Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (151-дарс). Ҳадисга амал қиляпмизми?

17:00 / 25.08.2021 3633 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي كَبْشَةَ الْأَنْمَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ: مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلِمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا إِلَّا زَادَهُ اللهُ عِزًّا، وَلَا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا فَاحْفَظُوهُ قَالَ: إِنَّمَا الدُّنْيَا لِأَرْبَعَةِ نَفَرٍ: عَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَعِلْمًا فَهُوَ يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ وَيَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ وَيَعْلَمُ ِللهِ فِيهِ حَقًّا فَهَذَا بِأَفْضَلِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ عِلْمًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ مَالًا فَهُوَ صَادِقُ النِّيَّةِ يَقُولُ لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ بِعَمَلِ فُلَانٍ فَهُوَ بِنِيَّتِهِ فَأَجْرُهُمَا سَوَاءٌ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ عِلْمًا فَهُوَ يَخْبِطُ فِيهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ لَا يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ وَلَا يَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ وَلَا يَعْلَمُ ِللهِ فِيهِ حَقًّا فَهَذَا بِأَخْبَثِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ لَمْ يَرْزُقْهُ اللهُ مَالًا وَلَا عِلْمًا فَهُوَ يَقُولُ لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ فِيهِ بِعَمَلِ فُلاَنٍ فَهُوَ بِنِيَّتِهِ فَوِزْرُهُمَا سَوَاءٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:

Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.

Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.

Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.

Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ислом дини тиланчиликни қанчалик қоралашига қарамасдан, мусулмонман, деб юрганлар ичида тиланчиларнинг кўплиги кишини ҳайратга солади. Тиланчилик қилаётганлар бу ишни ўзларига касб қилиб олганлар, десак, муболаға бўлмайди. Исломда ночор қолган, «Қути лаа ямут»и бўлмаган киши учун ўзини ўнглаб олгунича бир ёки икки марта тиланчилик қилишига изн берилган. Лекин ҳозирги кунимиздаги тиланчиларнинг кўпчилигининг аҳволи бу шартларга тўғри келмайди. Улар ҳамма нарсалари бўла туриб ҳам, қорин тўйдириш учун эмас, бошқа нарсаларга эришмоқ ниятида тиланчилик қилаверадилар. Шунинг учун ҳам баракадан узоқлар, тиланчилик қилиб, қанча топсалар ҳам, бирлари икки бўлмайди. Қолаверса, улар Ислом ва мусулмонлар ҳақида бошқалар наздида ёмон тасаввур қолдирадилар.

Энди ҳадиси шарифнинг иккинчи қисмини воқелигимизга таққослаб кўрайлик. Ичимизда мол-дунё ва илмни бирданига тутганлар борми? Бўлса, қанча? Аксинча, мусулмонларда молу дунё билан илм бирга бўлиши мумкин эмас, деган бир тушунча бор. Илмли одам мол-мулк учун ҳаракат қилсаёқ, маломатга учрайди. Моли борлар эса илм ўрганишга уринмайди. Оқибатда илмлилар илмсиз бойларга қарам бўлиб қоладилар. Тирикчилик ўтказаман, деб, жоҳиллар ҳузурида илмини хор қилади. Гап фақат диний илм ҳақида кетаётгани йўқ. Илмнинг қайси соҳасига назар солмайлик, шу ҳолатни кўрамиз. Илм эгалари – мол-дунёсиз, мол-дунёси борлар эса илмсиз.

Исломда эса мол-дунё билан бирга, илмга эгалик қилган киши энг юқори даражадаги одам ҳисобланиб турибди. Шундай экан, кишиларимизнинг мол-мулкда, илмда Аллоҳга тақво қилиш савияси қай даражада? Силаи раҳм қилишда-чи? Бу нарсаларда Аллоҳнинг ҳаққини адо этиш қай даражада? Менимча, ҳадиси шарифда кўрсатилган даражада эмас.

Бугунги кунда дунёнинг ҳеч қаерида мусулмонларчалик мол-дунёни тўғри келган томонга сочадиганлар йўқлиги ҳаммага маълум. Ўйламасдан қилинадиган сарф-харажатлар, исроф ва риёкорликлар тўлиб-тошиб ётибди.

Ҳадисда зикри келган тўртинчи тоифа одамлари орамизда жуда ҳам кўплиги кишини чуқур қайғуга солади. Ислом олами ер юзидаги бойликларнинг кўп қисмини ўзида тутиб турганига қарамай, мусулмонлар ичида камбағаллик кенг тарқалган. Ўртача йиллик даромадни ҳисобга олганда кўплаб мусулмон мамлакатлар дунёда охирги ўринларда туради.

Баъзи бир бой ҳисобланган давлатларда ҳам илм йўқ. Ислом илм олишни ҳар бир мўмин ва мўминага фарз қилганига қарамай, Ислом олами саводсизлик бўйича дунёда энг аввалги ўринлардан бирида туради. Ислом оламига илм тарқатиш билан машҳур бўлган бир юртда қирқ фоиз одамнинг саводсизлигини айтсам, ҳурматли ўқувчи ишонмасмикан, деб қўрқаман. Илм ва уламоларнинг қадри йўқлиги туфайли илмли кишилар ҳам бошқа ўлкаларга ҳижрат қилиб кетишга мажбур бўлганлар.

Шу ва шунга ўхшаш бошқа сабабларга кўра, ҳозир «Ислом олами» деб номланган ўлкаларда камбағаллик ва жаҳолат ҳукм сурмоқда. Бунга асосан ўзини мусулмон санаб юрган мусулмонларнинг ўзлари айбдордирлар. Уларнинг Ислом дини таълимотларига, юқоридагидек ҳадиси шарифларга амал қилмаганликлари туфайли мана шундай аянчли ҳол юзага келган. Бу ҳолатдан чиқиш учун эса динимиз таълимотларини, хусусан, ушбу ўрганган ҳадисимизни ҳаётимизга холис ва тўғри татбиқ қилишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. давоми...

3268 16:30 / 24.03.2021
. . . Сабра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бола етти ёшга етганда уни намозга буюринглар. Ўн ёшга етса, давоми...

873 19:00 / 05 июль
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Эй Абу Зарр, шўрва пиширсанг, сувини кўпроқ қилиб, қўшниларингдан ҳабар ол,, давоми...

7539 18:21 / 14.08.2017
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким илмни Аллоҳдан бошқа учун ёки Аллоҳдан бошқани рози қилишни давоми...

4297 20:20 / 20.04.2022