Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 189-дарс. Таҳорат банданинг гуноҳларини тўкади

19:01 / 29.06.2022 5334 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِذَا تَوَضَّأَ الْعَبْدُ الْمُسْلِمُ أَوِ الْمُؤْمِنُ فَغَسَلَ وَجْهَهُ خَرَجَ مِنْ وَجْهِهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ نَظَرَ إِلَيْهَا بِعَيْنَيْهِ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ يَدَيْهِ خَرَجَ مِنْ يَدَيْهِ كُلُّ خَطِيئَةٍ كَانَ بَطَشَتْهَا يَدَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ، فَإِذَا غَسَلَ رِجْلَيْهِ خَرَجَتْ كُلُّ خَطِيئَةٍ مَشَتْهَا رِجْلَاهُ مَعَ الْمَاءِ أَوْ مَعَ آخِرِ قَطْرِ الْمَاءِ حَتَّى يَخْرُجَ نَقِيّاً مِنَ الذُّنُوبِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Вақтики, мусулмон ёки мўмин банда таҳорат қилса, бас, у юзини ювганида ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки кўзининг назари орқали қилган хатолари юзидан тўкилади. Вақтики, икки қўлини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила унинг икки қўли билан қилган хатолари тўкилади. Вақтики, икки оёғини ювса, ўша сув ёки ўша сувнинг охирги қатраси ила икки оёғи билан юриб қилган хатолари тўкилади. Шундай қилиб, у гуноҳлардан пок бўлиб чиқади», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадиснинг бошидан охиригача таҳорат туфайли банданинг гуноҳлари қандай тўкилиши батафсил баён қилинмоқда.

Мусулмон киши таҳорат қилиш учун қайси бир аъзосини ювса, ўша аъзо туфайли содир бўлган гуноҳ тўкилиши таъкидланмоқда. Мусулмон одам таҳорат пайтида зоҳирий аъзоларидан кир, чанг-тўзонларни ювса ҳам, аслида унинг гуноҳлари ювиб ташланиши маълум бўлмоқда. Бу эса таҳоратнинг фазли қанчалик баланд эканлигини кўрсатади.

Шу ўринда умумий қоида сифатида ҳаммамиз учун ўта муҳим бўлган бир масалани эслаб ўтишимиз лозим. Бу ҳадиси шариф, ундан олдинги ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларда гап кичик гуноҳларнинг тўкилиши, ювилиши ёки ўчирилиши ҳақида бормоқда. Бу маънолардаги ҳадисларни эшитиб ёки ўқиб, хоҳлаган гуноҳни қилиб келиб, бир марта таҳорат қилса ва намоз ўқиса ёхуд жумъа намозида иштирок этса, ҳамма гуноҳлар тўкилиб кетар экан, деган хаёлга бормаслигимиз керак. Бунга ўхшаш маънодаги ҳадисларда зикр қилинган гуноҳнинг тўкилиши Аллоҳ билан банда орасидаги муносабатда банда томонидан содир этилган кичик гуноҳларга тегишлидир. Бундан кейин келадиган ҳадисларда «агар катта гуноҳ қилмаган бўлса», деган истисно ҳам келади. Аллоҳ хоҳласа, уларни ўз ўрнида ўрганамиз.

Шунингдек, бошқа бандаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиб қилинган гуноҳлар ҳам қасос олинмагунча, ювилмайди. Бу ҳақда ҳам, Аллоҳ хоҳласа, кези келганда гапирилади.

Лекин таҳорат билан кичик гуноҳларнинг ювилиб кетиши ҳам катта гап. Бу Аллоҳ таолонинг мусулмон бандаларига кўрсатган улкан марҳаматидир. Мусулмон банда таҳорат қилаётганда яхши ният билан, Аллоҳ таолодан астойдил тилаб, ушбу ҳадиси шарифни эслаган ҳолда ҳар бир аъзосини юваётиб: «Илоҳо, ушбу аъзоларимдан содир бўлган гуноҳларим тўкилган бўлсин», деб сўраса, иншааллоҳ, мақсади ҳосил бўлади. Чунки аввал айтиб ўтилганидек, таҳорат қилиш ҳам ўзига хос ибодатдир.

Шу туфайли таҳоратни бошқалар билан гаплашиб, шоша-пиша, чала-чулпа қилишга йўл қўймаслик керак. Таҳорат банда учун кичик гуноҳларини ювиб олиш учун Аллоҳ томонидан берилган имконият ва қулай фурсатдир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога сажда қилишнинг фазли 5тавсия Маъдон ибн Абу Толҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлолари озод давоми...

6982 05:00 / 11.03.2017
. . Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб давоми...

5218 18:38 / 20.10.2021
.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа давоми...

5240 13:00 / 02.12.2020
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан давоми...

5141 13:00 / 09.12.2020