиёмат Исрофил алайҳиссаломнинг биринчи сур тортишлари билан бошланади ва дунё ҳаёти тугайди. Қиёмат кунига иймон келтирмаган киши бу дунёга нимага келганини билмай, ҳайвон каби яшаб ўтади. Чунки бу дунёда яшашдан мақсад нималигини билмай ўтади. Шунинг учун у гоҳ мол-дунё тўплайди, гоҳ шаҳватларга берилади, ҳаётини бемақсад совуради. Қиёмат кунига иймони бор киши эса дунё ҳаёти инсонларнинг охиратдаги абадий ҳаётининг муқаддимаси эканини яхши билади. Шунинг учун бу дунёда охирати учун тайёргарлик кўради, ҳаётини солиҳ амаллар ва эзгу ишлар билан безайди. 

Қадарга иймон

Иймон арконларининг энг муҳимларидан бири яхшию ёмон қадарни Аллоҳ таолодан деб билишдир. Қадарга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси, хоҳиши, яратиши билан бўлишига ишониш иймоннинг ажралмас бир қисмидир. Ҳамма нарса ва ҳаракат, жумладан, инсон хоҳиши ва ихтиёрининг яхши ёки ёмон, қачон ёки қаерда ва қанча бўлишининг бари Аллоҳ таолонинг иродаси, илми ва яратиши билан бўлади. Инсон Аллоҳ таоло унда яратган ихтиёр билан танлаган амалига яраша яхшилик бўлса – савоб олади, ёмонлик бўлса – гуноҳга ботади. Қазою қадар масаласи Аллоҳнинг Ўзига хос илмларидан ҳисобланиб, аввалда ҳам, ҳозирда ҳам кўплаб тортишув-баҳсларга сабаб бўлган масала-дир. Мусулмон кишига бу масалада чуқур кетмай, беҳуда тортишувларга берилмай Қуръон ва Суннатда келган кўрсатмаларга амал ва эътиқод қилиш тавсия этилади.

Ўлгандан сўнг қайта тирилишга иймон

Ўлим, ундан кейинги қабр синови ва ундаги азоб ёки роҳатга ишониш ҳам қиёмат кунига иймон келтиришнинг бир қисмидир. Ўлим ҳақ, каттаю кичик, бою камбағал, кучлию кучсиз ажали етиб бир куни ўлади. Мусулмон инсон ўлганидан кейин қабрда икки фариштанинг сўроқ қилишига, сўнг натижага қараб қабр азоби ёки ундаги ҳузур бўлишига сидқидилдан ишонади. Бу дунё билан охират дунёси орасидаги, яъни ўлгандан сўнг то қиёмат қоим бўлгунча даврдаги ҳаётни «барзах ҳаёти» дейилади. Аллоҳ таолонинг амри билан Исрофил алайҳиссалом иккинчи бор сур тортганларидан сўнг барча жонзотлар, жумладан инсонлар тирилади. Уларнинг асл жасадларига руҳлари қайтарилади ва улар қабрларидан чиқиб Маҳшаргоҳга тўпланади ҳамда ҳисобга тортилади. 

Ўлим – инсоннинг дунё ҳаётидаги фаолиятига нуқта қўювчи ва охират ҳаётининг бошланишини билдирувчи бир маррадир. Инсон ўлиши билан унинг охират ҳаёти бошланади. Мўминлар ўлимдан кейин тирилиб маҳшаргоҳда тўпланишларига, қилган яхши ва ёмон амаллардан ҳисоб беришларига иймон келтиришлари вожибдир. Амаллар Ҳақ тарозусида – Мезонда тортилиб, яхши амалли, иймонлилар абадий ором-фароғат маскани – жаннатга киради, иймонсизлар ва айрим гуноҳкорлар дўзахга ташланади. 

