Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (160-дарс). Илм учтадир (иккинчи мақола)

19:00 / 17.11.2021 2988 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

2. «Қоим суннат».

Шаръий илмларнинг иккинчи асоси – «қоим суннат», яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Суннат нималиги, унинг шариатимиздаги аҳамияти ва бошқа масалаларни ушбу «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг муқаддимасида ўрганганмиз.

Бу илм ҳам юқорида зикр қилинган Қуръон илмлари каби, ўзига хос бир қанча илмлардан ташкил топади. Ўша илмларни устозлардан ўрганиб, уларнинг изнини олган кишилар суннат – ҳадис илми мутахассислари ҳисобланадилар.

Ҳадиси шарифлар маъноларининг таржимасини ўқиган ёки баъзи бир ҳадисларни арабчадан таржима қила оладиган кишилар муҳаддис саналмайдилар.

Ҳар бир мусулмон имкони борича Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан хабардор бўлишга уриниши лозим. Лекин ҳар бир жамиятда, ҳар бир диёрда ўша жамият, ўша диёр эҳтиёжини қондирадиган даражада суннат илмини билувчи олимлар бўлиши фарзи кифоя. Шу нарса бўлмаса, ўша жамият, ўша диёр мусулмонларининг ҳаммаси тарки фарз қилганлик гуноҳига қоладилар.

3. «Одил фаризат»

Шаръий илмнинг учинчи асоси – «одил фаризат» деб аталади. Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган «одил фаризат»дан мурод нима эканлиги ҳақида уламоларимиз икки хил фикр айтганлар.

Биринчиси – «одил фаризат»дан мурод, меросни адолат билан тақсим қилиш илми. Бу илм «Фароиз» илми ҳам дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу илмга алоҳида эътибор берганларининг сабаби, бу илм энг биринчи орадан кўтариладиган илм бўлганлигидадир.

Иккинчиси – «одил фаризат»дан мурод, мусулмонларга фарз бўлган нарсаларни билдирадиган илмдир. Яъни, Китоб ва Суннатдан кейинги, шариатимизнинг учинчи ва тўртинчи масдарлари – ижмоъ ва қиёсларни билиш деганидир.

Менимча, бу икки фикрнинг қўшилгани мақсадга мувофиқ бўлади. «Одил фаризат» ижмоъ ва қиёсни, мерос илмини ҳамда мусулмонларга фарз, вожиб бўлган ҳамма нарсалар илмини ўз ичига олади. Бошқача қилиб айтганимизда, фиқҳ илмини ифода қилади. Китобнинг аввалида ҳар бир муҳаддис ҳам фақиҳ бўла олмаслигини, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Молик ибн Анас розияллоҳу анҳуларга ўхшаш баъзи улкан муҳаддисларнинг фиқҳий мазҳабга асос солганликларини, бошқа муҳаддислар эса фиқҳий мазҳаблардан бирига эргашганликларини айтган эдик. (Машҳур муҳаддислардан фақат Имом Бухорийгина қайси фиқҳий мазҳабда бўлганликлари маълум эмас).

Худди шу гапни муфассирларимиз ҳақида ҳам такрорлаймиз. Улар ҳам маълум фиқҳий мазҳабга эргашганлар. Чунки тафсир ўзига хос илм, фиқҳ ўзига хос илм. Фиқҳ илмига эга бўлиш ҳам осон эмас. Фақиҳ бўлиш учун кўпгина илмлардан бохабар бўлиш лозим. Хусусан, «Усули фиқҳ» номли илмни билмаган одам шариатда ҳукм чиқариш масдарлари, усуллари нима эканлигини ва бошқа кўпгина қонун-қоидаларни билмайди.

Табиийки, бу улуғ илмга ҳамма ҳам сазовор бўлавермайди. Лекин ҳар бир мусулмон учун фиқҳ илмидан ўзига керакли бўлган нарсаларни ўрганиб олиши фарзи айн ҳисобланади. Ҳар бир жамият, ҳар бир ўлкага эса ўз эҳтиёжига яраша фақиҳлар тайёрлаб олиш фарзи кифоя бўлади. Бу ишни қилмаган жамият ва ўлка мусулмонларининг барчаси гуноҳкор бўладилар.

