Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 182-дарс. Илмга яқин бўлишга интилайлик

19:00 / 05.05.2022 5172 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди», дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят ривоят қилганлар.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради.

Ушбу ҳадисда илм эгаллаб, кишиларни ҳидоятга чақирувчи бўлишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга, жоҳилликдан, кишиларни залолатга чақирувчи бўлишдан қайтарилмоқда.

«Ким бир ҳидоятга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».

Илмли киши инсонларни бир тўғри, савобли ишга чақирса, у туфайли қанча одам ўша савобли ишни қилса, шунча одамнинг ажрича ажр олар экан. Бу билан амал қилувчиларнинг савоблари камайиб ҳам қолмас экан. Илмнинг фойдасини қаранг. Илмли кишига кишиларни ҳидоятга чақирганлиги учун берилган улкан савобга қўшимча равишда, ўша чақириққа биноан қилинган амалларнинг барчасига берилган савобчалик савоб ёзилар экан. Модомики, у киши тарқатган илм бор экан, одамлар унга амал қилиб турар эканлар, илм эгаси вафот этиб кетса ҳам, орқасидан савоби бориб турар экан. Шу билан бир вақтда бунинг акси ҳам бўлиши мумкин.

«Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди».

Бир жоҳил одам кишиларни залолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилганлиги учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалларига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларнинг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан.

Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун уринмоғи лозим. Мусулмон киши одамларни залолатга, гуноҳ ишларга чақирмайди. Агар яхшиликка даъват қила олмаса, яхшиликка даъват қилаётганларга эргашсин, уларга қўлидан келган ёрдамини берсин. Залолатга, ёмонликка даъват қилаётганлардан узоқда бўлсин, уларга хайрихоҳлик кўрсатмасин, одамларни ҳам улардан эҳтиёт бўлишга чақирсин.

Илмнинг асари боқий қолишини унутмайлик. Доимо илмга яқин бўлишга интилайлик, кишиларни ҳам шунга даъват қилувчилардан бўлайлик!

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам таҳорат қилиб, оёғининг тирноқча жойига сув етказмади. Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

3207 19:00 / 27.04.2023
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

5476 13:09 / 08.07.2020
тўртинчи мақола Бир неча йиллар аввал ўқиган бир мақола менга қаттиқ таъсир қилган эди. Ўша мақолада мусулмонларнинг бахтсаодати фақат Исломга амал қилишда давоми...

5727 19:00 / 24.08.2022
Тамийм Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Дин насиҳатдир,, дедилар..Ким учун, дедик..Аллоҳ учун, У Зотнинг Китоби учун, У давоми...

6776 16:45 / 02.10.2019