Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис 175-дарс. Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат

20:30 / 16.03.2022 3508 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ لَا يَقْبِضُ الْعِلْمَ انْتِزَاعًا يَنْتَزِعُهُ مِنَ الْعِبَادِ وَلَكِنْ يَقْبِضُ الْعِلْمَ بِقَبْضِ الْعُلَمَاءِ حَتَّى إِذَا لَمْ يَبْقَ عَالِمُ اتَّخَذَ النَّاسُ رُءُوسًا جُهَّالًا فَسُئِلُوا فَأَفْتَوْا بِغَيْرِ عِلْمٍ فَضَلُّوا وَأَضَلُّوا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди. Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади. Қачонки олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар. Бас, ўшалардан сўралади. Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар. Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида шаръий илмлар қай тарзда йўқолиб бориши ва унинг оқибатлари ҳақида баён бермоқдалар.

«Албатта, Аллоҳ илмни одамлардан бир суғуриш ила суғуриб олмайди».

Яъни, шаръий илм ҳозир одамлар ичида мавжуд. У бир вақт келиб, йўқ бўлади. Йўқ бўлиши эса илмнинг ўзини одамлар ичидан алоҳида бир тарзда суғуриб олиш билан бўлмайди.

«Лекин илмни уламоларнинг (жонини) қабз қилиш ила чангаллаб олади».

Яъни, Аллоҳ таоло уламоларни аста-секин, бирин-кетин вафот эттириб бораверади. Уламолар бирин-кетин дунёдан ўтиб, тугаб бораверадилар. Ўринларига янги олимлар чиқмагач, илм ҳам йўқолиб бораверади. Натижада илм йўқ бўлади. Бу эса ўз навбатида аянчли оқибатга олиб келади.

«Қачонки олим қолмаганда, одамлар жоҳил бошлиқларни тутадилар».

Олимлар бирин-кетин ўтиб кетиб, тугайдилар. Одамлар бошлиқсиз қоладилар. Ана ўшанда илмсиз, шариатдан хабари йўқ одамни ўзларига бошлиқ қилиб оладилар.

«Бас, ўшалардан сўралади».

Яъни, ўша жоҳил бошлиқлардан одамлар турли нарсалар хусусида фатво сўрашади.

«Улар эса илмсиз равишда фатво берадилар».

Бу жуда ҳам хатарли ҳолат. Илмсиз, жоҳил одам мусулмонларга бошлиқ бўлиб қолган. Мусулмонлар ҳаётида доимо янги-янги масалалар, турли саволлар пайдо бўлиб туради. Улар буни бошлиқларидан сўрайдилар. Жоҳил бошлиқнинг эса бу масалани мен еча олмайман, дейишга ори келади. Илмсиз эканлигини тан олишга жасорати етмайди. «Модомики, одамлар мени бошлиқ деб билишяптими, мендан фатво сўрашяптими, демак, мен бошлиқман, мен биламан», деб, хаёлига келган гапни гапираверади. Натижада:

«Шу билан ўзлари ҳам залолатга кетадилар, ўзгаларни ҳам залолатга кетказадилар».

Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳдир. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса тенги йўқ залолатдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб, йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришдан эса бу дунё ҳам, охират ҳам куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади. Шу билан бирга, ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳамма ёқни бузади. Одамлар фалончи айтди, деб, унинг гапини бир-бирларига етказадилар. Ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқалади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таоло шаръий илмни одамлар ичидан суғуриб олмаслиги.

2. Уламоларнинг ўлими илмнинг йўқолишига сабаб бўлиши.

3. Жоҳил одамларни бошлиқ қилиб олмаслик кераклиги.

4. Шаръий ишларда билмасдан туриб, фатво бермаслик.

5. Жоҳил кишилар бошлиқ қилиб олинганда залолатнинг тарқалиши.

Энди ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадислари мўъжиза эканлиги баъзи бир мусулмон халқлар ҳаётида очиқ-ойдин намоён бўлди. Ўша халқларнинг уламолари худосиз, золим ҳокимлар томонидан ўлдирилди, қамалди ёки сургун қилинди. Соғ қолганлари ҳам аста-секин кексайиб, дунёдан ўтиб кетдилар. Натижада ҳақийқий шаръий илм ўша диёрдан кўтарилди.

Ўзини билган ҳар бир миллат ўзидан етишиб чиққан уламоларни эъзозлай олади. Ҳақийқий олимларидан дийну диёнат, иймон-эътиқод, элу юрт фойдаси учун фойдалана билади. Чунки бундай одамларнинг борлиги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат учун катта бахтдир. Улар оламдан ўтишлари билан бу бахт ҳам кетади.

 «Олимнинг ўлими – оламнинг ўлими» деб, бежиз айтилмаган. Ўзлигини таниган ҳар бир миллат доимо ўз эҳтиёжларини қондирадиган даражада уламолари бўлиши учун қўлидан келган ишни қилган ва қилади. Бу ишни қилмай яшаган миллат эса жоҳиллик ҳукмронлиги остида залолатга юз тутади.

Шаръий илмни яхши ўзлаштирмаган кишидан бирор масала хусусида сўралганда унинг «Бу масалани мен билмайман» дейиши билмасдан, тахминан жавоб беришидан кўра афзал ҳисобланади. Зеро, шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун дийний мансаб ёхуд чиройли салла-чопон восита бўла олмайди. Бундай мақомга шаръий илмларни ўқиган ва ўша илмнинг устозларидан ижозат олган, тақводор, ростгўй, илмига амал қилувчи киши лойиқ саналади. Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб, эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари зарур.

Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини «аллома» қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак. Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди.

Кишининг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиши ҳам унинг олимлигига далолат қилмайди. Зеро, бундай васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонини олганлар қанча!

Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақийқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди. Кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки мусулмонлар орасини бузиш, дийнга зарба бериш мақсадида мусулмон диёрларида айрим уламолар номидан кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китоблар ҳам тарқатилмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Саъд ибн Абу Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачонки Аллоҳ қиёмат кунида ndash давоми...

3094 19:30 / 06.10.2021
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади .Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг, 7оят, деган. Бу ояти карима эса мусулмонлар давоми...

3161 13:30 / 17.02.2021
.Мустаҳоза, калимаси энг кўп ҳайз муддатидан ортиқ вақтда ҳам қон кўраверадиган аёлга нисбатан айтилади. .Унинг ўз одатига қайтиши, дейилишига сабаб шуки, одат давоми...

1069 19:00 / 01.11.2023
Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ алБағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар. Насаблари давоми...

6299 13:30 / 22.05.2019