Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (44-дарс). «Форуқ» лақабини олган халифа (тўртинчи мақола)

14:00 / 03.08.2019 4937 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда иймон Аллоҳ таолодан бандаларга берилган неъматларнинг энг улуғи сифатида қадрланади. Ислом инсоннинг қадрини иймон билан ўлчайди. Иймонсиз одам икки дунёда ҳам ҳеч бир нарсага эриша олмаслигини қаттиқ таъкидлайди. Ислом ҳамма нарса иймон асосида олиб борилишига алоҳида аҳамият беради.

Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссаломнинг «Менга иймон ҳақида хабар бер», деган сўровларига жавобан биринчи бўлиб, «Аллоҳга бўлган иймон»ни зикр қилдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳга бўлган иймон бу масалада бош рукн ҳисобланади. Аллоҳга иймон бўлмаса, бошқа нарсага иймон бўлиши мумкин эмас. Шундай экан, иймон масаласининг бош рукни бўлмиш Аллоҳга иймон келтириш нима ўзи?

Исломий нуқтаи назарга кўра, Аллоҳга бўлган иймон Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, холиқлигига, мудаббирлигига, розиқлигига ҳамда бош­қа сифатлари ва исму амалларига тил билан иймон келтириш, дил билан тасдиқлаш ва аъзолар билан амал қилишдир. Бу иймон Аллоҳ таолонинг Ўзи ва Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилганларидек бўлиши зарур.

Тўғри, баъзи бир уламолар иймоннинг истило­ҳий маъносига амал қўшилмайди, деганлар. Лекин бу лафзий хилоф бўлиб, амал иймоннинг ажралмас қисми эканига ҳамма иттифоқ қилган. Гап иймон амал қилинмаган вақтда ботил бўладими, йўқми, деган савол юзасидан пайдо бўлган хилоф ҳақида кетмоқда. Баъзилар «Мўмин киши иймонга хилоф иш қилиши билан кофирга айланади», деганлар. Бошқалар эса «Бу ҳолатда дарҳол иймондан чиқиб, кофирга айланмайди, яъни иймонга хилоф амал қилиши мўминни дарҳол иймондан чиқармайди, ундай одам катта гуноҳ қилган бўлади, қилган гуноҳи учун жавобгар бўлади. Бордию ўша гуноҳни «Қилса бўлаверади», деган эътиқодда бўлса, кофир бўлади. Лекин гуноҳ қилганига афсусланиб, қайта қилмаслик аҳди бўлса, гуноҳига яраша шаръий жазо оладию мўминлиги бўйича қолади», деганлар. Бу баҳс ўтмишдаги уламоларимиз ораларида жуда қизиган. Лекин улардан бирортаси ҳам иймон тақозо қилган амалларни қилмаслик жоиз, деб айтмаган.

Ҳа, Аллоҳга бўлган иймон ўз эгасини ҳар бир нарсада Аллоҳнинг амри билан яшашга чорлайди. Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир ишим-қилмишимни Аллоҳ кўриб турибди», деган ишонч ила яшайди. Шунинг учун у фақат Аллоҳга хуш келадиган ишларни қилиб яшайди.

Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир гапимни Аллоҳ эшитиб турибди», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо ўзидан яхши овоз, гап, сўз ва маънолар чиқишига ҳаракат қилади.

Аллоҳга иймони бор одам: «Ҳар бир нарсамни Аллоҳ ҳисоблаб турибди, қиёмат куни сўроқ-савол қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочади.

Аллоҳга иймони бор одам: «Тавбани фақат Ал­лоҳ қабул қилади», деган ишонч билан яшайди. Шунинг учун ҳам, ўзидан хато ўтса, дарҳол тавба қилишга, чин қалбдан афсус чекишга, ўша хатони такрор қилмасликка шошилади.

Аллоҳга иймони бор одам барча яхши фазилатларни ўзида жамлашга, барча разолатлардан четда бўлишга ҳаракат қилади. Бу эса ҳар бир инсон учун, ҳар бир оила учун, ҳар бир жамият учун ва бутун инсоният учун ўта муҳим нарсалар эканини одамлар кўриб-билиб турибдилар.

