1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳадис -

Аввало, шуни айтиб ўтиш жоизки, «ҳадис» ва «суннат» сўзлари доимо бир-бирининг ўрнида ишлатилиб келган. Аммо диққат билан қаралса, ҳадис хосроқ, суннат умумийроқ маъно касб этишини кўриш мумкин.

«Ҳадис» сўзининг асл келиб чиқиши «янги ҳодиса», «янгилик» деган маънодан олинган. Ҳар бир айтилган гап-сўз янги ҳодиса бўлгани учун арабларда сўзни «ҳадис» дейишган.

Истилоҳда эса «Ҳадис Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилган сўз, феъл, тақрир ва хилқат – тана тузилиши ёки хулқдаги сифат ҳамда сийрат – таржимаи ҳоллардир».

Буюк муҳаддис ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам, у зотдан содир бўлган барча ҳолатлар ҳам янги пайдо бўлган, яъни уларнинг ибтидоси бордир. Аллоҳ таоло ва У Зотнинг ҳамма исм ва сифатлари эса қадим, яъни азалийдир. Шунинг учун «ҳадис» сўзи азалий бўлмаган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган ҳолатларга қўлланилган».

Шунингдек, саҳобий ёки тобеъинга нисбат берилган сўз ёки феълга ҳам «ҳадис» дейилаверади. Гоҳида «хабар», «асар», «ривоят» ва «суннат» сўзлари ҳам ҳадис маъносида, яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўз, феъл ва сифатларига нисбатан ҳам ишлатилади. Демак, «суннат», «асар», «хабар» ва «ривоят» лафзлари истилоҳий маъно жиҳатидан ҳадис сўзининг маънодоши сифатида ҳам келади. Лекин айрим уламолар ушбу сўзлар айрим жиҳатларда бир-биридан бироз фарқ қилишини айтишган.

«Хабар» ўтмиш маълумотларга далолат қилувчи сўз сифатида, «асар» кимдандир из бўлиб қолган феъл ё сўз маъносида бу майдонга кирган. «Ривоят» эса бирор кишининг бевосита ўзи кўрган ёки эшитган нарсасини аниқ нақл қилиб беришини англатиши эътиборидан ҳадис маъносини билдиради. Зеро, ҳадислар бевосита кўриш ва эшитиш орқали нақл қилинган. Шундан маълум бўладики, исломий илмларда, хусусан ҳадис соҳасида «ривоят» деганда афсонавий ёки ноаниқ гапларни эмас, балки илмий равишда асосланган, қайсидир даражада ўз тасдиғини топган маълумотлар назарда тутилади.

«Суннат» аслида «одат», «тариқат – маънавий йўл» маъноларини англатади. «Фалончининг суннати» дегани унинг ҳаёт йўли деганидир. Шундан келиб чиқиб, «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари» деганда у зотнинг тариқатлари, йўллари тушунилади.

Ҳадис илми билан шуғулланувчи олим «муҳаддис» дейилади. Муҳаддислар асосан ҳадиснинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси йўллар билан, кимлар орқали ривоят қилиниб, ўзларигача етиб келганини аниқлайдиган олимлардир. Улар бу улкан масъулиятли ишни амалга оширишда жуда аниқ ва ишончли йўлларни танлашган. Мазкур услуб ва илмий йўллар инсоният тарихида умуминсоний (гуманитар) илмларга асос бўлган.