Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намоз ва қибла мусулмонларни ибодатда бошқалардан ажратиб туради | Ҳадис дарслари (292-дарс)

19:00 / 24 июль 686 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намозни қиблага, Каъбаи муаззамага юзланиб ўқиш фарздир. Бўлмаса, намоз намоз бўлмайди.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ صَلَّى صَلَاتَنَا وَاسْتَقْبَلَ قِبْلَتَنَا وَأَكَلَ ذَبِيحَتَنَا فَذَلِكَ الْمُسْلِمُ الَّذِي لَهُ ذِمَّةُ اللهِ وَذِمَّةُ رَسُولِهِ، فَلَا تُخْفِرُوا اللهَ فِي ذِمَّتِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва сўйган (гўштимиз)ни еса, бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир. Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар».

Шарҳ: «Қибла» луғатда «қаршида, рўпарада турган нарса» дегани. Намозда Каъбаи муаззама намозхоннинг юзланадиган томони бўлганлиги учун «қибла» дейилади.

«Зимма» эса «аҳд», «омон» деганидир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким намозимизни ўқиса» деб айтганлари «ким биз ўқиган намозни ўқиса», деганларидир. Мусулмонларнинг намозини ўқиб, улар каби тавҳидга ва пайғамбарларга иймон келтирган киши Аллоҳдан келган барча нарсаларга иймон келтирган ҳисобланади. Шунинг учун ҳам намоз Ислом динининг бош белгиси дейилади. Калимаи шаҳодат эса намоз ичида борлиги учун зикр қилинмаган.

«Қибламизга юзланса».

Қиблага юзланиш намознинг ичида бор бўлиб, унинг фарзларидан эканлигига қарамай, алоҳида зикр қилинишининг ўз ҳикмати бор.

Бошқа динларда ҳам ўзига хос намоз мавжуд. Аммо Каъбани қибла қилиб олиш фақат Ислом аҳлига хос. Шунинг учун қибла алоҳида зикр қилинмоқда. Чунки қибла бўлмаса, намоз ҳам бўлмайди.

Мана шу икки нарса — намоз ва қибла мусулмонларни ибодатда бошқалардан ажратиб туради.

Ҳадиснинг давомида мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган одатлардан яна бири зикр қилиниб:

«ва сўйган (гўштимиз)ни еса» дейилмоқда.

Мусулмонларни бошқалардан ажратиб турадиган нарсалардан бири Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган гўштни ейишдир.

Демак, кишининг мусулмонлигига зоҳирдан далил бўладиган нарсалардан бири – унинг Аллоҳнинг исми айтилиб сўйилган гўштни истеъмол қилиши экан.

Ким намоз ўқиса, қиблага юзланса ва Аллоҳнинг номи айтилиб сўйилган гўштни еса:

«Бас, ўша Аллоҳнинг зиммасидаги ва Унинг Расулининг зиммасидаги мусулмондир».

Яъни, Аллоҳнинг ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омонидаги мусулмон бўлиб, унга ҳеч ким тега олмайди. У мусулмонлар фойдаланадиган барча имтиёзлардан фойдаланади.

«Бас, Аллоҳнинг аҳдига хиёнат қилманглар», дедилар».

Яъни, мазкур одамга ғайримусулмонга қилинадиган муомалани қилманглар.

Демак, мусулмон бўлиб, мусулмонча тақдир ва муомалага эришиш учун намоз ўқиш, қиблага юзланиш ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган ҳайвон гўштидан ейиш керак экан.

عَنِ الْبَرَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ يَقُولُ: صَلَّيْنَا مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَحْوَ بَيْتِ الْمَقْدِسِ سِتَّةَ عَشَرَ شَهْرًا أَوْ سَبْعَةَ عَشَرَ شَهْرًا، ثُمَّ صُرِفْنَا نَحْوَ الْكَعْبَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга (қараб) намоз ўқидик. Сўнгра Каъба томонга юзлантирилдик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томонда эди. Шунинг учун ҳам Қуддуси шариф ҳозиргача икки «қибланинг биринчиси» деб аталади.

Байтул Мақдисга қараб намоз ўқилганининг муддати тўғрисидаги шак ҳадиснинг ровийcи Баро розияллоҳу анҳудан эканлигини уламолармиз таъкидлаб ўтганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага Робиъул аввал ойида келган эдилар. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса иккинчи ҳижрий йилнинг Ражаб ойи ярмида содир бўлди. Шу муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб туриб, сўнг Каъба қибла бўлиб қолди.

Демак, намоз Каъбага қараб ўқилмаса, намоз ҳисобига ўтмайди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафс одоби ҳақида 18тавсияЗайдулхойр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ яхши кўрган кишининг қандай сифатлари бор, У Зот яхши кўрмаган давоми...

5543 17:04 / 08.01.2017
Намоз араб тилида .солат, деб аталиб, луғатда .яхшиликка дуо, деган маънони англатади. Шариатда эса такбир билан бошланиб, салом бериш билан тугайдиган, зарур давоми...

2131 19:00 / 03 январь
Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда .Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир,, деган .Аъроф, сураси, 156оят.4714. Яна ўша кишидан давоми...

5095 17:45 / 02.04.2018
.Ўрта намоз, деб таржима қилганимиз араб тилида .ассолатул вусто, дейилади. Шаръий масдарларда, хусусан, Қуръон ва Суннатда .ўрта намоз,нинг фазли ҳақида жуда кўп давоми...

1733 19:00 / 03 апрель