Ҳа, бошқа масалалар қатори, иймон масаласида ҳам ҳамма нарса Аллоҳнинг Ўзи кўрсатганидек бўлиши керак. Инсон ўзича: «Унга иймон келтираману, бунга иймон келтирмайман», дейиши кулгили. Бунда иймон-эътиқод, дину диёнат масаласини Аллоҳ эмас, банда жорий қилган бўлади.

Аллоҳга иймон қандай бўлиши кераклигини Аллоҳнинг Ўзи баён қилиб бериши фақат Ислом­дагина собитдир. Шунингдек, Аллоҳдан бош­қа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларни Аллоҳ баён қилиб бериши ҳам фақат Исломда собитдир. Жумладан, ушбу биз ўрганаётган ҳадисда бу ҳақиқатнинг баёни қисман келганлиги айтиб ўтилди.

Аллоҳнинг фаришталарига бўлган иймон ҳам катта ҳикматларга моликдир. Фаришталарга бўлган иймон ҳар бир шахс, жамият ва барча инсоният учун кони фойдадир. Аллоҳнинг инсон кўзига кўринмайдиган, чарчамайдиган, ғафлатда қолмайдиган, гуноҳ қилмайдиган, ўзларига берилган амрни сўзсиз бажарадиган ва яна бир қанча олий сифатларга эга бўлган ва «фаришталар» деб номланган аскарлари борлигига иймон келтириш қачон, кимга зарар келтирибди?

Мўмин-мусулмон инсон ўзига икки фаришта бириктирилганига ишонади. Агар ўзи тўғри юриб, тўғри турса, ўша икки фаришта Аллоҳнинг изни ила уни муҳофаза қилишига иймон келтиради. Ўша фаришталарнинг бири заррача бўлса ҳам яхши амалларни, иккинчиси ёмон амалларни номаи аъмолига ёзиб бораётганига, қиёмат куни шу ёзилган нарсалар асосида ҳисоб-китоб бўлишига иймон келтиради. Бу эса ҳар бир инсонни доимо яхшилик қилиб, ёмонликдан қочишга ундовчи жуда кучли омилдир. Бу омил ҳар бир инсон, жамият ва барча инсоният учун ўта зарурдир.

Фаришталарга иймон бўлмаган жамиятда эса одамлар хоҳлаган ёмонлигини хоҳлаган вақтда, хоҳлаган жойда қиладиган бўлади. Иймонсиз жамият мафкурачилари тўқиб чиқарган виждон азоби каби нарсалар фойда бермади. Чунки иймонсизда виждон бўлиши умуман мумкин эмас.

Иймонсизлик натижасида инсон табиати ҳам бузилади. Баъзи инсонлар ўзларига бўлган ишонч­ни йўқотиб, қўрқоқ, шахсиятсиз бўлиб қоладилар. Бошқалари эса ҳар қандай ёмонликдан тап торт­майдиган нобакор махлуққа айланадилар.

Шунингдек, фаришталарга нисбатан иймони бузуқ бўлган юртлар ва халқларда ҳам турли муаммолар келиб чиқади. Уларнинг баъзилари фаришталарни Аллоҳга ширк келтирсалар, бошқалари уларни дев, пари ва ўзга хурофий нарсаларга аралаштириб юборадилар. Оқибатда турли зарарли урф-одатлар ва тасарруфотлар келиб чиқади. Демак, биз мусулмонлар бошқа нарсалардаги каби, фаришталар ҳақида ҳам энг тўғри иймонга эга эканимиз билан фахрланишимиз ва ундан фойдаланишимиз лозим.