Ўлишдан кейин тирилишнинг муҳим ҳикмати бор. Модомики, дунёга келган эканмиз, бу ерда бир қанча исломий, инсоний вазифаларимизни ўташимиз, Аллоҳ буюрганларини бажаришимиз керак бўлади. Бунга осийлик қилганлар эса Аллоҳнинг ғазаби ва жазосига дучор бўлади. Охиратдаги бахтли-саодатли ва осойишта ҳаёт иймонимизга бу дунёдаги қилган амалларимизга, савобли, хайрли ишларимизга боғлиқ. 

Қуръони Каримда «Сизларни ундан яратдик, унга қайтарурмиз ва яна бир бор ундан чиқариб олурмиз», дейилган (Тоҳа сураси, 55-оят). Буни инкор қилиш ­Қуръонни инкор этишдир, бу эса аниқ куфрдир. Ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишониш иймон шартларидан биридир. Мўминнинг ақли билан кофирнинг ақли шу нуқтада фарқланади. Ҳозирги кунда дунё бўйлаб таносух (инсон вафот топгандан кейин унинг руҳи янги туғиладиган чақалоққа кириши, баъзи бир миллатлардаги инсон етти бор ҳаёт кечириши) ақидаси кенг тарғиб қилинмоқда. Бу ақида иймонга зид бўлиб, бундай деб эътиқод қилиш куфр ҳисобланади. Чунки инсон вафот топгач, ҳадисда келган хабарларга кўра, солиҳ бандаларнинг руҳлари маълум бир жойга, кофир ва фосиқларнинг руҳлари эса бошқа бир жойга қўйилади. Солиҳларнинг руҳлари жасадлари каби роҳат-фароғатда бўлади, кофир ва фосиқларнинг руҳлари эса жасадлари каби азобга дучор бўлади. Баъзи бир жинлар билан дўст бўлган кишиларни «боболарим, момоларимнинг арвоҳлари мени қўллаб-қувватлаб туради», дейишлари сафсатадан ўзга нарса эмас. Уларга ҳамроҳ бўлаётганлар жинлардир. 

Ақида

«Ақида» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш» маъносини англатади. Истилоҳда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам етказган барча нарсаларнинг ростлигини тасдиқлаб, қалб ва кўнгил боғлаб ишонилиши лозим бўлган нарсалар «ақида» дейилади. Бу сўзнинг жаъми (кўплик шакли) «ақоид» бўлади. Ислом ақидаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуасидир. 

Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш керак. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак. Кейин эса, ўша ҳиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади. Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади. Қачон маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда ақидага айланган бўлади. Демак, ақида илмга асосланган бўлиши лозим. 

Ақида илмининг мақсади – динга бўлган ишончни, диний ақидаларни қатъий далиллар билан исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир; кишини ақидада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир; тўғри йўлни изловчиларга очиқ-ойдин ҳақни баён қилиш билан йўл кўрсатиш, аксинча, бўйин товловчиларга эса, далил ва ҳужжатларни исбот қилишдир; дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилишдир; бу илмнинг асосий мақсади эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир. 

Ақидани тўғрилаш ва уни мустаҳкамлаш ҳақида Сўфи Оллоҳёр шундай ёзганлар: 

Ақида билмаган шайтона элдур,

Агар минг йил амал деб қилса – елдур.

  Ақида масалалари замон, макон, шахс ва жамият ҳаётига кўра ўзгармайди. Ақида масалалари яхлит бўлиб, бир қисмига ишониш, бошқа қисмига ишонмаслик мумкин эмас. Ақидага доир илк асар ёзган ва асарлари шу кунгача етиб келган зот Абу Ҳанифадир. У кишининг «Ал-Фиқҳул-акбар», «Ал-Фиқҳул-абсат», «Ар-Рисола», «Ал-Олим вал-мутаъаллим» ва «Ал-Васиййа» дея танилган беш асарида ақоид масалаларидан баҳс юритилади. 

