Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (231-дарс) Бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги

19:00 / 18.05.2023 1983 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ سُلَيْمَانَ بْنِ بُرَيْدَةَ، عَنْ أَبِيهِ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى الصَّلَوَاتِ يَوْمَ الْفَتْحِ بِوُضُوءٍ وَاحِدٍ وَمَسَحَ عَلَى خُفَّيْهِ فَقَالَ لَهُ عُمَرُ: لَقَدْ صَنَعْتَ الْيَوْمَ شَيْئًا لَمْ تَكُنْ تَصْنَعُهُ قَالَ: عَمْدًا صَنَعْتُهُ يَا عُمَرُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

Сулаймон ибн Бурайда раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилинади, у ўз отасидан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни намозларни бир таҳорат билан ўқидилар ва икки маҳсиларига масҳ тортдилар. Бас, Умар у кишига:

«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қасддан қилдим, эй Умар», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Бу ҳадиси шарифда Маккаи Мукаррама фатҳига чиққан саҳобалар Аллоҳнинг ёрдами ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошчиликларида Маккага музаффар ҳолда кириб борган кунлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намозга янги таҳорат қилмасдан, ҳамма намозларни бир таҳорат билан ўқиганлари ва маҳсиларига масҳ тортганлари ҳақида сўз бормоқда.

Бундай одатдан ташқари ишни кўрган Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мурожаат қилиб:

«Бугун қилмай юрган нарсангизни қилдингиз?» деди. Яъни, бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқимас эдингиз, бугун бир таҳорат билан ҳамма намозларни ўқидингиз, деди.

Бу ерда «маҳсингизга масҳ тортмас эдингиз, бугун тортдингиз», деган маъно умуман йўқ. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо маҳсиларига масҳ тортар эдилар. Буни келгуси ҳадисларда муфассал ўрганамиз.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар намозга янги таҳорат қилиш одатлари бор эди. Ҳазрати Умар ўша одатни кўзда тутиб савол бердилар.

Бу саволга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қасддан қилдим, эй Умар!» деб жавоб бердилар. Яъни, вақт зиқлиги, шароит ноқулайлиги ёки бошқа сабаблардан эмас, таҳорат кетмаса, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим эмаслигини кишиларга билдириб қўйиш учун қилдим, демоқчилар.

Бу ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сиз билан биз – умматларига ишни осонлаштиришга ҳаракат қилишларининг бир кўриниши.

Дарҳақиқат, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам фатҳ куни, кўпчилик гувоҳлигида бу ишни қилмаганларида, «қасддан қилдим», деб айтмаганларида, ҳар намозга янги таҳорат қилиш лозим бўлиб қолар эди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир таҳорат билан бир неча намоз ўқиш мумкинлиги.

2. Таҳорат кетмагунча, янги таҳорат қилиш вожиб эмаслиги.

3. Маҳсига масҳ тортиш шариат амри эканлиги.

4. Бошлиқ, муқтадо кишилар одатдагидан бошқача иш қилсалар, сабабини сўраш жоизлиги.

5. Кишиларга енгиллик тарафини олиш кераклиги.

6. Баъзи нарсаларни одамлар билиши учун қасд­дан қилиб, кўрсатиб қўйиш кераклиги.

Демак, ҳар намозга янги таҳорат қилганлар ҳам, бир таҳорат билан бир неча намозни ўқийдиганлар ҳам тўғри қиладилар.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу илмий иш қандай олиб борилганини яхшироқ тушуниб, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлай қолайлик. Бунинг учун Қуръондан кейинги энг давоми...

6420 11:29 / 17.10.2018
АЛЛОҲ ТАОЛОДАН ҚЎРҚИШдавоми Ва аммо ким Роббининг ҳузурида туришдан қўрққан ва нафсни ҳавойи хоҳишдан қайтарган бўлса... Бас, албатта, жаннат унга жой давоми...

5380 18:12 / 08.08.2017
. . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Нифос кўрган аёллар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида қирқ кун ўтирар давоми...

1198 19:00 / 21.10.2023
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

2887 19:30 / 06.10.2021