Аллоҳнинг Китобларига иймон келтириш ҳам улкан ҳикматларга молик ишдир. Бу Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларига ўз Китоблари, яъни кўрсатмалари тўпламини тушириб, уларни икки дунё саодатига эриштирадиган йўлга ҳидоят қилиб турганига иймон келтиришдир. Бу Аллоҳ ҳар замонни ўзига яраша китоб билан таъминлаб, аста-секин инсониятни тайёрлаб боргани ва вояга етказганига иймон келтиришдир. Бу инсоният ўз камолига етганида Аллоҳ унга баркамол Китоб, қиёматгача мўъжиза бўлиб қолувчи Қуръони Каримни нозил қилганига иймон келтиришдир. Бу инсоният бундан буён фақат Қуръонга амал қилгандагина мақсадга эришиши мумкинлигига иймон келтиришдир.

Аллоҳнинг Китобларига иймон келтирмайдиганлар эса ушбу эзгуликларнинг барчасига, ин­соннинг асли бир эканига куфр келтирувчи­лардир. Улар Аллоҳ инсонни улуғлаб, унга Ўз таълимотларини берганига, бошқа махлуқотлар­дан устун эканини исбот қилганига куфр келтирувчилардир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳнинг Китобларига ёки уларнинг баъзисига иймон келтирмаганлардан фақат ёмонлик чиқади, холос.

Аллоҳнинг пайғамбарларига иймон келтириш ҳам ғоятда пурҳикмат ишдир. Аллоҳ таоло инсонлар ичидан Ўзига пайғамбар танлаб олишининг ўзи инсоният учун улкан шарафдир. Одам Атодан бошлаб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача бўлган пайғамбарлар силсиласи эса инсониятнинг шараф силсиласидир. Пайғамбар алайҳиссаломлар инсоният учун шону шараф, фахр бўлган шахслардир. Улар Роббул оламиннинг кўрсатмаларини одамларга етказиб берган шахслардир. Уларнинг ҳаммалари бир Аллоҳнинг бандалари, бир Аллоҳнинг пайғамбарларидир. Улар бир-бирлари билан биродардирлар. Улар бир-бирларини тўлдириб, бир-бирларини тасдиқлаб келганлар. Улар орқали инсониятнинг асли бир экани, бир Аллоҳга сиғинганлиги, бир динга амал қилганлиги тушунилади. Шунинг учун ҳам, Исломда уларнинг орасини фарқламай, ҳаммаларига бирдек иймон келтириш фарздир. Пайғамбар алайҳиссаломлардан бирорталарини инкор қилган кимса худди ҳамма пайғамбарларни инкор қилган каби кофир бўлади.

Пайғамбар алайҳиссаломларнинг ҳар бирлари яхшилик, фазилат бобида инсоният учун ўрнак ва намунадирлар. Уларнинг ҳар бири ҳидоят маё­ғидир. Уларнинг охиргиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёматгача ҳаммага ўрнакдирлар. Инсоният бугунги кунда пайғамбарлардан ўрнак олишга ўта муҳтож бир ҳолга келгандир. Бунинг учун уларнинг эҳтиромини ўрнига қўйиш, улар ҳақида Ислом кўрсатганидек иймон келтириш лозим. Чунки Исломдан бошқа дин ва мафкураларда бу нарса йўқ.

Иймонсизлар инсоният тарихининг гултожи бўлмиш Пайғамбар алайҳиссаломларни ҳийлагар, ёлғончи, бузуқ, каззоблар деб эълон қилдилар ва бу билан инсоният қадрини яна бир бор ерга урдилар. Иймонсизлар инсониятни пайғамбарлардан эмас, ўзларининг нафси бузуқ, ароқхўр, маймунсифат бошлиқларидан ўрнак олишга чақирдилар. Улар мазкур нобакорларни пайғамбарлардан устун қўйиб, афзал кўрсатишга уриндилар. Аммо вақти-соати келиб, улар сиғиниб юрган шахслар шайтондан баттар, тубан махлуқлар экани маълум бўлди.

