Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 178-дарс. Муомала одоби

18:00 / 06.04.2022 6518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هَارُونَ الْعَبْدِيِّ قَالَ: كُنَّا نَأْتِي أَبَا سَعِيدٍ فَيَقُولُ: مَرْحَبًا بِوَصِيَّةِ رَسُولِ اللهِ صلى الله عليه وسلم إِنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ النَّاسَ لَكُمْ تَبَعٌ، وَإِنَّ رِجَالًا يَأْتُونَكُمْ مِنْ أَقْطَارِ الْأَرَضِينَ يَتَفَقَّهُونَ فِي الدِّينِ فَإِذَا أَتَوْكُمْ فَاسْتَوْصُوا بِهِمْ خَيْرًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Абу Ҳорун ал-Абдийдан ривоят қилинади:

«Абу Саъийднинг ҳузурига борсак: «Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар сизга тобеъдирлар. Ва албатта, ҳузурингизга ернинг турли тарафидан динда фақиҳ бўлиш учун келурлар. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар», деганлар», деди».

Термизий ва Ибн Можа ривоят ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда устозлар, илм масканлари, ўша масканлар жойлашган диёр аҳлининг толиби илмларга муносабатлари ҳақида сўз кетмоқда.

Ҳадиснинг ровийси Абу Ҳорун ал-Абдий илм ўрганиш учун ўз шериклари билан Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига тез-тез бориб турар эканлар. Ҳар борганларида у кишидан иззат-икром кўрар эканлар. Абу Саъийд розияллоҳу анҳу уларни кутиб олишда хушмуомалалик билан:

«Марҳабо, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятлари», дер эканлар.

Яъни, «Хуш келибсиз, Расулуллоҳ уларга нисбатан муомаламизни яхши қилишимизни васият қилган кишилар», деб кутиб олар эканлар ва ортидан ўша васиятни ҳам эслаб, зикр қилар эканлар:

«Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар сизга тобеъдирлар. Ва албатта, ҳузурингизга ернинг турли тарафидан динда фақиҳ бўлиш учун келурлар. Ўшалар келган чоғда яхши муомалада бўлинглар», деганлар».

Мусулмон одамлар Ислом динини яхши тушунган, динда фақиҳ бўлган кишиларга ҳамиша тобеъдирлар. Уларга эргашадилар, динда фақиҳ бўлиш мақсадида дарс олиш учун турли жойлардан илми бор кишилар ҳузурларига келадилар. Шундай пайтда толиби илмларга муомалани яхши қилиш лозимдир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига амал қилиш зарурлиги.

2. Абу Саъийд розияллоҳу анҳунинг мадҳлари.

3. Мусулмонлар оммасининг саҳобаларга ва диний илмни эгаллаган олимларга тобеъликлари.

4. Динда фақиҳ бўлиш учун илмли кишилар ҳузурига бориб, илм олиш зарурлиги.

5. Толиби илмлар динда фақиҳ бўлиш учун илм талаб қилиб келганларида илмли кишилар ва шу ишга алоқадор шахслар уларга яхши муомалада бўлишлари лозимлиги.

Бу ҳадиси шарифнинг ҳаётимиздаги татбиқи ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳга шукрларким, доимо мусулмонлар томонидан толиби илмларга, айниқса дийнда фақиҳ бўлмоқни истаган талабаларга яхши муносабатда бўлинган. Қадимдан устозлар уларни очиқ чеҳра билан кутиб олиб, илм ўргатганлар. Бой-бадавлат мусулмонлар уларни моддий жиҳатдан таъминлаганлар. Мусулмон ҳокимлар барча яхши шароит ва имтиёзларни яратиб беришга ҳаракат қилганлар. Оддий мусулмонлар ҳам қўлларидан келган барча яхшиликларни қилганлар.

Ҳақиқий мусулмон киши илмга ўч бўлади, илм талаб қилади, илмга хизмат қилади. Биз ҳам ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилган ҳолда толиби илмларимизга яхши муносабатда бўлиб, уларни доимо руҳан ва маънан рағбатлантириб туришимиз лозим. Шундагина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг васиятларига амал қилган бўламиз. Иншааллоҳ, бу амалларимиз эвазига охиратда юзимиз ёруғ бўлгай.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Отаонага яхшилик қилиш 13тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб,.Эй давоми...

7960 17:00 / 08.04.2016
.УЛУМ УЛҲАДИС,Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг ҳаммаслаклари Пайғамбаримиз саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилмаган. Кимни, Пайғамбаримиз давоми...

5797 16:59 / 08.04.2016
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ давоми...

8383 14:10 / 09.01.2019
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир одам .Эй Аллоҳнинг Расули, бир одам қилган давоми...

4944 17:04 / 29.09.2021