Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 2 Рамазон | 2026 йил 20 февраль, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Муздалифада | Фиқҳ дарслари (367-дарс)

19:00 / 19 февраль 15 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуёш ботганда Муздалифага келади. Унинг Водий Муҳассардан бошқа ҳамма ери мавқифдир.

Аллоҳ таоло:

ﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ

«Арафотдан қайтиб тушганингизда Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг», деган (Бақара сураси, 198-оят).

Арафотдан қайтиб тушиш қуёш ботгандан сўнг бошланади.

Оятда «Машъарул Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг», дейилмоқда. Машъарул Ҳаром эса Муздалифа деганидир. «Машъар» «очиқ аломат» дегани. Муздалифанинг бу ном билан аталиши у Ҳарам ҳудудида бўлганидандир. «Муздалифа»нинг маъноси «яқинлашиш» бўлиб, ҳожилар у ерга тушганларида Байтуллоҳга яқинлашадилар.

Шом ва хуфтон намозларини бир азон ва бир иқома билан хуфтон вақтида ўқийди.

Имом Зуфар, Тоҳовий ва бошқалар «Бир азон, икки иқома билан», деганлар.

Агар шомни олдин адо этган бўлса, тонг отмасдан туриб қайта ўқиб олади.

Бирор киши шомни Арафотдами ёки йўлдами, ўқиб олган бўлса, Муздалифага келгандан сўнг, тонг отмасдан олдин қайта ўқиши лозим.

عَنْ أُسَامَةَ بْنِ زَيْدٍ t، قَالَ: دَفَعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنْ عَرَفَةَ، حَتَّى إِذَا كَانَ بِالشِّعْبِ نَزَلَ فَبَالَ، ثُمَّ تَوَضَّأَ، وَلَمْ يُسْبِغْ الْوُضُوءَ، فَقُلْتُ: الصَّلَاةَ يَا رَسُولَ اللهِ، فَقَالَ: «الصَّلَاةُ أَمَامَكَ». فَرَكِبَ، فَلَمَّا جَاءَ الْمُزْدَلِفَةَ نَزَلَ، فَتَوَضَّأَ، فَأَسْبَغَ الْوُضُوءَ، ثُمَّ أُقِيمَتْ الصَّلَاةُ، فَصَلَّى الْمَغْرِبَ، ثُمَّ أَنَاخَ كُلُّ إِنْسَانٍ بَعِيرَهُ فِي مَنْزِلِهِ، ثُمَّ أُقِيمَتْ الْعِشَاءُ، فَصَلَّى، وَلَمْ يُصَلِّ بَيْنَهُمَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотдан қайтдилар. Ул зот икки тоғ орасига келганларида тушиб, таҳорат ушатдилар. Сўнгра таҳорат қилди­лар-у, яхшилаб қилмадилар. Мен у зотга:

«Намоз», дедим.

«Намоз олдингда», дедилар ва уловга миндилар.

Муздалифага келганларида тушиб, яхшилаб таҳорат қилдилар. Сўнгра намозга иқома айтилди. Ул зот шомни ўқидилар. Кейин ҳар бир инсон туясини ўз жойига чўктирди. Сўнг хуфтонга иқома айтилди. Бас, у зот уни ўқидилар. Иккисининг орасида бирор нарса ўқимадилар».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Кейин бомдодни тонг қоронғисида ўқийди.

عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ t، قَالَ: مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى صَلَاةً بِغَيْرِ مِيقَاتِهَا إِلَّا صَلَاتَيْنِ، جَمَعَ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ، وَصَلَّى الْفَجْرَ قَبْلَ مِيقَاتِهَا. رَوَاهُ الثَّلَاثَةُ.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳеч бир намозни вақтидан бошқада ўқиганларини кўрмадим. Илло, икки намозни – шом ва хуфтонни жамлаганлар. Ўша куни бомдодни ҳам эртароқ ўқидилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Яъни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотдан қайтганларида шом ва хуфтон намозларини жамлаб ўқиганлар. Ўша куни у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Муздалифада тунаб қолиб, Бомдод намозини ҳам одатдагидан эртароқ ўқиганлар.

Сўнгра вуқуф қилади ва дуо қилади.

Муздалифада туришни бажаради. Такбир, таҳлил, салавот айтади ва истаганича дуо қилади.

عَنْ جَابِرٍ t، قَالَ فِي حَدِيثٍ مَشْهُورٍ عَنْ حَجَّةِ الْوَدَاعِ: ثُمَّ اضْطَجَعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، حَتَّى طَلَعَ الْفَجْرُ، وَصَلَّى الْفَجْرَ حِينَ تَبَيَّنَ لَهُ الصُّبْحُ بِأَذَانٍ وَإِقَامَةٍ، ثُمَّ رَكِبَ الْقَصْوَاءَ حَتَّى أَتَى الْمَشْعَرَ الْحَرَامَ، فَاسْتَقْبَلَ الْقِبْلَةَ، فَدَعَاهُ، وَكَبَّرَهُ، وَهَلَّلَهُ، وَوَحَّدَهُ، فَلَمْ يَزَلْ وَاقِفًا حَتَّى أَسْفَرَ جِدًّا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Жобир розияллоҳу анҳунинг Ҳажжатул вадоъ ҳақидаги машҳур ҳадисларида жумладан қуйидагилар айтилган:

«Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тонг отгунча ёнбошладилар. Ўзларига субҳ аён бўлганида азон ва иқома билан Бомдодни ўқидилар.

