Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (80-дарс). Уммати даъват ва уммати ижобат

15:34 / 08.04.2020 5356 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: وَالَّذِي نَفْسُ مَحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَا يَسْمَعُ بِي أَحَدُ مِنْ هَذِهِ الْأُمَّةِ يَهُودِيٌّ وَلَا نَصْرَانِيٌّ ثُمَّ يَمُوتُ وَلَمْ يَؤْمِنْ بِالَّذِي أُرْسِلْتُ بِهِ إِلَّا كَانَ مِنْ أَصْحَابِ النَّارِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими, менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳининг бу ҳадисни Аллоҳ фақат Ислом дининигина қабул қилиши ҳақидаги фаслда келтиришларининг сабаби очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисни «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб, Аллоҳ таоло билан қасам ичиб, бошламоқдалар. Шунинг ўзи ҳадисда келадиган гап ўта аҳамиятли эканлигини кўрсатади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оддий нарсаларга Аллоҳ таоло билан қасам ичмайдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «ушбу умматдан» деган ибораларини тушунишимиз учун бир оз изоҳ лозим бўлади.

«Уммат» Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан иккига бўлинади.

Биринчиси – умумий маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати даъват», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари қаратилган уммат дейилади. Бу уммат ер юзининг барча аҳолисидир, чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари ер юзининг барча аҳолисига қаратилган.

Иккинчиси – хос маънодаги уммат. Бу уммат «Уммати ижобат», яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватларига ижобат қилган, дийнларини қабул қилган уммат, дейилади. Булар ер юзидаги барча мусулмонлардир.

Ушбу ҳадиси шарифда гап «Уммати даъват» – бутун ер юзи аҳолиси ҳақида кетмоқда. Демак, ер юзида ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида, у кишининг динлари ҳақида эшитса, унга Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, Ислом динига кириш лозим бўлади. Агар кирмаса, кофир бўлади, дўзахга тушади.

Ҳадисда «яҳудийсими, насронийсими» деб, икки динга мансуб бўлган қавмлар алоҳида зикр қилинишининг ҳам сабаби бор. Ушбу ҳадис айтилган пайтда яҳудийлик ва насронийлик ер юзидаги илоҳий таълимот асосидаги динлар эди. Аллоҳ таоло уларнинг қавмига Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларни пайғамбар қилиб юборган, Таврот ва Инжил китобларини туширган эди. Бу қавмлар аҳли китоб деб аталади. Уларга алоҳида муносабатда бўлинади, чунки уларнинг ер юзидаги бошқа дин аҳлларидан фарқи бор. Бошқа динларнинг илоҳий, самовий дийн эканлиги маълум эмас. Аллоҳ таоло уларга пайғамбар юборгани, китоб туширгани ҳам аниқ эмас. Модомики яҳудий ва насроний қавмлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида эшитганларида иймон келтиришлари лозим экан, динларининг самовий эканлиги маълум бўлмаган, умуман дини йўқ ёки сохта динларга эътиқод қилиб юрганларнинг иймон келтириши лозимлиги турган гап.

Яҳудий дини самовий дин бўлган. Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломларни бу диннинг пайғамбарлари қилиб юборган. Тавротни ўша диннинг муқаддас китоби қилиб туширган. Шу билан бирга, бу дин вақтинчалик эканлигини, кейин яна бошқа дин келишини айтган. Ниҳоят, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида ҳам башорат берган.

Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юбориб, у зотга Инжилни тушириши билан яҳудий дини ва Таврот китоби амалдан қолди. Аммо бу диндан фойда олиб турган бошлиқлар бу ҳақиқатни эътироф қилмадилар. Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириш ўрнига у зотга душманлик қилдилар, «Тавротда башорати берилган пайғамбар бу эмас, бошқа», дедилар.

Ийсо алайҳиссаломга иймон келтириб, масийҳий, яъни насроний бўлганлар у кишининг шариатларига, Инжилга амал қилиб юрдилар. Вақт ўтиши билан динни ва Инжилни бузсалар ҳам, барибир ўзларини «Насроний» деб, «Инжил аҳли» деб юрдилар. Аллоҳ таоло уларга ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ислом дини билан келишлари ҳақида башорат берган эди. Бу ҳақда алоҳида китоблар ҳам ёзилган. Кези келганда, Аллоҳ хоҳласа, бу тўғрида батафсил гапирамиз.

Вақти-соати келгач, Аллоҳ таоло Ўзининг ҳақ ваъдасига вафо қилиб, Ўзи башорат берган сўнгги Расули – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни охирги ва мукаммал дин – Ислом дини ила бутун башариятга пайғамбар этиб юборди. Насроний дини ҳам, Инжил ҳам амалдан қолди. Ўзини билган яҳудий ва насронийлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарларини эшитишлари билан у зотга иймон келтириб, мусулмон бўлдилар. Кўпчилик эса яна нотўғри таъвилга ўтиб, «Таврот ва Инжилда башорати берилган пайғамбар бошқа» деб, иймон келтирмади.

Демак, Исломнинг оламийлиги ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ер юзининг барча аҳолисига пайғамбарликларининг маъноси шу. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда:

«Ушбу умматдан бирортаси – яҳудийсими, насронийсими менинг ҳақимда эшитсаю, сўнгра менга юборилган нарсага иймон келтирмай ўлиб кетса, албатта, дўзах эгаларидан бўлади», дедилар.

Шунга биноан ер юзи аҳолисидан кимга Ислом чақириғи етса, мусулмон бўлмоғи лозим. Исломни қабул қилмаса, кофир бўлади ва дўзахга тушади.

Ислом чақириғи етмаган кишилар эса «фитрат аҳли» дейилади. Чақириқ етмагани учун уларни кофир деб ҳукм чиқарилмайди, дўзахга тушишлари ҳақида ҳам ҳукм қилинмайди. Улар фитрат аҳли деб номланадилар ва қиёматда бошқа жонзотлар қатори тупроққа қоришиб кетадилар.

Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, бизларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати ижобатидан бўлишга муяссар қилди. Юртларимизни қадимдан Ислом нури ила мунаввар айлади. Халқларимизни чин мухлис мусулмонлардан қилиб, Ислом учун хизмат қилган машҳур халқлардан қилди. Халқимиздан чиққан уламоларни Ислом оламининг пешқадам уламоларидан қилди. Ушбу китобда ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганар эканмиз, деярли ҳар бир ҳадисда Бухорий, Насаий, Термизий каби имомларимизнинг хизматлари борлигига гувоҳ бўлиб, фахрланиб турибмиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдаларни такрорлашнинг ҳожати йўқ. Фақат ўрганиш, тушуниб етиш ва уларга амал қилишимиз керак. Биз ҳақ йўлда, ҳақ динда эканлигимизни англаб етишимиз ва бу ҳақиқатни билганимизча бошқа кишиларга ҳам англатишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ алБухорий ҳижратнинг 194 йили Шаввол ойининг 13си, жума кунида Бухорода таваллуд давоми...

9320 21:10 / 03.04.2019
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан давоми...

4043 13:00 / 09.12.2020
ТАВБА Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтирган ва яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиманrdquo. Тоҳо, 82Тавба ndash банда ўзлигини давоми...

5877 16:31 / 13.10.2017
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

4321 13:30 / 31.03.2021