Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (148-дарс). Сабр (биринчи мақола)

17:00 / 04.08.2021 4554 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي كَبْشَةَ الْأَنْمَارِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: ثَلَاثَةٌ أُقْسِمُ عَلَيْهِنَّ: مَا نَقَصَ مَالُ عَبْدٍ مِنْ صَدَقَةٍ، وَلَا ظُلِمَ عَبْدٌ مَظْلِمَةً فَصَبَرَ عَلَيْهَا إِلَّا زَادَهُ اللهُ عِزًّا، وَلَا فَتَحَ عَبْدٌ بَابَ مَسْأَلَةٍ إِلَّا فَتَحَ اللهُ عَلَيْهِ بَابَ فَقْرٍ أَوْ كَلِمَةً نَحْوَهَا وَأُحَدِّثُكُمْ حَدِيثًا فَاحْفَظُوهُ قَالَ: إِنَّمَا الدُّنْيَا لِأَرْبَعَةِ نَفَرٍ: عَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَعِلْمًا فَهُوَ يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ وَيَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ وَيَعْلَمُ ِللهِ فِيهِ حَقًّا فَهَذَا بِأَفْضَلِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ عِلْمًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ مَالًا فَهُوَ صَادِقُ النِّيَّةِ يَقُولُ لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ بِعَمَلِ فُلَانٍ فَهُوَ بِنِيَّتِهِ فَأَجْرُهُمَا سَوَاءٌ، وَعَبْدٍ رَزَقَهُ اللهُ مَالًا وَلَمْ يَرْزُقْهُ عِلْمًا فَهُوَ يَخْبِطُ فِيهِ بِغَيْرِ عِلْمٍ لَا يَتَّقِي فِيهِ رَبَّهُ وَلَا يَصِلُ فِيهِ رَحِمَهُ وَلَا يَعْلَمُ ِللهِ فِيهِ حَقًّا فَهَذَا بِأَخْبَثِ الْمَنَازِلِ، وَعَبْدٍ لَمْ يَرْزُقْهُ اللهُ مَالًا وَلَا عِلْمًا فَهُوَ يَقُولُ لَوْ أَنَّ لِي مَالًا لَعَمِلْتُ فِيهِ بِعَمَلِ فُلاَنٍ فَهُوَ بِنِيَّتِهِ فَوِزْرُهُمَا سَوَاءٌ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.

Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар (ёки шунга ўхшаш бир калима). Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар: «Албатта, дунё тўрт нафарникидир:

Бир бандага Аллоҳ молини ҳам, илмини ҳам ризқ қилиб берган. У бу билан Роббисига тақво қилур. Силаи раҳм қилур. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билур. Бу энг афзал даражадир.

Бир бандага Аллоҳ илмни ризқ қилиб берибди-ю, молни ризқ қилиб бермабди. У содиқ ниятли бўлиб, «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг ажри баробардир.

Бир бандага Аллоҳ молни ризқ қилиб берибди, аммо илмни бермабди. У илмсиз равишда молини тўғри келган томонга сочади. У билан Роббисига тақво қилмайди, силаи раҳм қилмайди. Ундаги Аллоҳнинг ҳаққини билмайди. Бу энг ёмон даражадир.

Бир бандага Аллоҳ молни ҳам, илмни ҳам ризқ қилиб бермабди. У эса «Агар молим бўлганида, фалончининг амалини қилар эдим», дейди. У ниятига яраша олади. Икковларининг гуноҳи баробардир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик:

Асл исмлари Саъийд ибн Амр бўлиб, саҳобалардан эдилар. Шомда истиқомат қилганлар. Ҳадисларни Абу Бакр розиялоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа иборалар билан ўта муҳим ҳақийқатларни баён қилмоқдалар. Ҳадиси шарифда зикр этиладиган ҳақийқатларнинг ниҳоятда муҳим эканлигига аввалдан қасам ичишлари ҳам бунга далолат қилиб турибди.

Ҳадиснинг аввалида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарсага қасам ичаман», демоқдалар.

Жуда муҳим бўлмаса, у киши ҳеч қачон қасам ичмайдилар. Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қасам ичиб таъкидлашларига арзийдиган ўша уч нарса нима экан?

