Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарслари (5-дарс) «Улумул-ҳадис»

10:01 / 07.11.2018 8298 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Юқорида зикр этилган илмларга қўшимча яна бир қанча илмлар ҳам юзага чиқди. Улар умумлаштирилиб, «Улумул-ҳадис» – «Ҳадис илмлари», деб аталади. Шу ўринда улардан бацзиларини сизларга таништириб ўтамиз:

1. Саҳобаларни таниш илми.

Бу илмга қўл урган уламолар саҳобаларнинг ҳаммасини, яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у зотни тирик ҳолларида кўрган кишиларнинг барчаларини ўрганиб чиққанлар. Дунё тарихида ҳеч бир йўлбошчининг маслакдошлари Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг саҳобалари каби батафсил ва мукаммал ўрганиб чиқилган эмас. Кимки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у зотнинг суҳбатларини топган бўлса, барчасининг ҳаёти тўла ўрганиб чиқилган. Исми, ота-боболарининг исмлари, ҳаёти, қачон Исломга келгани, нималар қилгани ва ҳоказолар шу жумладан бўлиб, барчаси ёзиб қолдирилган.

Уламолар саҳобаи киромларни ўн икки табақага бўлиб ўрганганлар. Маккада Исломни қабул қилганлардан тортиб, то болалигида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганларгача аниқлаб чиқилган. Бу борадаги китоблардан Ибн Саъднинг «Табақотул-кубро», Ибн Асийрнинг «Асадул-Қоба фии маърифатис-саҳоба», Ибн Абдул Баррнинг «Ал-Истийъоб фии асмоил асҳоб» рисолаларини эслатиб ўтмоқчимиз.

2. Тобеъинларни таниш илми.

Уламолар нафақат саҳобаларни, ҳатто уларни кўрган авлод – тобеъинларни ҳам чуқур ўрганиб, китоблар ёзишган. Чунки саҳобий, тобеъин ва табаъ тобеъинларни фарқлай олиш ҳадис илми билан машғул бўлган ҳар бир киши учун зарурдир.

3. Ҳадис фиқҳини билиш илми.

Бу ҳадислардан фиқҳий аҳкомларни чиқара билиш илми бўлиб, бу илмда муҳаддис уламолардан Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий, Абдурраҳмон ибн Амр ал-Авзоъий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Суфён ибн Уяйна, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқалар машҳур бўлганлар.

4. Ҳадиснинг носух ва мансухини билиш илми.

Чунки мансух ҳадиснинг амалдан қолишини эътиборга олганда, бу жуда ҳам муҳим илм ҳисобланади.

5. Бир-бирига қарши маънолари бор ҳадислар ва уларнинг маъноларини билиш илми.

6. Муҳаддисларнинг мазҳабларини билиш илми.

7. Сохта ҳадислар ва уларни тўқиганлар ҳақидаги илм.

Бу бобда ҳам кўплаб китоблар ёзилган. Ҳофиз Абул Фараж ал-Жавзий, Абу Амр ибн Бадр ал-Мусилий, Ибн Тоҳир ал-Мақдийсий, Имом ас-Суютий, Али Қори ал-Ҳанафий ва бошқа кўплаб уламоларимиз китоблар таълиф этиб, кўп хайрли иш қилиб кетганлар.

Энди ушбу илмлар бўйича тузилган ҳадис китобларининг турлари ва уларнинг мартабалари ҳақида сўз юритайлик:

1. «Саҳиҳ» китоблар.

Бу турдаги китобларнинг энг биринчиси – Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»лари ва Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»лари ҳақида аввал ҳам айтиб ўтган эдик. Бу китоблар фақат «Саҳиҳ» ҳадисларни ўз ичига олгандир. Ибн Хузайма каби муҳаддислар ҳам «Саҳиҳ» китоб тузганлар, аммо улар Имом Бухорий ва Муслимларнинг асарлари даражасига етмаган.

Саҳиҳнинг мартабалари:

Санадидаги кишиларга нисбатан саҳиҳ ҳадиснинг уч даражаси бордир.

а) Энг олий мартабадаги ҳадис.

