1447 йил 25 шаъбон | 2026 йил 13 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Киши севгани билан бирга бўлади!

09:04 / 06.05.2022 5805 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга чиқдилар. Улар бир жойда дам олиб ўтиришганда бир аъробий келиб баланд овозда деди:

- Эй Муҳаммад!

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

- Мен буёқдаман, кел!-дедилар.

Саҳобалар аъробийга:

- Ҳолингга вой бўлсин! Овозингни пасайтир. Сен пайғамбарнинг олдидасан. Биз у кишига овозимизни кўтаришдан қайтарилганмиз!-дейишди.

Аъробий:

- Аллоҳга қасамки, овозимни пасайтирмайман!-деди.

Сўнгра Набий алайҳиссаломдан сўради:

- Киши бир қавмни яхши кўради. Аммо уларга ета олмайди?!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

- Киши қиёмат кунида яхши кўргани билан бирга бўлади!

Саҳобалар бу гапдан ниҳоятда шодланишди. Ҳеч қачон бунақанги хурсанд бўлишмаган эди!

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одобларига, кишиларнинг одатлари ва табиатларини нечоғлик ҳисобга олишларига қаранг!

Саҳро аъробийни қўпол ва дағал қилиб қўйган. У ер юзидаги яшаш энг қийин бўлган жуғрофий шароитда яшаш учун курашавериб шунақа қўпол табиатга эга бўлиб қолган. Майдоннинг кенглиги, масофанинг узоқлиги сабабли туялар ва қўйларга бақиравериб баланд гапиришга ўрганиб қолган. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг табиатини, одатини билганлари учун унинг камчилигидан кўз юмяптилар. Бу ерда ҳеч қандай шахсий масала ёки ҳурматсизлик йўқ. Аъробий пайғамбарлик лақабини айтмасдан «Эй Муҳаммад» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен буёқдаман, кел!», ёки «Марҳамат гапир, мен сени эшитаман!», дедилар!

Бу воқеа номуносиб ҳар қандай ҳаракатга шахсий масала деб қарамасликда биз учун буюк дарс бўлади!

Сиз ўрганган нарсани ҳамма ҳам ўрганавермайди. Ҳамманинг ҳам сиз каби тарбияси йўқ. Сиздаги табиат уларда йўқ!

Баъзи инсонлар энг мураккаб фикрий масалаларни ҳам осонлик ва худди мусҳаф ўқигандек вазминлик билан ҳал қилишади!

Баъзилар эса ҳатто футболда ҳам шунақа бақириб жанжал қилишадики, гўё рақибини ҳозир ўлдиради деб ўйлайсиз!

Инсонлар табиатини, уларнинг шароитини, ҳаётдаги ҳолатини, илм даражасини англашга уриниш ҳаётда бизга кўп асқотади!

Кишининг қиёмат кунида севгани билан бирга бўлишини эшитган саҳобалар ўша кунда хурсанд бўлган бўлишса, биз улардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишимиз керак бўлади. Бизнинг насибамиз нақадар гўзал! Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни севамиз, аҳли байтларини севамиз, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Холид, Абу Убайда розияллоҳу анҳуларни, Аллоҳ Ўз Набийси соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам беришлари учун танлаган буюкларимизни севамиз!

Қиёмат кунида у билан бўлиш сизни хурсанд қилмас экан, уни қалбингиздан чиқаринг. Зеро муҳаббат ҳам ибодатдир!

Абдулқодир Полвонов

Муаллиф
Абдулқодир Полвонов
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолонинг биз бандаларига ато қилган улкан неъматларидан бири вақтдир. Вақт кетса қайтиб келмайдиган неъматдир. Ҳикматларда шундай дейилган Вақт қилич давоми...

2781 09:39 / 13.10.2021
Аллоҳнинг Каломида санаб адоғига етиб бўлмас руҳоний лаззатлар бордир. Робб таолонинг Каломидан кўра ширинроқ, тотлироқ калом йўқдир. Унда лаззат, унда адаб бор, давоми...

5148 13:55 / 07.03.2022
Гарчи воситачилик қилиб бўлса ҳам мусулмонларнинг ҳожатларини чиқариш учун саъйҳаракат қилиш Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мендан бир одам давоми...

1004 15:12 / 22.08.2025
Ҳар бир жамиятнинг мустаҳкамлиги ва унинг аъзолари орасида ўзаро ишонч ҳукм суриши учун садоқат зарурдир. Шунинг учун ҳам садоқат жамият тузилишидаги асосий давоми...

3403 17:00 / 09.12.2018