Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадис сони | 2024 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (64-дарс). Ислом — ҳақиқий илоҳий неъмат

19:08 / 18.12.2019 4693 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Борлиқни яратган қодир Аллоҳ инсонни ҳам шу борлиқнинг халифаси этиб Ўзи яратган. Ўзи яратган борлиқда Ўзи яратган одам қандай дастурга амал қилиб яшаса, икки дунё саодатига эришишини ҳам Ўзи яхши билади. Буюк яратувчи Аллоҳ мукаммал қилиб қўйган ушбу динга юрмай, бошқа тузумларни ахтарганлар эса мен Худодан ҳам яхши йўл топгувчиман, деб даъво қилган бўлади.

«Сизга неъматимни батамом қилдим».

Демак, динни мукаммал қилиб беришнинг ўзи улкан ва батамом неъматдир. Исломнинг улуғ неъмат эканлигини мусулмон бўлганлар билади. Айниқса, аввал турли жоҳилиятлар ва уларнинг тузумларини синаб кўриб, кейин мусулмонликка ўтганлар жуда яхши биладилар. Исломсиз яшаган инсоннинг ҳайвондан фарқи йўқлигини ана ўшалар кўпроқ таъкидлайдилар.

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига мукаммал дийн қилиб берган Исломнинг батамом неъмат эканлиги яратган Холиқни инкор этиб юрган худосизларнинг фожиали оқибатларини кўрганда янада ёрқинроқ тушуниб етилади. Бу ҳақиқатни худосизлар дунё халқлари бошига олиб келган битмас-туганмас мусибатларни идрок этганлар яхши биладилар.

Аллоҳ таоло бандаларига мукаммал дин қилиб берган Исломнинг улуғ неъмат эканлиги молга, дарахтга, инсоннинг жинсий аъзосига сиғиниб, залолатда юрганларни кўрганда билинади.

Бу неъматнинг қадри инсон ақлига ор ҳисобланган турли бузуқ ақийдаларнинг ҳолини кўрганда тушунилади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат эканлиги ҳалол-ҳаром нималигини ажратмай, худди ҳайвон каби, қўлига тушган нарсасини еб-ичиб, ўзига ўзи битмас-туганмас дардлар орттириб олаётганларни кўрганда тушуниб етилади.

Мукаммал дин Исломнинг бандаларга улуғ илоҳий неъмат эканлиги ахлоқ-одобдан бехабар, отасини ҳам танимайдиган, дунёдаги ҳеч бир разолатдан қайтмайдиган, безори ва жинояткор авлодлар етишиб чиққанда билинади.

Мукаммал дийн бўлмиш Исломнинг қадри оилалар бузилиб, эр-хотин, ота-она ва фарзандлар ўртасидан, жамиятдаги кишилар орасидан меҳру оқибат кўтарилиб, одамлар бир-бирларига нисбатан душманлик руҳида, беҳурматлик руҳида, меҳр-шафқатсизлик руҳида шаклланиб, ижтимоий алоқалари бузилиб бўлган жамиятларнинг ҳолини кўрганда билинади.

Мукаммал дин бўлмиш Исломнинг ҳақиқий илоҳий неъмат эканлиги кучли кучсизни еб, ҳамма ёқда зулм урчиб, инсон ўз жонини, болаларини, молу мулкини ва обрў-номусини ҳимоя қила олмай қолган жамиятларни кўрганда тушуниб етилади.

Агар инсоният бу неъматнинг қадрига етганида эди, уни қабул қилиб, ўрганган ва ҳаётга татбиқ этганида эди, дунёда ҳеч қандай муаммо қолмаган бўлар эди.

«Ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим».

Аллоҳ таоло инсониятга амал қилиш учун фақат Исломни дин қилиб берди. Бундан бошқа ҳеч бир динга рози эмас. Шу боисдан ҳам бошқа динлар унинг даргоҳида қабул эмас. Аллоҳ таолонинг бу хитоби мусулмон бандалари учун улкан шарафдир. Аллоҳ таолонинг катта иноятидир. Шу билан бирга, бу иноят мусулмонлар зиммасига катта масъулият ҳам юклайди. Аввало, мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилишларини, қолаверса, ўзларига насиб этган улуғ неъматни бутун дунё халқларига ҳам тарқатишларини вазифа этиб юклайди.

