
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ عِكْرِمَةَ قَالَ: إِنَّ النَّبِيَّ r قَالَ لِعَائِشَةَ: «تَصَدَّقِي يَا عَائِشَةُ وَلَوْ بِتَمْرَةٍ، فَإِنَّهَا تَسُدُّ مِنَ الْجَائِعِ، وَتُطْفِئُ الْخَطِيئَةَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ».
Икримадан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага:
«Садақа қил, эй Оиша, бир дона хурмони бўлса ҳам. Чунки у оч қолганни тўйдиради ва худди сув оловни ўчиргандек, хатони ўчиради», дедилар».
Шарҳ: Ҳамма нарсани куйдириб кетаётган оловни сув ўчиради. Инсоннинг икки дунёсини куйдириб кетаётган гуноҳларини эса садақа ўчиради.
Демак, билиб-билмай қилган гуноҳларим, хатоларим ўчиб турсин, деган инсон бева-бечораларга, фақир-фуқароларга, етим-есирларга ва муҳтожларга садақа қилиб туриши керак. Ана шунда мақсадига эришади.
Садақа албатта катта миқдорда, катта ҳажмда бўлиши шарт эмас. Бир дона хурмо бўлса ҳам, садақа бўлаверади. Садақа оч қолган инсоннинг қорнини тўйдиради. Садақа уни қилган одамнинг хатосини ўчиради.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Раҳбар ва олим одамлар ўзларига қарашли кишиларни садақага чорлаб туришлари лозимлиги.
2. Арзимаган нарса демай, топганини борича садақа қилса, қабул бўлиши.
3. Садақани очларга бериш яхшилиги.
4. Садақа гуноҳларнинг ювилишига сабаб бўлиши.
عَنْ قَيْسِ بْنِ عِبَادٍ قَالَ: إِنَّ الصَّدَقَةَ لَتُطْفِئُ الْخَطَايَا وَالذُّنُوبَ كَمَا يُطْفِئُ الْمَاءُ النَّارَ.
Қайс ибн Ибоддан ривоят қилинади:
«Худди сув оловни ўчиргандек, садақа хато ва гуноҳларни ўчиради».
Шарҳ: Бу ривоят олдингисининг такроридир.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: عَبَدَ اللهَ رَجُلٌ سَبْعِينَ سَنَةً، ثُمَّ أَصَابَ فَاحِشَةً فَأَحْبَطَ اللهُ عَمَلَهُ، ثُمَّ أَصَابَتْهُ زَمَانَةٌ وَأَقْعَدَ، فَرَأَى رَجُلًا يَتَصَدَّقُ عَلَى مَسَاكِينَ، فَجَاءَ إِلَيْهِ فَأَخَذَ مِنْهُ رَغِيفًا فَتَصَدَّقَ بِهِ عَلَى مِسْكِينٍ، فَغَفَرَ اللهُ لَهُ وَرَدَّ إِلَيْهِ عَمَلَ سَبْعِينَ سَنَةٍ.
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:
«Бир киши Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди. Сўнг фаҳш ишга қўл урди ва Аллоҳ унинг амалини ҳабата қилди. Кейин шол бўлиб ўтириб қолди. Мискинларга садақа қилаётган бир кишини кўрди ва олдига бориб, ундан бир дона нон олди. Кейин ўша нонни бир мискинга садақа қилди. Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди ва унга етмиш йиллик амалини қайтарди».
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу сиз билан бизга садақанинг фазли, унинг гуноҳларнинг мағфират қилинишига сабаб бўлиши ҳақида ғоятда ибратли бир қиссани айтиб бермоқда.
«Бир киши Аллоҳга етмиш йил ибодат қилди».
Афтидан, мазкур одам илми йўқ обид бўлганга ўхшайди. Чунки олим бўлганида, илми уни бундай ишдан тўсар эди. Илмсиз одамларгина етмиш йиллик ибодатдан кейин адашиши мумкин. Шунинг учун ҳалиги одам етмиш йил ибодатдан
«Сўнг фаҳш ишга қўл урди ва Аллоҳ унинг амалини ҳабата қилди».
Фаҳш ишнинг касофатини қарангки, ўзи катта гуноҳ бўлиб ёзилиши етмагандек, ундан олдин қилинган етмиш йиллик ибодатнинг ҳам беҳуда кетишига сабаб бўлди.
Фаҳш иш азоби охиратга қоладиган гуноҳ бўлиб, ўзидан олдинги ибодат ҳамда солиҳ амалларни ҳабата қилибгина қолмайди, балки унинг касофати бошқа тарафлардан ҳам бало-офатларга сабаб бўлади. Етмиш йил ибодат қилган жоҳил обид ҳам фаҳш иш қилиб, гуноҳга ботди, етмиш йиллик ибодати ҳабата бўлди ва
«Кейин шол бўлиб ўтириб қолди».
Ибодатга ҳам, гуноҳ ишлар, жумладан, фаҳш иш қилишга ҳам ярамай қолди. Ўтирган жойида нажот излай бошлади.
«Мискинларга садақа қилаётган бир кишини кўрди ва олдига бориб, ундан бир дона нон олди».