Бундай ҳадис энг саҳиҳ санадлар билан ривоят қилинган бўлади. Мисол учун: «Моликдан, у Нофеъдан, у Ибн Умардан». Мана шу санад энг саҳиҳҳ санад бўлади ва бу санад билан келган ҳадис саҳиҳ бўлса, олий даражадаги ҳадис ҳисобланади.

б) Олийдан пастроқ даражадаги ҳадис.

Уни ривоят қилган одамларнинг мартабалари аввалги санаддаги одамлардан кщра бир оз паст бўлади. Мисол учун: «Ҳаммод ибн Саламадан, у Собитдан, у Анасдан».

в) Олдинги даражадан паст даражадаги ҳадис.

Бундай ҳадис сиқо сифатининг энг оз даражасига эга бўлган одамлар тарафидан ривоят қилинган бўлади. Мисол учун, «Суҳайл ибн Абу Солиҳдан, у отасидан, у Абу Ҳурайрадан» деган санад учинчи даражадаги саҳиҳ санад ҳисобланади.

Саҳиҳ ҳадиснинг улар келтирилган китобларга нисбатан мартабалари еттитадан иборатдир:

1. Имом Бухорий ва Муслим иттифоқ қилган ҳадислар олий мартабадаги ҳадислар ҳисобланади.

2. Имом Бухорийнинг ўзлари ёлғиз ривоят қилган ҳадислар.

3. Имом Муслимнинг щзлари ёлғиз ривоят қилган ҳадислар.

4. Имом Бухорий билан Имом Муслимнинг шартини ўзида жамлаган-у, иккисининг китобида чиқарилмаган ҳадислар.

5. Имом Бухорийнинг шартига тўғри, аммо Имом Бухорийдан бошқа одам чиқарган ҳадислар.

6. Имом Муслимнинг шартига тўғри, лекин у кишининг ўзи чиқармаган ҳадислар.

7. Имом Бухорий билан имом Муслимдан бошқа имомларнинг наздида саҳиҳ бщлган ҳадислар.

Мисол учун, Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ёки уларнинг шартига биноан ёки иккисидан бирининг шартига биноан ҳадис чиқарадиган одамлар келтирган ҳадислар.

2. «Сунан» китоблар.

Бундай асарлар аввалида Абу Довуд, Термизий, Насаий ва Ибн Можаларнинг китоблари туради. «Сунан» китоблари бошқа уламолар томонидан ҳам тузилган, лекин мазкур тўрт имомнинг китоблари даражасида эмас.

Юқорида айтиб ўтганимиз икки «Саҳиҳ» ва тўртта «Сунан» қўшилиб, «Сиҳоҳи ситта» – энг саҳиҳ олти китобни ташкил этади. Лекин олтинчи китоб – «Сунани Ибн Можа» ҳақида уламолар ихтилоф қилишганини айтиб ўтишимиз керак. Жумладан, Ибн Асийр ва Розийлар «Сунани Ибн Можа»нинг ўрнига Имом Моликнинг «Муватто»сини қўйиш керак, деганлар. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний эса унинг ўрнига Доримийнинг китобини қўйишни лозим санаганлар.

Шундай қилиб, юқорида айтганимиздек, аввал Имом Бухорийнинг саҳиҳлари, сщнг Имом Муслимнинг китоблари, ундан кейин Абу Довуд, Термизий ва Насаийларнинг «Сунан»лари энг кучли ҳадис китоблари ҳисобланади ва бу китобларда келган ҳадислар энг ишончли бўлади. Олтинчи ўринга Ибн Можа, Имом Молик ва Имом Доримийларнинг китоблари даъвогарлик қилади. Бошқа китоблар эса улардан кейин туради.

3. «Жомеъ» – жамловчи китоблар.

Бу хилдаги китобларга: ақийда, аҳком, зуҳд, емоқ-ичмоқ одоби, тафсир ва тарих, шамоил, фитналар, фазилатлар каби бобларни ўз ичига олган китоблар киради. Шу маънода Имом Бухорий ва Имом Термизийларнинг китоблари «Жомеъ» ҳисобланади.

4. «Муснад» китоблар.

Бундай китобларда ҳар бир саҳобий алифбо бўйича ёки Исломга кириш навбати бўйича олиниб, у зотнинг ривоят қилган ҳадислари бирин-кетин келтирилади.

