1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасини ғанимат билинг!

11:06 / 16.03.2022 3780 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен:

«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.

«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади».

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи», дедилар».

Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».

Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳу айтади:

«Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, ўлим фариштаси бу шаъбондан кейинги шаъбонгача ўлувчиларнинг исмини (Лавҳул маҳфуздан ўзининг дафтарига) кўчиради. Баъзи шахс зулм, тижорат ёки бирорта аёлга уйланади, ваҳоланки, унинг исми тирикларнинг қаторидан ўликларнинг қаторига кўчирилган бўлади. Қадр кечасидан кейин бу кечадан кўра афзалроқ кеча йўқ. Аллоҳ таоло (Ўзининг шаънига мувофиқ) дунё осмонига тушиб, мушрик, гиначи ва силаи раҳмни узувчилардан бошқа барчани мағфират қилади».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

«Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар: «Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди».

Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Бизга шу гап етдики, беш кечада дуолар қабул қилинар экан: жума кечаси, ийдул азҳо кечаси, ийдул фитр кечаси, ражаб ойининг аввалги кечаси ва шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси».

Юқоридаги ҳадислардан ташқари, яна кўпгина ривоятларда ҳам бу кечанинг фазилатлари ворид бўлган.

                                                                                                                            Манба: Islom.uz


Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ходимлари Абу Ҳамза Анас ибн Молик алАнсорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4263 19:18 / 16.10.2017
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар ҳамда давоми...

3244 09:00 / 02.06.2022
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Садақаларнинг энг афзали рамазонда берилган садақадир,, дедилар. Имом Термизий ривоятлари.

3965 10:37 / 22.03.2024
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким азонни эшитганида .Аллоҳумма Робба ҳазиҳиддаъватиттаамма, вассолатил қоима, давоми...

3382 23:55 / 06.03.2018
Аудиолар

213175 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132394 14:35 / 11.08.2021