Садақа қилинган нонни қўлига тутиши билан вужудини ғалати бир ҳис қамраб олди. Қалби садақа қилаётган кишига нисбатан шукрона туйғусига тўлди. Пешона тери билан топган нарсасини ҳожатманд одамларга бераётган бу инсонга нисбатан ўзида чексиз эҳтиром уйғонганини сезди. У бирдан, ўзи сезмаган ҳолда садақа қилган одамни дуо қилишга турди: «Шундай одамлар бор бўлсин! Улар камчилик кўришмасин! Соғ бўлишсин! Муродларига етишсин! Ҳаётларида ғам кўришмасин!
Кейин ўзига қайтди. Бахтсизлигини қайтадан ҳис этди. Ўзи ҳам садақа қилгиси келди. Лекин нимани садақа қилади? Садақа қиладиган ҳеч нарсаси йўқ-ку? Бирдан қўлидаги нонга қаради. «Шу нонни садақа қилсам бўлармикан?» деди ўзига ўзи.
«Кейин ўша нонни бир мискинга садақа қилди».
Унинг қўлидан садақани қабул қилиб олаётган мискиннинг юзида мамнуният аломатлари пайдо бўлди. Кейин вужуди қувончга тўлди. Мақсади ҳосил бўлганидан Аллоҳ таолога шукрлар айтиб, шол одамни дуо қилди. Бу ҳолатни кўрган шол одамда умид учқунлари пайдо бўлди.
«Шунда Аллоҳ уни мағфират қилди ва унга етмиш йиллик амалини қайтарди».
Аллоҳ таоло бировдан олинган ноннинг мискинга садақа нияти ила берилганини қабул қилди. Мазкур садақа туфайли шол одамнинг гуноҳини мағфират қилди. Гуноҳи мағфират қилингани билан бирга, Аллоҳ таоло унинг ҳабата бўлган етмиш йиллик ибодати савобини ҳам қайтариб берди.
Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:
1. Етмиш йил ибодат қилган одам ҳам фаҳш иш қилиши хавфи борлиги.
2. Гуноҳ туфайли ибодат ҳабата бўлиши.
3. Гуноҳ туфайли шоллик ёки шунга ўхшаш балоларга гирифтор бўлиш мумкинлиги.
4. Бировдан олган садақани бошқага садақа қилиш мумкинлиги.
5. Садақа гуноҳларнинг мағфират бўлишига сабаб бўлиши.
6. Садақа ҳабата бўлган амалнинг қайтишига сабаб бўлиши.
عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ أَنَّهُ قَالَ عِنْدَ الْمَوْتِ: اذْكُرُوا صَاحِبَ الرَّغِيفِ.
Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилинади:
«У ўлими олдидан: «Нон соҳибини эсланглар», деди».
Шарҳ: Ушбу ривоят ҳам садақанинг фазли ҳақида. Бир киши бир дона нон берган бўлса ҳам, бу иш вазиятга қараб, катта бир эҳсоннинг ўрнига ўтиши, садақа берган киши учун муҳим бир солиҳ амал бўлиши мумкин.
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудек улуғ саҳобийнинг ўз ўлимлари олдидан бир пайтлар ўзларига битта нон садақа қилган бир кишини эсга олишлари мана шуни кўрсатади.
Шу билан бирга, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу бундан олдин ўтган ривоятдаги етмиш йил ибодатдан кейин фаҳш иш қилиб, амали ҳабата, ўзи шол бўлган ва бировдан олган нонни мискинга садақа қилиб, гуноҳи мағфират қилинган ва етмиш йиллик амалининг савоби қайтарилган кишининг қиссасига ишора қилган бўлишлари ҳам мумкин.
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ زَيْدِ بْنِ أَسْلَمٍ، عَنْ أَبِيهِ قَالَ: قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ: يَا بُنَيَّ، إِذَا أَخْطَأْتَ خَطِيئَةً فَأَعِدَّ صَدَقَةً.
Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам отасидан ривоят қилади:
«Луқмон ўғлига: «Эй ўғлим, агар хатога йўл қўйсанг, дарҳол садақа тайёрла», деди».
Шарҳ: Демак, садақа яхши ният билан, чин кўнгилдан чиқариб қилинса, банданинг қилган гуноҳлари ювилишига сабаб бўлиши мумкин экан. Шунинг учун ҳазрати Луқмон алайҳиссалом ўз ўғилларига шу нарсани насиҳат қилган эканлар. Бунга биз ҳам амал қилишимиз, бошқаларни ҳам садақага рағбатлантиришимиз лозим экан.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир марта аср намозини жамоат билан ўқий олмай қолганларида нархи икки юз минг бўлган ерларини садақа қилиб юборганлар.
Ибн Умар розияллоҳу анҳу қай бир намозни жамоат билан ўқий олмай қолсалар, ўша кечаси ухламасдан намоз ўқиб чиқар эдилар. Бир куни шом намозини кечикиб, иккита юлдуз чиққанида ўқидилар ва шу камчиликлари учун иккита қулни озод қилдилар.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 2-жуз.
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида чоп тайёрланди.