Аҳли сунна вал жамоа

Тўғри йўлдаги халифалар давридан кейин Ислом динидан турли адашган мазҳаб, оқим ва фирқалар пайдо бўлдики, булардан хаворижлар, мўътазилийлар, муржиалар кабилар Ислом бирлиги ва бирдамлигига жиддий зарар келтирди, турли фитна ва тафриқаларга (бўлинишларга) сабаб бўлди. Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақидасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва Суннат таълимотлари асосида, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари услубида ақида масалаларини ёрита бошладилар. Уларга «Аҳли сунна вал жамоа» номи берилди. 

Кейинроқ, одамларга тушунарли бўлиши учун, матнларни таъвил қилишга ҳам мажбур бўлинди. Турли китоблар битилди. Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Ниҳоят, ақидавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди. 

«Аҳли сунна вал жамоа» исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ, юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ, айни шу исмни ишлатила бошланди. «Аҳли сунна» деганда «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлар» деган маънолар кўзда тутилган. Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий Аҳли сунна вал жамоанинг ақида бўйича имомлари деб тан олиндилар. Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида – Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг имоми деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақидаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ёрқин далилдир. 

Ислом уммати ичида Ҳақни топган ва унга эргашган фирқа Пайғамбаримиз алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобалари амал қилган йўлда собит қолган мусулмонлардир. Қолган етмиш икки фирқа Ҳақни топмаган бўлса-да, Ислом динининг қатъий ҳукмларини инкор қилмагани учун Ислом доирасида ҳисобланади. Ислом уммати ичида Ҳақни топган ва унга эргашган фирқа «Аҳли сунна вал жамоа» деб аталади. Аҳли сунна вал жамоа фирқаси амалиётда тўрт мазҳабга бўлинган: 

1. Ҳанафий мазҳаби. Имом Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит. 

2. Моликий мазҳаби. Имом Молик ибн Анас. 

3. Шофеъий мазҳаби. Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъий. 

4. Ҳанбалий мазҳаби. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. 

Бугунги кунда дунёдаги мусулмонларнинг 92,5 фоизи Аҳли сунна вал жамоа мазҳабидадир. Улардан ҳанафийлар 47 фоизни, шофеъийлар – 27, моликийлар – 17, ҳанбалийлар – 1,5 фоизни ташкил этади. 

Ҳалол ва ҳаром

Аллоҳ таоло рухсат этган нарсалар шариатда «ҳалол» дейилади. Мўмин-мусулмонларга ҳалол ризқ топиш, ҳалол касб билан рўзғор тебратиш, ҳалол таом-ичимликларни истеъмол қилиш буюрилган. Шариатимизда ижозат этилган ҳамма нарса, ейиладиган таомлар ёки қилинадиган ишлар ҳалол саналади. Аллоҳ таоло ҳалол қилган нарсалар инсон учун моддий ва маънавий фойдалардан холи эмас. 

Аллоҳ таоло ман қилган нарсалар ва ишлар шариатда ҳаром ҳисобланади. Ҳаром ишга ўтиш ёки ҳаром таом ейиш оғир гуноҳ саналади (Бироқ, баъзан зарурат туфайли ҳаром нарсалар мубоҳ қилинади, масалан, очдан ўлаётган одам жонини сақлаб қоладиган миқдорда ҳаром истеъмол қилиши, душманга нисбатан ёлғон ишлатиш мумкинлиги каби). Ҳаром иш ва нарсалар саноқлидир. Қуйида улардан айримларини келтирамиз: тўнғиз, ваҳший ҳайвонлар, ҳаром ўлган (ўзи ўлиб қолган) ҳалол ҳайвонларнинг гўштлари, сўйганда чиққан қон, «Бисмиллаҳ»сиз сўйилган ҳалол ҳайвонларнинг гўшти, динсизлар (мажусийлар) сўйган ҳайвон гўшти, маст қилувчи ичимлик ва гиёҳларнинг барча турлари, эркакларга ипак ва тилла ишлатиш, тилла-кумуш идишда овқат ейиш, зинокорлик, судхўрлик, ўғрилик, қароқчилик, ғийбат, туҳмат, бўҳтон, ёлғончилик каби нарсалар мусулмонларга ҳаром қилинган.