1.«Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас».

Банда ўз молидан бошқа бировга садақа берса, зоҳиран унинг моли садақа қилиб берилган миқдорча камайганга ўхшайди. Лекин аслида эса Аллоҳнинг наздида у кўпаяди. Ҳеч бўлмаганда, нуқсонга учрамайди. Аллоҳ таоло садақа қилинган молга барака беради, унинг эвазига бошқа томондан зиёда қилади. Садақа қилинган мол эса бу дунёдан у дунёга кўчирилган бўлди, холос.

Бир гуруҳ одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васлламга:

«Сўйилган ҳайвоннинг тўртдан бири қолди, холос. Қолганини садақа қилдик», деганларида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўртдан биридан бошқаси қолибди», деганлар.

Иншааллоҳ, бу ҳақда садақанинг фазли тўғрисидаги бобда батафсил тўхталамиз.

2. «Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур».

Бу ўч олиш имконига эга бўла туриб, ўзига зулм қилган одамни афв қилиб юбориш фазилатли иш эканлигини кўрсатади. Золимнинг зулмини рад этиш ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Аммо шахсий масалаларда бировдан зулмга учраб, уни кечириб юбориш ҳам фазилат. Чунки ўзаро афв қилиш бўлмаган жамиятда тартибсизлик, зулм кўпаяди, унинг аъзолари орасида ўзаро душманлик руҳи кучаяди. Оқибатда бундай жамият таназзулга юз тутади.

Афвнинг фазилати тўғрисида ҳам тегишли бобда алоҳида сўз юритгаймиз, иншааллоҳ.

3. «Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар».

Банда осонлик билан ризқ топиш йўлига ўтиб, дангасалик қилса, тиланчиликни ўзига раво кўрса, Аллоҳ таоло уни камбағаллик сиртмоғига солиб қўяди.

Ислом кишиларни пешона тери билан, ҳалол-пок меҳнат орқали ҳаёт кечиришга чақиради, тиланчилик билан ҳаёт кечиришни қоралайди. Гарчи Исломда тиланчиликка изн берилган бўлса ҳам, ноилож қолганда иффат ила қилиниши кўзда тутилган. Тиланчилик яхши нарса эмаслиги кўплаб ҳадисларда уқдирилган. Ҳатто тиланчи тиланчилик қилаверса, юзидан бир парчадан гўшти узилавериб, қиёмат куни юзи гўштсиз ҳолда тирилади, деган маънодаги ҳадис ҳам келган. Бу мавзу ҳам ўз ўрнида алоҳида ўрганилади.

Ҳадисда ушбу жумладан сўнг «ёки шунга ўхшаш бир калима» деган ибора келган. Бу ҳолат жуда кам бўлса-да, баъзи бир ривоятларда учрайди. Бу «Ровийнинг шаки» дейилади, яъни, ровийнинг қулоғига шунга ўхшаш яна бир калима ҳам эшитилганга ўхшаган-ку, аниқ етмаган. Шунинг учун омонатга хиёнат бўлмасин, деган мақсадда ўша ҳолатни ҳам баён қилиб қўйган.

Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги саҳобаларга:

«Мен сизга бир ҳадис айтаман, ёдлаб олинглар», дедилар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари ҳам айтилмоқчи бўлган ҳадиснинг ўта муҳим эканлигига далолат қилади. Қани, ўша ҳадисни батафсил ўрганиб чиқайлик-чи, унда яна қандай ҳикматлар ҳақида гап кетар экан.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳимРАСУЛУЛЛОҲ СОЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИВАСАЛЛАМНИНГ ВАСИЯТЛАРИ .Лаа илаҳа иллаллоҳ,нинг фазли 1тавсия Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

15173 16:59 / 08.04.2016
. . Амр ибн Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Усмоннинг ҳузурида эдим. Таҳорат суви опкелтирди ва .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1814 19:00 / 15 февраль
Ихлоснинг фазли 22тавсия Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётганларида .Эй Аллоҳнинг давоми...

6354 17:04 / 08.01.2017
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган давоми...

2836 19:00 / 01.09.2022