1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нега ўлимни ёмон кўрамиз?

10:06 / 18.11.2021 2315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вуҳайб ибн Варад, Суфён Саврий ва Юсуф ибн Асбот роҳимаҳумуллоҳ бир куни жамланиб қолишди. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ деди:

- Олдин ўлимни ёмон кўрар эдим. Бугун эса ўлишни хоҳлаяпман.

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ сўради:

- Нима учун?

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ деди:

- Фитналардан қўрққаним учун.

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ деди:

- Мен эса ҳали-ҳануз ёмон кўраман.

Суфён роҳимаҳуллоҳ сўради:

- Нега ўлимни ёмон кўрасиз?

Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳ жавоб берди:

- Шояд тавба қиладиган ва солиҳ амал қиладиган кунни топсам.

Кейин улар Вуҳайб роҳимаҳуллоҳдан сўрашди:

- Сиз нима дейсиз?

Вуҳайб роҳимаҳуллоҳ деди:

- Мен ҳеч нарсани танламайман. Аллоҳ нимани ихтиёр қилса ўша мен учун суюклидир!

Олдинги салафларимизнинг иймонидан таажжуб қилмай иложингиз йўқ.

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳга динда фитнага учрагандан кўра ўлим яхшироқ экан. Ақидасида офиятда яшамас экан, қабрни афзал биляпти. Мана шу хаёлда дунёдан ўтишни ютуқ деб ўйлаяпти. Уни қанча яшаш эмас, қандай яшаш қизиқтиряпти.

Нуҳ алайҳиссаломнинг қаҳрамонликлари 950 йил яшаганлари билан эмас, уни қандай ўтказганликлари билан ўлчанади. Ўйлаб кўринг, қарийб минг йилни Аллоҳ томон собит юриш билан ўтказганлар.

Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу эса 30 ёшда исломга кирди, 36 ёшда шаҳид бўлди. Исломда атига 6 йил яшади.Унинг вафотидан Арш ларзага келди. Жанозасига 70000 фаришта ҳозир бўлди. Демак, умрнинг узун ёки қисқа бўлиши муҳим эмас. Муҳими уни қандай ўтказишдир. Яъни, умр Аллоҳ томон сайр билан тўла бўлсин!

Энди Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳни қўйиб Юсуф ибн Асбот роҳимаҳуллоҳга юзланайлик. Унинг ўзгача фикри бор. У кўпроқ ибодат қилиш учун, кўпроқ тавба қилиш учун, Аллоҳга  кўпроқ яқин бўлиш учун кўпроқ яшашни истамоқда. Бу ўринда аввалги фикрга қарши фикр бўлмаяпти. Агар гапларимни тааммул қилсангиз икки фикрни жамлашга ҳаракат қилганимни англайсиз.

Биринчи фикр: Инсон эртага ўлаётгандек ҳаракат қилиши лозим.

Иккинчи фикр: Иймонда юқори чўққиларга кўтарилиш учун кўпроқ яшашни исташ керак.

Ёдингизда бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига икки ака-ука келиб мусулмон бўлади. Улардан бири ибодатда ғайрат ва ҳимматли бўлади. У навбатдаги ғазотда шаҳид бўлади.

Иккинчиси эса бироз вақт ўтиб вафот этади. Кишилар аввалгисини мақтаб гапиришади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар:

«Иккинчиси намоз ўқимасмиди, Рамазон рўзасини тутмасмиди?! Унинг намоз ва рўзаси қанақа даражаларга кўтарганини сиз қаердан биласиз?!».

Энди Суфён Саврий ва Юсуф ибн Асбот роҳимаҳумаллоҳни қўйиб Вуҳайб ибн Варад роҳимаҳуллоҳга ўтамиз.

У зот бу ҳодисада уччаловининг ичида энг фақиҳидир. У одобда шунақа чўққига чиққанки, бутун измини Роббига топшириб қўйган. Аллоҳнинг танлагани унинг учун суюкли.

Дўстим! Инсон бу дунёда кўп нарсани истайди. Аллоҳдан ҳарорат билан сўрайдиган истаклари бўлади барчанинг. Бир нарсаларни орзу қилишнинг зарари йўқ. Оз нарсани ҳам, кўп нарсани ҳам сўраб Аллоҳга илтижо қилиш иймоннинг мукаммаллигидандир. Аммо инсон Аллоҳнинг ихтиёр қилгани ўзининг ихтиёр қилганидан яхшилигини билмас экан, бандаликнинг чўққисига ета олмайди.

Биз баъзан Аллоҳдан бир нарсани ёлвориб сўраганимизда уни бизга Аллоҳ бермаган. Вақт ўтиб ўша сўраганимизни бермагани биз учун яхши бўлганлигини англаймиз.

Аллоҳнинг ман қилишида ато бордир. Буни вақт ўтиб идрок қилинади. Дуонинг ижобат бўлмаганида ҳимоят бор. Буни вақт ўтиб англанади. Демак Роббимизга жиловимизни топшириб шундай дейишимиз лозим:

«Роббим! Жиловим Сенинг қўлингда. Ҳукминг менга ўтувчидир. Мендаги қазойинг адолатдир»!

Абдулқодир Полвонов

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Суфён Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар .Мен бир гуноҳ қилиб қўйиб, беш ой қиёмул лайлдан маҳрум бўлдим,.Музоҳим ибн Зуфардан ривоят қилинади .Суфён Саврий бизга давоми...

2477 08:00 / 12.03.2020
Бу ҳақда аламлар битиб, жароҳатлар тузалгандан кейин ёзяпман.Инсоннинг кўнгли момиқ ва нозик патдан ҳам юмшоқ бўлади. Унга етказилган жароҳатлар уни синдириб, давоми...

2560 15:00 / 31.12.2021
Электрон микроскопда олинган ушбу расмда сиз уч кунлик эмбрионни кўриб турибсиз. У саккизта ҳужайрадан иборат. Бу ҳужайра 100 триллионта ҳужайраларга бўлиниш давоми...

1956 15:02 / 14.07.2020
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга дедилар.Ким яширин солиҳ амал қилишга қодир бўлса қилсин,.Мусулмонлар кунлар ўтиб Румга қарши жангга давоми...

4033 11:00 / 11.01.2021
Аудиолар

212985 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132209 14:35 / 11.08.2021