Шу билан бирга, баъзи фиқҳ китоблари ёки уларнинг таржимасини ўқиган билан одамлар фақиҳ бўлиб қолмасликларини ҳам билиб қўйишимиз керак.

Юқоридаги уч илмдан бошқа шариатга тааллуқли бўлган илмлар зарурат эмас, фазилат ҳисобланар экан.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръони Карим ва унга тегишли бўлган илмни ўрганиш.

2. Суннат ва унга тегишли бўлган илмни ўрганиш.

3. Фарз нарсаларга ва илми фароизга тегишли бўлган илмни ўрганиш.

4. Мазкур нарсалардан ташқари шариатга тегишли бўлган бошқа илмлар фазл эканлиги.

Қадимдан мусулмон уммати мазкур уч илмга катта эътибор билан қараб келган. Доимо мусулмонлар ичидан бу уч илмда етук олимлар чиққан. Ҳозир ҳам бу маънода кўпгина мусулмон ўлкаларда тафсир, ҳадис ва фиқҳ уламолари мавжуд. Улар ўз жамиятлари, юртлари учун хизматларини адо этмоқдалар. Ўз соҳалари бўйича илмий асарлар, китоблар битмоқдалар.

Минг афсуслар бўлсинким, баъзи бир мусулмон ўлкаларда эса бу ҳолат йўқ. Турли ички ва ташқи сабабларга кўра, мазкур илмлардан мусулмонлар оммаси бехабардир. Уларнинг ичида том маънодаги муфассир, муҳаддис ва фақиҳлар йўқ. Мусулмонлар мазкур илмлардан ақалли ҳар бирлари билишлари зарур, лозиму лобуд бўлган, фарзи айн ҳисобланган нарсаларни ҳам билмайдилар. Бу эса ўша кишиларнинг ҳар бирига ўзлари учун фарз бўлган нарсани адо этмаганлик гуноҳини юклайди. Ўша жамият ва юртларда етарли даражада муфассир, муҳаддис ва фақиҳлар ҳам йўқ. Бу эса мазкур юртларнинг мусулмонлар оммаси зиммасига фарзи кифояни тарк қилганлик гуноҳини юклайди.

Энди эса ўзини мусулмон ҳисоблаган ҳар бир киши ушбу ҳадисда зикри келган ва зарур ҳисобланган уч илмдан ўзи учун лозим миқдорда ўрганиш ҳаракатига тушмоғи лозим. Зиммасида турган гуноҳни соқит қилиш учун интилмоғи керак. Билган одамлардан ўрганмоғи, китоблардан ўқиб, ўзлаштирмоғи фарзи айндир.

Шунингдек, мазкур илмлар бўйича етарли сон ва савияда мутахассислари йўқ жамият ва юртлар ҳам уларни тайёрлаб олиш, зиммаларида турган умумий гуноҳни соқит қилиш ҳаракатига тушмоқлари зарур. Бунинг учун юқорида зикр қилинган илмларни тўла эгаллаган юртлардан уламоларни таклиф қилиб, ўқув юртлари очиш, керакли машғулотларни йўлга қўйиш лозим. Ана шундагина шариатимизни билиш учун энг зарур ҳисобланган уч илм бўйича Аллоҳнинг олдидаги мажбурият адо этилган бўлади.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида Қуръони каримнинг биринчи ояти нозил қилиниб, у зот пайғамбар бўлганларидан сўнг кишиларга ўзларига Аллоҳ давоми...

6544 14:10 / 09.01.2019
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг олдиларига кирсалар, ҳузурларида бир аёл бор экан. давоми...

3769 21:00 / 26.05.2021
. . . Абдулвоҳид ибн Сулайм розияллоҳу анҳумодан ривоят давоми...

4094 13:09 / 08.07.2020
. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. давоми...

3270 16:30 / 24.03.2021