Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 2 Рамазон | 2026 йил 20 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Масжидлар ва уларга боришнинг фазли | Ҳадис дарслари (367-дарс)

19:00 / 18 февраль 46 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَالَ اللهُ جَلَّ شَأْنُهُ: ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ

Аллоҳ жалла шаънуҳу:

«Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закотни берганлар ва Аллоҳдан бошқадан қўрқмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топгувчилардан бўлсалар», деган («Тавба» сураси, 18-оят).

Шарҳ: Ушбу оят Аллоҳнинг масжидларини тўлдириб ўтириш ва уларни обод қилиш фазилатли иш эканлигини, бу ишга ҳақиқий мўмин-мусулмонларгина жаҳд этишларини билдирмоқда.

Масжидларнинг ободлиги ҳақида сўз борганда аввало маънавий ободлик, кейин моддий ободлик назарда тутилади.

Маънавий ободлик – масжидларда намоз ўқиш, илм ўрганиш, тиловат ва зикр билан машғул бўлишдир.

Моддий ободлик эса масжидларни қуриш, ислоҳ қилиш, керакли жиҳозлар билан жиҳозлаш ва покиза тутиш каби ишларни ўз ичига олади.

Ушбу ишларнинг барчасини эса Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор, Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, намозини вақтида ўқиб, закотини жойида бериб юрган тақводорлар ҳамда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина қўрқиб, бошқадан қўрқмайдиган кишиларгина қилади.

Демак, масжидларни обод қилиш иши шарафли иш. Бундай шарафли ишга эса ҳамма ҳам муяссар бўлавермайди.

عَنْ عُثْمَانَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَنْ بَنَى مَسْجِدًا يَبْتَغِي بِهِ وَجْهَ اللهِ بَنَى اللهُ لَهُ مِثْلَهُ فِي الْجَنَّةِ. وَفِي رِوَايَةٍ: بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб, бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради», деганларини эшитганман».

Бошқа бир ривоятда:

«Жаннатда бир уй», дейилган.

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Демак, бу дунёда масжид бино қилиш учун уринган ҳар бир кишининг қилган иши беҳуда кетмайди, у охиратда Аллоҳ таоло томонидан муносиб тақдирланади.

Шунинг учун жаннатда алоҳида муҳташам уйга эга бўлишни исаган одам бу дунёда масжид қуриши ёки бу ишда қурби етганича иштирок этиши лозим.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: اجْعَلُوا فِي بُيُوتِكُمْ مِنْ صَلَاتِكُمْ وَلَا تَتَّخِذُوهَا قُبُورًا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Баъзи намозларингизни уйларингизда ўқинг, уларни қабр қилиб қўйманг», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, намоз ўқилмаган жой қабристон билан баробар экан. Намоз билан ҳар бир уй қабристонликдан чиқади. Маълумки, Ислом уммати учун ер юзининг ҳаммаси масжид қилиб қўйилган. Фақат баъзи жойлар намознинг шартларига кўра бундан мустаснодир. Улар нажосат ва бошқа сабаблар туфайли хосиятсиз ҳисобланади. Ана шундай жойлардан бири қабрдир.

Ушбу ҳадисда зикр қилинаётган намозни эркак кишилар учун нафл намози деб тушуниш керак. Чунки эркак киши фарз намозларни масжидда жамоат билан ўқиши лозим.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِبِنَاءِ الْمَسَاجِدِ فِي الدُّورِ وَأَنْ تُنَظَّفَ وَتُطَيَّبَ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳовлиларда масжидлар қуришга, уларнинг тозаланишига ва хушбўй қилинишига амр қилдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Бу маънони маҳалла масжидлари маъносида тушуниш мумкин. Мусулмонларнинг намозга жамланишлари осон бўлиши учун яшаш жойларига, ҳовлиларига яқин жойларга масжид қуришлари матлубдир.

Бу амрга мусулмонлар қадимдан аҳамият бериб келганлар. Қаерда мусулмонлар тўплансалар, ўша ерга масжид қурилаверган. Мусулмонлар ўз ҳаётларини, маҳаллаларини, қишлоқ ёки шаҳарларини масжидсиз тасаввур қила олмаганлар. Ҳатто бошқа дийндагилар ҳам бу нарсага кўникканлар, уни оддий ҳақиқат, деб қабул қилганлар.

Ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсалардан иккинчиси масжидларни озода тутишдир. Бунга ҳам мусулмонлар доимо амал қилиб келганлар ва келмоқдалар. Энди шу ҳолатни яна ҳам яхшилаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг         амрларини маҳкам ушлашимиз зарур.

Бу ҳадиси шарифда келган учинчи амр масжидларни хушбўй ҳолда сақлашдир.