Мукаммал дин Ислом бандаларга Аллоҳнинг улкан неъмати эканлигини инсофли ғайримусулмон шахслар ҳам ҳар доим англаб келганлар. Уламоларимиз китобларида ишончли манбалардан ривоят қилишларича, яҳудийлар Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига келиб:

«Сизларнинг китобингизда бир оят бор, агар шу оят биз яҳудийларга нозил бўлганида эди, ўша оят тушган кунни ўзимизга байрам қилиб олар эдик», деган эканлар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Қайси оятни айтмоқчисизлар?» деб сўрабдилар. Яҳудийлар:

«Бугунги кунда сизларга дийнингизни мукаммал қилиб бердим», оятини дейишибди. Шунда Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

«Биз у кунни бир эмас, икки байрам: ҳам жумъа –ҳафталик байрам, ҳам қурбон Ийди – йиллик байрам қилганмиз», деган эканлар.

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: مَنْ شَهِدَ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَأَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ وَأَنَّ عِيسَى عَبْدُ اللهِ وَرَسُولُهُ وَكَلِمَتُهُ أَلْقَاهَا إِلَى مَرْيَمَ وَرُوحٌ مِنْهُ وَالْجَنَّةُ حَقٌّ وَالنَّارُ حَقٌّ أَدْخَلَهُ اللهُ الْجَنَّةَ عَلَى مَا كَانَ عَلَيْهِ مِنْ عَمَلٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ. Албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир ва албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Ҳадиснинг ровийси Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоллари билан танишиб ўтайлик.

Убода ибн Сомит ибн Қайс Ансорий Хазражий, оналари Қурратулъайни бинти Убода, кунялари Абулвалид. Мадина уламоларининг бири, биринчи ва иккинчи «Ақаба» байъатларида иштирок этган. Бадр, Уҳуд, Хандақ, Миср фатҳи ва бошқа жангу фатҳларда иштирок этган. Шом диёри фатҳ этилганда Умар Ибн Хаттобнинг буйруқлари билан Шом аҳлига Қуръонни ўргатиш учун юборилган. Фаластинга биринчи волий этиб тайинланган. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган. Муҳожир Абу Марсад Ғонавий билан исломий биродар бўлган, тақво билан сифатланган улуғ саҳобалардан эдилар.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 181та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Абу Умома, Анас ибн Молик, Жобир, Фазола ибн Абид, Абу Идрис Ҳувлоний, Абу Муслим Ҳувлоний, Абу Ашъас Санъоний, Жанода ибн Умайя ва бошқа катта тобеъийнлар ҳам у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.

Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қайси саҳобалар сизга яқинроқ?» деб сўрадилар.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва сен, эй Убода» деб, яна бир қанча улуғ саҳобаларни зикр қилдилар.

Убода ибн Сомит ҳижратнинг 34-йили Байтул Мақдисда 72 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни қуйидаги нарсаларга иймон келтиришнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда:

1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовор илоҳий маъбуд йўқлигига;

2. Аллоҳнинг ёлғиз эканлигига;

3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига;

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканлигига;

5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканлигига;

6. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Марям онамизга ташланган калимаси эканлигига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганлигига;

7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканлигига;

8. Жаннат ҳақ эканлигига;

9. Дўзах ҳақ эканлигига иймон келтириш.

Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни, нима амал қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло жаннатга киритиши таъкидланмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Баттол .Саҳиҳи Бухорий,нинг .Илм, китобини шарҳлар экан, имом Моликнинг шогирди Яҳё ибн Яҳёдан1 шундай нақл қилади .Аллоҳ қалбимга солиб, имом Молик ибн Анаснинг давоми...

5494 14:54 / 22.09.2017
. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким .Лаа илааҳа иллаллоҳу, десаю, қалбида арпа дони давоми...

5258 14:05 / 12.02.2020
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайзли ҳолидаги хотинига жинсий яқинлик қилган шахс ҳақида .Бир давоми...

2162 19:00 / 28.09.2023
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мўминларнинг иймони комилроғи хулқи яхшироғидир. Сизларнинг давоми...

4894 14:05 / 23.10.2019