Исломдан бошқа айрим динларда Пайғамбар алайҳиссаломларнинг баъзиларини ўз қизи билан зино қилишда айблаб, баъзиларини умуман тан олишмайди. Бошқа бир динда эса ғулувга кетиб, улар илоҳийлаштириб юборилади. Худонинг ўғли ёки худо деб эътиқод қилинади. Бунга ўхшаган хатолар тўлиб ётибди. Демак, ушбу масалада ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ҳам Ислом керак.

Ислом охират кунига иймон келтиришни ҳам иймондаги рукн масалаларидан қилган. Иймон келтириш лозим бўлган нарсалар ичида бу масалага алоҳида эътибор берилади. Нима учун бундай қилинганини бугунги кунда яхши тушуниб турибмиз.

Охират кунига иймон бўлмаса ёки мазкур кунга иймон заиф бўлса, инсоният таназзулга юз тутишини тажриба кўрсатди. Охират кунида ҳамма одамлар қайта тирилишига, бу дунёда қилган амалларининг зарра-заррасигача мукофот ёки жазо олишига иймони йўқ одамдан яхшилик чиқиши амри маҳол. Агар охират кунига иймон-ишонч қолмаса, ер юзида эзгулик ва адолатга эришиб бўлмайди. Охират кунига иймон йўқолиб, «Одам ўлганидан кейин чириб, йўқ бўлади, қайта тирилмайди», деган фикр ҳоким бўлса, ер юзида кучли кучсизни еб битирадиган «ўрмон қонунлари» жорий бўлади.

Ҳа, агар золим ўз зулмига жавоб бермаса, ёлғончи-фирибгар ўз ёлғони, фириби билан давр суриб қолиш пайидан бўлаверса, хуллас, ҳамма бу фоний дунё матоҳи учун ҳар қандай ёмонликдан, ифлосликдан қайтмаса, бу дунё қандай дунё бўлади? Кучсизлар, мазлумлар, бечораларнинг ҳоли нима кечади? Ҳаёт кечириш ўз-ўзидан чексиз азобга айланиб, жамиятда ноумидлик, лоқайдлик ва ўзини-ўзи ўлдиришлар кўпаймайдими?

Мазкур бало-офатлардан қутулиш учун кишилар инсофли, диёнатли, тўғрисўз бўлишлари, барча ёмонликлардан қайтишлари лозим. Ёмонликдан қайтиш учун эса охират кунига иймон албатта лозим.

Биз ўрганаётган ҳадисда таъриф қилинган эҳсонга – ихлосга инсоният бугунги кунда қанчалар муҳтож эканини гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.

«Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилмоғинг».

Бугунги дунёмизнинг асосий мусийбати унда Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қиладиганларнинг йўқлигидандир. Бугунги оламимизнинг мушкули унда «Аллоҳ мени кўриб турибди», деган ишонч билан ибодат қилиб яшовчиларнинг йўқлиги ёки камёблигидандир. Шунинг учун ҳеч бир нарсада ихлос йўқ. Ҳеч бир нарсани яхшилаб бажариш йўқ. Оқибати эса ҳаммага маълум.

Ислом эса бу мақомни ўн беш аср илгари Ислом ва иймоннинг олий мақомига айлантиргандир. Эҳсоннинг, ихлоснинг мақомини юқори кўтаргандир. Дарҳақиқат, мўмин-мусулмонлар ичида ушбу мақомга эришганлар кўп бўлган даврларда улар дунёни бош­қардилар. Бу мақомдагилар озайганда эса оламда уларнинг тутган ўрни ҳам пастлади. Бу мақомдагилар йўқ бўлганда эса мусулмонларнинг мавқеи тушиб, йўқ даражага келди.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» II жуз китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намозни тугал адо этиш, закот бериш ва ҳар бир давоми...

4136 13:00 / 13.01.2021
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини давоми...

4225 13:09 / 24.06.2020
. . . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги давоми...

3463 00:00 / 10.11.2022
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳамдавайҳ ибн Муҳаммад ибн Наъийм азЗоббий анНисобурий ҳижратнинг 321 йилида, Робиулаввал ойининг учинчи куни таваллуд давоми...

4801 21:10 / 05.06.2019