Бунга амал қилиш бир жойда кўнгилдагидек бўлса, бошқа жойларда унчалик эмаслиги ҳаммамизга маълум. Аслида ҳамма жойда ҳам ўз шароитидан келиб чиқиб, масжидларни хушбўй қилиб қўйишга, кирган кишининг баҳри дили очиладиган, чиққиси келмайдиган ҳолда тутишга ҳаракат қилиниши лозим.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فُضِّلْتُ عَلَى الْأَنْبِيَاءِ بِسِتٍّ: أُعْطِيتُ جَوَامِعَ الْكَلِمِ، وَنُصِرْتُ بِالرُّعْبِ، وَأُحِلَّتْ لِيَ الْغَنَائِمُ، وَجُعِلَتْ لِيَ الْأَرْضُ طَهُورًا وَمَسْجِدًا، وَأُرْسِلْتُ إِلَى الْخَلْقِ كَافَّةً، وَخُتِمَ بِيَ النَّبِيُّونَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим. Менга жамловчи калималар берилди. Менга қўрқинч ила нусрат берилди, ўлжалар ҳалол қилинди, ер покловчи ва масжид қилинди, барча халойиққа Пайғамбар этиб юборилдим ва мен ила набийлар хотималанди», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиснинг маъносидаги ҳадис «Иймон» китобида ҳам ўтган эди. Умуман, ҳадисларнинг баъзиларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг беш нарсада афзал этилганлари зикр қилинган бўлса, яна баъзиларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа набийлардан умматларини «шафоат» қилишлари билан афзал қилинганликлари зикр қилинган. Ушбу ҳадислар бир-бирига хилоф эмас, балки бир-бирини тўлдириб келади.

Энди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нималарда афзал қилинганликлари ҳақида биз ўрганаётган ҳадиси шарифнинг ўзида зикр қилинганларини қисқача кўриб чиқайлик:

«Анбиёлардан олти нарса ила афзал қилиндим».

Бу ерда пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа пайғамбар алайҳиссаломларга нисбатан афзалликлари ҳақида cўз кетмоқда.

1. «Менга жамловчи калималар берилди».

Яъни, оз сўз билан кўп ва улкан маъноларни жамлаб келтириш имкони берилди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомида бунга ўзимиз шоҳид бўлиб турибмиз. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир-икки оғиз сўзларини шарҳлаш учун айтилган гапларни ёзишга гоҳида бир-икки ёки ундан кўп саҳифа ҳам камлик қилади. Ушбу ҳадиси шарифнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин мисолидир.

2. «Менга қўрқинч ила нусрат берилди».

Яъни, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари қалбига ғайбдан қўрқинч солиш билан у зотга нусрат берган. Бошқа ривоятларда душман кўнглига бир ойлик масофадан қўрқинч тушиши айтилган. Бу ҳолат, айниқса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазотлари ўрганилганда яна ҳам яққол намоён бўлади.

3. «Ўлжалар ҳалол қилинди».

Аввалги пайғамбар алайҳиссаломларга дийн душманлари билан бўлган урушларда тушган ўлжалар ҳалол бўлмаган. Улар бу ўлжалардан фойдалана олмас эдилар. Аллоҳ таоло бундай ўлжаларни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳалол қилди ва Қуръони Каримда ўлжаларни қандай тақсим қилиш кераклигини кўрсатиб берди. Ҳатто Қуръон сураларидан бири «Ўлжалар», яъни «Анфол» деб аталди.

4. «ер покловчи ва масжид қилинди».

Ер покловчи эканлигини «Поклик» китобида ўрганган эдик. Нажосатларни поклашда сув билан бирга ер ва тупроқ ҳам покловчи вазифасини ўташини яхши биламиз.

Шу билан бирга, сув бўлмаганида пок тупроқ билан қилинган таяммум таҳорат ва ғусл ўрнига ўтишини ана шу китобда айтиб ўтганмиз.

Бошқа Пайғамбарларга бу имконият берилмаган эди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа пайғамбар алайҳиссаломлардан афзалликларининг яна бир жиҳати шундаки, у кишига ва умматларига бутун ер юзи масжид қилиб қўйилган.

Бу ҳадиси шарифнинг ушбу бобда келтирилишидан асосий мақсад ҳам шу. Бошқа пайғамбарлар ва уларнинг умматларига бутун ер юзи масжид қилиб берилмаган. Улар фақат маълум жойлардагина ибодат қилиш имконига эгадирлар. Лекин Аллоҳ таоло пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни шарафлаб, у зотга ва умматларига бутун ер юзини масжид қилиб қўйган. Улар намоз вақти қаерда кирса, ўша ерда ибодат қилишлари мумкин. Бу Аллоҳ таоло томонидан мусулмон бандаларига берилган буюк енгиллик ва улкан шарафдир.