Абу Довуд ат-Таёлисий ва Бақий ибн Муҳаммадларнинг китоблари муснад китоблар жумласига киради. «Муснад» китобларининг энг машҳури Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг китобларидир.

5. «Мўъжам» – алифбо бўйича китоблар.

Бу турдаги китобларда шайхлар, юртлар ва қабилаларга мансуб ҳадислар алифбо тартиби билан келтирилади. «Мўъжам» китобларининг энг машҳури Имом ат-Табаронийнинг китобидир.

6. «Мустадрак» китоблар.

Бирор муҳаддис ўз шартлари бўйича мавжуд ҳадисларни китобига қўшмай кетган бўлса, уни бошқа муҳаддис тўплаб, китоб қилиши «мустадрак» дейилади. Мисол учун, Ҳоким ан-Нийсобурий Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг шартлари бўйича қўшилмай қолган ҳадисларни топиб, «мустадрак» китобини тузган.

7. «Мустахраж» китоблар.

Бу турдаги китобларда муҳаддис щзидан олдинги бошқа бир муҳаддиснинг китобини олиб, унинг ҳадисларини ўзи топган бошқа ровийлар йўли билан тузиб чиқади. Мисол учун, Абу Бакр ал-Исмоилий Бухорийга, Абу Авона Муслимга, Абу Али ат-Тусий Термизийга «Мустахраж» қилганлар.

8. Жузларга оид китоблар.

Бунда бир киши ривоят қилган ёки маълум бир мавзуга боғлиқ ҳадисларни жамлаб, бир китоб қилинади. Мисол учун, Имом ас-Суютийнинг «Солатуз-Зуҳа» номли китоби ана шулар жумласидандир.

Кейинги асрлардаги уламоларимиз мазкур китоблардан келиб чиқиб, турли мавзуларда ҳадис китоблари тузганлар. Мисол учун, Имом Нававий ахлоқ-одобга боғлиқ ҳадислардан «Риёзус-солиҳийн» китобини, Имом ал-Мунзурий тарғиб ва қўрқитишга боғлиқ ҳадислардан «Ат-тарғийб ват-тарҳийб» китобини, Ибн Ҳажар фиқҳий ҳукмларга тааллуқли китоблардан «Булуғул-маром» китобини тузганлар. Ал-Муттақий ал-Ҳиндий «Канзул-уммол» номли китобда қирқ минг ҳадисни тўплаган. Имом ас-Суютий ҳамма ҳадисларни тўплаш ниятида «Жамъул жавомеъ» номли китобга тартиб бериб, юз минг ҳадис тўплаганларидан кейин вафот этганлар. Имом Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотийб ат-Табризий «Масобийҳ» номли катта китобдан «Мишкотул-масобийҳ» деган аҳком ҳадисларга оид китобни тузган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳадис китоблари жуда ҳам кўп. Уларга ёзилган шарҳлар ундан ҳам кўп. Ҳозирда ҳам турли-туман китоблар топилиб, тадқиқ қилинмоқда ёки янгидан жамланмоқда, шарҳлар ёзилмоқда.

Муҳаддис уламоларимизнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари йўлида, Ислом шариати йўлида қилган хизматлари ана шундай улкандир. Бу хизматларни ёзиб, адо қилиш қийин.

Шу билан Суннат хизмати, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари юзасидан хизмат тугамайди. Эндиги хизмат навбати фиқҳ уламоларига тегишли. Улар муҳаддислар тайёрлаб берган ҳадислардан шаръий аҳкомлар чиқаришлари ва уни Ислом умматига етказишлари керак бўлади.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳашр сурасида шундай марҳамат қилади .Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса, қайтинг, 7оят, деган. Бу ояти карима эса мусулмонлар давоми...

3160 13:30 / 17.02.2021
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳеч кимга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ ато берилмаган,, дедилар,.Бешовлари давоми...

21196 23:00 / 06.05.2017
. . .Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Уфайр номли эшакда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига давоми...

6008 12:09 / 22.01.2020
иккинчи мақола 8. .Барча одамлар ҳаракат қилиб, ўз жонини савдога қўювчидир. Бас, улар уни озод қилувчи ёки уни ҳалок қилувчилардир,. Яъни, бу дунёда ҳар бир инсон давоми...

3227 19:00 / 10.08.2022