Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозни интизор бўлиб кутишнинг фазилати | Ҳадис дарслари (280-дарс)

19:00 / 01.05.2024 2865 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَخَّرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاةَ الْعِشَاءِ إِلَى نِصْفِ اللَّيْلِ ثُمَّ صَلَّى ثُمَّ قَالَ: قَدْ صَلَّى النَّاسُ وَنَامُوا، أَمَا إِنَّكُمْ فِي صَلَاةٍ مَا انْتَظَرْتُمُوهَا. وَفِي رِوَايَةٍ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ أَنْ يُصَلُّوهَا هَكَذَا. رَوَاهُ الثَلَاثَةُ وَالتِّرْمِذِيُّ، وَلَفْظُهُ: لَوْلَا أَنْ أَشُقَّ عَلَى أُمَّتِي لَأَمَرْتُهُمْ أَنْ يُؤَخِّرُوا الْعِشَاءَ إِلَى ثُلُثِ اللَّيْلِ أَوْ نِصْفِهِ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтон намозини кечанинг ярмигача суриб, кейин ўқидилар. Сўнгра:

«Батаҳқиқ, одамлар намозни ўқиб, ухладилар. Аммо сизлар, модомики намозга интизор бўлиб турдингизми, намоздасизлар», дедилар».

Бошқа ривоятда:

«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, шундай қилиб ўқишларига амр қилган бўлар эдим», дедилар».

Учовлари ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг ривоятида:

«Агар умматимга машаққат бўлишини ўйламаганимда, уларга Хуфтонни кечанинг учдан биригача ёки ярмигача орқага суришни амр қилган бўлар эдим», деганлар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Гоҳида Хуфтонни ярим кечада жамоат билан ўқиш мумкинлиги.

2. Намозга интизор бўлиб турган одам намозда тургандек эканлиги.

3. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз умматларига машаққатни хоҳламаганликлари.

4. Имкон бўлганда Хуфтонни ярим кечада ёки кечанинг учдан бири қолганда ўқиш афзал эканлиги.

عَنْ أَبِي بَرْزَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَكْرَهُ النَّوْمَ قَبْلَ الْعِشَاءَ وَالْحَدِيثَ بَعْدَهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни ва ундан кейин гаплашишни хуш кўрмас эдилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Аввало ҳадиснинг ровийcи Абу Барза розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абу Барза куняси билан машҳур бўлган бу саҳобанинг асл исмлари Назла ибн Убайд бўлиб, Басрада туғилганлар.

Исломга кирганларидан кейин Хайбарда, Ҳунайнда, Макканинг фатҳ этилишида иштирок этдилар.

Сиффийн ва Наҳавон урушларида Али розияллоҳу анҳу билан бўлганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳаммаси бўлиб, 46та ҳадис ривоят қилдилар. Бу зотдан Ҳасан Басрий, Абу Усмон Наҳдий, Абдуллоҳ ибн Бурайда ва бошқалар ривоят қилганлар.

Абу Барза ҳижрий 65-санада Язийд ибн Муовия даврида вафот этдилар.

Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Хуфтон намози билан боғлиқ бўлган икки одатлари ҳақида сўз бормоқда.

1. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан олдин ухлашни хуш кўрмас эканлар. Чунки ухлаб қолиб, намоз вақти ўтиб кетиш хавфи бор.

2. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хуфтондан кейин гаплашиб ўтиришни хуш кўрмас эканлар. Чунки бунда кунни яхши амал билан тамомлаш имкони зое бўлади. Шунинг учун ҳам аҳли солиҳ кишилар витр намозини уйқудан олдин ўқишга уринадилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Имрон ибн Ҳусайн алХузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан намоз ўқимай, давоми...

2849 19:00 / 22.11.2023
. . . Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозини биздан биримиз ёнидаги одамни танийдиган давоми...

3884 19:00 / 17.04.2024
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Муаллиф Шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ўз китобларини .Бисмиллаҳ, билан бошладилар. Ҳар бир ишни .Бисмиллаҳ, билан бошлаш давоми...

7144 13:30 / 27.03.2019
. . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага давоми...

5721 14:00 / 05.05.2021