Кейин Қасвога миниб, Машъарул Ҳаромга келдилар. Қиблага қараб дуо қилдилар, такбир, таҳлил ва тавҳид сўзлари айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу ҳолда турдилар».

Муслим ривоят қилган.

Ҳанафий мазҳабига кўра, Муздалифада ҳайит куни фажрдан кейин бир лаҳза бўлса ҳам туриш вожибдир.

Тонг ёришиб бўлганда Минога келади.

عَنْ عَمْرِو بْنِ مَيْمُونٍ، يَقُولُ: شَهِدْتُ عُمَرَ t صَلَّى بِجَمْعٍ الصُّبْحَ، ثُمَّ وَقَفَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُشْرِكِينَ كَانُوا لَا يُفِيضُونَ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ، وَيَقُولُونَ: أَشْرِقْ ثَبِيرُ، وَأَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ خَالَفَهُمْ، ثُمَّ أَفَاضَ قَبْلَ أَنْ تَطْلُعَ الشَّمْسُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Амр ибн Маймун розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Умар розияллоҳу анҳу бомдодни Жам(Муздалифа)-да ўқиганида ҳозир бўлдим. Сўнгра у:

«Мушриклар то қуёш чиқмагунча тушмас эдилар ва «Сабийр ёрит!» дер эдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга хилоф қилдилар», деди.

Кейин қуёш чиқишидан олдин (Муздалифадан) тушиб кетди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Сабийр – Муздалифа яқинидаги тоғнинг номи. Мушриклар Муздалифадан қуёш чиққанидан кейин тушишар эди. Унгача Сабийр тоғига нидо қилиб, унинг ёритишини сўрашар эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга хилоф қилиб, Муздалифадан қуёш чиқишидан олдин тушишни жорий қилдилар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: كَانَتْ سَوْدَةُ امْرَأَةً ضَخْمَةً ثَبِطَةً، فَاسْتَأْذَنَتْ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُفِيضَ مِنْ جَمْعٍ بِلَيْلٍ، فَأَذِنَ لَهَا، فَقَالَتْ عَائِشَةُ: فَلَيْتَنِي كُنْتُ اسْتَأْذَنْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَمَا اسْتَأْذَنَتْهُ سَوْدَةُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Савда катта жуссали, секин қимирлайдиган аёл эди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Жамдан кечаси тушиб кетишга изн сўради. Бас, у зот унга изн бердилар. Қанийди, мен ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан Савда изн сўрагандек, изн сўраганимда».

Икки шайх ривоят қилишган.

Савда бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо жуссалари катта бўлгани сабабли секин қимирлар эдилар. Шунинг учун тонг отгунча Муздалифада қолишлари машаққат туғдиришини ўйлаб, Набийимиз алайҳиссаломдан муддатдан олдин жўнаб кетишга рухсат сўраганлар. Бас, у зот Савда онамизга рухсат берганлар. Мана шу ҳадиси шариф жисмонан заиф кишиларга Муздалифадан эртароқ тушиш изни берилиши учун ҳужжат бўлган.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، يَقُولُ: أَنَا مِمَّنْ قَدَّمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْلَةَ الْمُزْدَلِفَةِ فِي ضَعَفَةِ أَهْلِهِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муздалифа кечасида олдин тушириб юборган заифҳол аҳллари ичида мен ҳам бор эдим».

Бухорий ривоят қилган.

Беморлар, заифҳол кишилар, ёш болалар Муздалифадан тонг отишидан олдин тушиб кетишларига рухсат бор. Аммо бошқалар у ерда бомдод намозини ўқигунча туришлари шарт. Ҳанафий мазҳабида вожиб. Шунингдек, биринчи ҳайит куни Ақабада шайтонга тош отиш вақти ҳам қуёш чиққандан кейин киради.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . Намознинг фарзи таҳрима, қиём, фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш. Ўша бир давоми...

5808 19:00 / 04.11.2021
Маййитнинг ўз яқинлари, қариндошлари ва ёру биродарларида тўртта ҳаққи бордир 1. Ювиш. 2. Кафанлаш. 3. Жаноза намози ўқиш. 4. Жанозасини кўтариб бориб, дафн қилиш. Бу давоми...

3790 19:00 / 18.01.2024
Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у .барака, деб аталган. . Салмон давоми...

4913 05:00 / 06.03.2017
Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150 санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига мансубдирлар. давоми...

8229 10:06 / 22.10.2018