Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (216-дарс) Қазои ҳожат вақтида гаплашмаслик

19:00 / 01.02.2023 3386 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يَخْرُجُ الرَّجُلَانِ يَضْرِبَانِ الْغَائِطَ كاَشِفَيْنِ عَنْ عَوْرَتِهِمَا يَتَحَدَّثَانِ فَإِنَّ اللهَ عَزّ وَجَلَّ يَمْقُتُ عَلَى ذَلِكَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Икки киши қазои ҳожатни ирода қилиб чиқиб, авратларини очиб, гаплашавермасин. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур», дедилар». 

Абу Довуд ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифда хало одобига хилоф нарсалар ҳақида сўз бормоқда. Ҳадиси шарифга биноан, икки киши бир-бирига яқин жойда қазои ҳожат қилмаслиги, авратини очмаслиги ва гаплашмаслиги керак. 

Умуман, бировга яқин жойда қазои ҳожат қилиш, авратини очиш ёки қазои ҳожат вақтида гаплашиш ҳеч қайси бандага тўғри келмайдиган иш. Бундай ишни қилиш қанчалик ёмон эканлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Чунки Аллоҳ азза ва жалла бундан ғазабга келур» деган гапларидан ҳам тушуниб олсак бўлади.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: مَرَّ رَجُلٌ عَلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَهُوَ يَبُولُ فَسَلَّمَ عَلَيْهِ فَلَمْ يَرُدَّ عَلَيْهِ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатаётганларида бир киши яқинларидан ўтаётиб, салом берган эди, алик олмадилар».

Аввалги ҳадислардан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қазои ҳожат учун одам кўрмайдиган жойга боришларини билиб олган эдик. Уларда бавл қилган вақтларида узоққа кетмас эдилар, деган гап йўқ эди. Шундан мазкур салом берган одам йўловчи бўлиб, билмасдан ўтиб қолган кўринади. 

Ҳадисдан таҳорат ушатаётган одамга салом бериб бўлмаслиги, таҳорат ушатаётган одам салом берган одамнинг саломига алик олмаслигини билиб оламиз. Бундан олдинги ҳадисда оддий гапни ҳам гапириб бўлмаслиги айтилган эди. 

Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат ушатиб бўлиб, бориб, таҳорат қилганлар. Сўнгра келиб, салом берган одамга узр айтганлар. «Таҳоратсиз ҳолда Аллоҳ таолонинг исмини зикр қилишни ёқтирмадим», деганлар. Бу эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олий ахлоқ эгаси эканликларига ёрқин далилдир. Аслида бундай ҳолатда умуман гапириб бўлмайди. 

Уламолар «Фақат ноилож қолганда, ҳалокатга кетаётган кўр одамни огоҳлантиришга ўхшаш ҳолатлардагина қазои ҳожат қилаётган одам гапирса бўлади», деганлар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Кабша алАнморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу давоми...

5172 17:00 / 25.08.2021
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга давоми...

6158 18:30 / 23.03.2022
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қўйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар,. Муслим ривоят давоми...

5040 19:00 / 12.07.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки одам боласи ўлса, амали кесилади. Магар уч нарсадан жорий садақадан, давоми...

4891 19:30 / 18.05.2022