Шу билан бирга, бу Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга юклатилган улкан масъулият ҳамдир. Аллоҳ осон имконият яратиб берганидан кейин унга шукр қилиб, ибодатни ўз вақтида адо этиш лозим.

Мусулмон кишига намоз ўқиши учун керак бўлган барча енгилликлар яратиб қўйилган, узр учун ҳеч қандай сабаб қолмаган.

5. «ва барча халойиққа Пайғамбар этиб юборилдим».

Аввалги пайғамбарлар маълум қавмга, маълум муддатга пайғамбар қилиб юборилган эдилар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса барча халқларга қиёматгача пайғамбар қилиб юборилдилар. У кишининг даъватлари етиб борган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, у зотга иймон келтириши, шариатларига амал қилиши лозим.

6. «Ва мен ила набийлар хотималанди».

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан юборилган охирги набийдирлар. У зотдан кейин набий юборилмайди. Бунга эътиқод қилмаган киши мусулмон бўла олмаслиги ва шунга ўхшаш бошқа масалалар «Иймон» китобида айтиб ўтилган.

وَعَنهْ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَحَبُّ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ مَسَاجِدُهَا، وَأَبْغَضُ الْبِلَادِ إِلَى اللهِ أَسْوَاقُهَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳга энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган юртлар бозорлардир», дедилар».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги масжидлар ва бозорларга нисбатан айтилган васфлар уларда содир бўладиган ишлар юзасидан айтилган.

Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади, мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.

Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид – Аллоҳнинг уйи, дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи ўша нарсанинг эгасининг шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!

Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади:

«Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинган зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир».

Демак, масжидларга кўпроқ боришимиз, уларда кўпроқ ибодат қилишимиз, Аллоҳга қурбат ҳосил қилишимиз лозим.

Масжидга боргач, у ерда кўзда тутилган нарсадан бошқа нарсалар билан машғул бўлиш яхши эмас. У ерда ношаръий ишлар, гап-сўзлар умуман бўлмаслигига ҳаракат қилишимиз шарт.

Бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлардандир. Одатда у ерда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ботил йўл билан ейиш каби ҳодисалар содир бўлади.

Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг ҳаққини ейиш, ўзаро муомалаларда қаллоблик қилиш каби ишлар қаттиқ қораланади.

Ҳадисда бозорлар Аллоҳ таоло энг ёмон кўрадиган жой сифатида тилга олиниши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлганлиги учун эмас, балки унда ҳаром-хариш, ношаръий ишлар кўп такрорланиб турганлиги учун шундай васфга эга бўлган. Шунинг учун мусулмонлар бозорларда доимо эҳтиёт бўлишлари керак. У ерларга кирганда ҳам, юрганда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб юриш лозим.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ غَدَا إِلَى الْمَسْجِدِ أَوْ رَاحَ أَعَدَّ اللهُ لَهُ فِي الْجَنَّةِ نُزُلًا كُلَّمَا غَدَا أَوْ رَاحَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким эртами-кечми, масжид томон борса, Аллоҳ таоло унга ҳар эрта ва кеч юрганида жаннатдан манзил тайёрлайди», дедилар».

Икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, инсоннинг жаннатдаги манзили, мартабаси масжидга боришига қараб бўлади. Мўмин банда ҳар сафар масжидга боргани сабабидан Аллоҳ таоло унга жаннатда манзил тайёрлайди. Қанча кўп борса, жаннатдаги мартабаси шунча ортиб бораверади. Шундан аён бўладики, масжидга оз борган одамнинг жаннатдаги мартабаси ҳам оз бўлади. Энди масжидга бормаган одамнинг мартабаси қай даражада бўлиши мумкин?

Шунинг учун эртаю кеч масжидга қатнаб, у ерда жамоат билан намоз ўқишга ҳаракат қилаверишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 6-жузи

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 14 сентябрдаги 03-07 / 7030-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . 195. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳожатларига чиққан эдилар, ортларидан бордим. давоми...

3705 19:00 / 01.03.2023
Ҳанафий уламолар намоз ўқишнинг қуйидаги тартибини баён қилганлар .Қиблага қараб, тик туриб, чўзмасдан .Аллоҳу акбар, деб такбир айтади ва икки қўлининг бош давоми...

3861 19:00 / 15.01.2025
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

5366 13:30 / 27.01.2021
Маъсиятларни тарк қилиш ҳамдаАллоҳ таолонинг тоати ва зикрини маҳкам тутиш19тавсия Умму Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, менга тавсия давоми...

5825 16:11 / 07.01.2017