Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (150-дарс). Сабр (учинчи мақола)

17:02 / 18.08.2021 3497 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

3. «Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди. Силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир».

Энг афзал ва яхши одамларни васф қилиб бўлинганидан кейин энди энг ёмон даражадаги одамни васф қилиш бошланди. Бундай одамга Аллоҳ таоло мол-дунё берар экан, аммо илм бермас экан. Илми бўлмаганидан кейин илмлилардан сўраб, тасарруф қилса бўлар эди. Аммо бу жоҳил одам ундай қилмай, ўзича тасарруф қила бошлади: Аллоҳ таоло унга ризқ қилиб берган мол-дунёни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочди, ҳаром-хариш ишларга, фисқу фасодга сарфласа сарфладики, қариндош-уруғларига силаи раҳм қилмади. Бундай одам ўзига ризқ қилиб берилган мол-дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини ҳам билмайди, закотини, хайр-садақасини бермайди. Аллоҳ ризқ қилиб берган мол-дунёни Аллоҳнинг йўлига эмас, аксинча, гуноҳ йўлларга сарфлайди. Демак, бундай одам албатта, энг ёмон даражадаги киши бўлиши турган гап.

4.«Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳлари баробардир».

Тўртинчи тоифадаги одамда мол-дунё ҳам, илм-маърифат ҳам йўқ. Шу билан бирга, бу одамнинг нияти ҳам бузуқ. Илмли бўлишни хаёлига ҳам келтирмайди. Аммо молим бўлса, фалончининг амалини қилар эдим, деб юқорида зикр қилинганидек, илм берилмай, мол берилган, молини фисқу фасодга сарфлаган одамга ўхшашни орзу қилади. Бу одам нияти бузуқ бўлганлиги учун ниятига яраша гуноҳ олади. Ёмон амал қилмаса ҳам, агар имкони бўлса, тап тортмаслиги эътиборидан унга гуноҳ ёзилади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳим нарсаларни қасам билан таъкидлаш жоизлиги.

2. Хайр-садақага тарғиб қилиш зарурлиги.

3. Хайр-садақа билан мол-дунё нуқсонга учрамаслиги.

4. Зулмга учраган одамнинг сабр қилиши зарурлиги.

5. Зулмга учраганда сабр қилган одамнинг иззати Аллоҳ таоло томонидан зиёда қилиниши.

6. Тиланчилик яхши эмаслиги, бу нарсанинг фақирликка сабаб бўлиши.

7. Муҳим ҳадис ёки гапни ёдлаб олишга тарғиб қилиш яхши эканлиги.

8. Ҳам мол-дунёга, ҳам илмга соҳиб бўлиш учун ҳаракат қилишга тарғиб.

9. Илмда ҳам, молда ҳам Аллоҳга тақво қилишга уриниш зарурлиги.

10. Силаи раҳмнинг зарурлиги.

11. Илмда ҳам, мол-дунёда ҳам Аллоҳнинг ҳаққини билиб, уни адо этиш лозимлиги.

12. Мол-дунёга ва илмга эга бўлиб, тақво ила Аллоҳнинг ҳаққини адо этувчи инсоннинг олий даражадаги инсон эканлиги.

13. Илмли бўлиб, сидқи ният билан «Молим бўлганда, яхшилик йўлида сарфлар эдим», дейишнинг савоб эканлиги.

14. Яхши ният туфайли амал қилмаса ҳам, ажру савобга эга бўлиш мумкинлиги.

15. Илмнинг фазилат эканлиги.

16. Мол-мулкни илмсиз равишда тўғри келган томонга сочиш яхши эмаслиги.

17. Мол-дунёси ила Аллоҳга тақво қилмаслик ёмон эканлиги.

18. Силаи раҳм қилмаслик разолат эканлиги.

19. Мол-дунёдаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этмаслик ёмон эканлиги.

20. Моли бору, илми йўқ бўлиб, тақвосиз, мол-дунёсини ҳаром-хариш ишларга сарфлайдиган одам энг ёмон даражадаги одам эканлиги.

21. Илмсизлик яхши эмаслиги.

22. Ҳам илмсиз, ҳам мол-дунёсиз бўлиш яхши эмаслиги.

23. Ёмон ишлар қилишни ният этиш жоиз эмаслиги.

24. Ёмонликни қилмаган одам, агар ёмонликни ният қилса, гуноҳга қолиши.

Бу ҳадиси шарифнинг ҳикмати қанчалар улуғ эканлигини билиш учун унинг ёғдуси ила бугунги кунимиз воқелигига бир назар ташлаб чиқишимизнинг ўзи кифоя. Ичимизда «Хайр-садақадан мол‑дунё нуқсонга учрайди» деганлар кўпми ёки «Учрамайди» дейдиганлар кўпми? Бу саволга ижобий жавоб бера олмасак керак. Тўғри, хайр-садақа қиладиганлар кўп. Лекин «Хайр-садақа туфайли мол-дунё ҳеч нуқсонга учрамайди» деган эътиқоддаги кишиларимиз жуда ҳам оз. Ичимизда садақа тўғрисида ушбу ҳадиси шариф савиясида фикрлайдиган кишилар кўпчиликни ташкил қилгандагина кўплаб муаммоларимиз ҳал бўлиши мумкин.

Зулмга учраган одамларнинг сабр қилиши ҳам шунга ўхшаш. Аввало Аллоҳ учун сабр қиладиганлар кам. Урина-урина, қўлидан бир нарса келмаганидан кейингина сабр қилиш кераклиги эсига тушадиганлар бўлиши мумкин. Лекин зулмга сабр қилиш туфайли иззати ошишини эътиқод даражасига кўтара олганлар кам. Бу масалада ҳам ушбу ҳадиси шариф ҳикмати даражасига кўтарилишга муҳтожмиз.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳўлни кўрган, лекин эҳтиломни эслай олмаган одам давоми...

2216 19:00 / 14.06.2023
1. Толиби илм аввало, ихлосли, соф ниятли бўлиши керак. Илм талаб қилишда дунёвий ғаразларни, риёсат, мансаб, обрў ва шарафни кўзламаслиги лозим.2. Ўз юртидаги давоми...

5600 21:10 / 20.03.2019
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

6353 17:04 / 08.01.2017
АЛЛОҲДАН ҚЎРҚИШ давоми Ва, аммо ким Роббисининг мақомидан қўрққан ва ўз нафсини ҳаволаниб кетишдан қайтарган бўлса. Бас, албатта, жаннат ўрин бўладирrdquo. давоми...

5849 14:07 / 12.10.2017